Тошкентда Жаҳон матбуот эркинлиги кунига бағишланган халқаро форум доирасида Би-би-си Ўзбек хизмати ва Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (ЎзЭОАВМА) ўртасида ҳамкорликка доир ўзаро тушуниш меморандуми имзоланди.

Меморандумдан кўзланган мақсад Ўзбекистонда медиа ҳамкорликни янада ривожлантириш, жумладан, Ўзбекистон ва дунёда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар юзасидан мунтазам ахборот (видео) алмашишдир.

Меморандумни ЎзЭОАВМА раиси Фирдавс Абдухолиқов ва Би-Би-Си Ўзбек хизмати муҳаррири Хайрулло Файз имзолашган.

Ўтган бир неча ой мобайнида Би-би-си Ўзбек хизмати журналистлари тайёрлаган лавҳалар деярли ҳар ҳафта Ўзбекистоннинг "Севимли" каналида эфирга узатилмоқда.

Меморандумни имзоларкан, ЎзЭОАВМА раиси Фирдавс Абдухолиқов чет эл оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик Ўзбекистоннинг бой тарихи, сайёҳлик салоҳияти, мамлакатда кечаётган ислоҳотларни каттароқ аудиторияга тақдим этиш йўлида муҳим қадам эканини урғулади.

Би-би-си Ўзбек хизмати муҳаррири Хайрулло Файзга кўра, бу ҳар икки томон учун бирдек манфаатли ҳамкорликдир.

"Би-би-си Ўзбекистонда ўз ҳамкорларига эга бўлишдан мамнун ва бу икки томонлама ҳамкорлик лойиҳалари Ўзбекистонни дунёга, дунёни Ўзбекистонга яқинлаштиришга хизмат қилади", – деб айтган Хайрулло Файз.

BBC ва Ўзбекистон

Би-би-си Жаҳон хизмати таркибида 41 тилда телевизион, радио ва интернет дастурларига эга тил хизматлари бор.

Ўзбек хизмати 1994 йилда радиодастурлар билан иш бошлаган бўлса, бугунга келиб вебсаҳифа, ижтимоий тармоқлар ва "YouTube"да бир неча юз минглик ҳамда 2 миллионга яқин аудиторияси бўлган кундалик телевизион янгиликлар дастурига эга.

Би-би-сининг глобал ҳафталик аудиторияси 350 миллионга яқин ва ўз-ўзидан бу рақамлар дунёга танилиш истагида бўлган Ўзбекистон учун ҳам муҳимдир.

Ўтган қарийб икки йил ичида ҳеч бир халқаро ахборот агентлиги Ўзбекистонни Би-би-си қадар кенг ва чуқур бир шаклда катта аудитория учун ёритгани йўқ.

Би-би-си Ўзбек хизмати журналистлари тайёрлаган телерадиодастурлар, мақолалар инглиз тили дохил жаҳоннинг бошқа йирик тилларига ҳам таржима қилиниб, миллионлаб мухлисларга тақдим этилди.

Marat Najibayev Marat Najibayev фотоси.
BBC O'zbek ижодий гуруҳи Бойсун тоғларида. 2018 йил, август.

Буюк Британиядаги Ўзбекистон элчихонаси билан биргаликда ўнга яқин лойиҳа амалга оширилди.

2017 ва 2018 йилларда ўндан ортиқ журналист, хусусан МТРК журналистлари BBC меҳмони бўлишди.

2018 йилда МТРК журналисти икки ҳафта давомида Би-би-си Ўзбек хизматида тажриба оширди.

2017 йилда ЎзА мухбири ҳам Ўзбек хизматида иш тажрибасини ошириб, ватанга қайтган эди.

BBC Media Action журналистлари билан ЎзЭОАВМА журналистлари бир неча тренингларни ўтказишди.

МТРК ва ЎзЭОАВМАнинг юздан ортиқ журналисти BBCнинг таниқли журналистларидан касб ва янги технологиялар сирларини ўрганишмоқда.

Қўшма лойиҳа ва режалар

BBC Ўзбек хизмати шу кунларда бобурийлар даврининг энг илғор маликалари ҳақида махсус телевизион дастурларни суратга олиш устида ишламоқда. Айни дастурларни ЎзЭОАВМА билан ҳамкорликда тайёрлаш режаланган.

Катталангар Қуръони тарихига доир "Катталангар сири" ҳужжатли фильми ҳам ЎзЭОАВМА журналистлари билан биргаликда суратга олинади. Бу лойиҳа ҳам нафақат ўзбек, балки инглиз тили дохил жаҳоннинг бошқа тилларига таржима қилинади.

Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчликпарвар ташаббуслари ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильмни шу йил август ойида суратга олиш режаланган.

Айни дамда муқаддас Рамазон ойи давомида ЎзЭОАВМАнинг "Севимли" канали билан биргаликда маърифий дастурлар Би-би-си журналистлари билан бирга тайёрланади ва ҳам Би-би-си Ўзбек телевизиони, ҳам "Севимли"да эфирга узатиб борилади.

BBC
Ўтган йили Би-би-си Ўзбек хизмати "Ўзбекистон дўстлари" дипломи ва эсдалик белгиси билан тақдирланган.

Бундан ташқари, Ўзбекистондаги илғор тадбиркор аёллар ҳақида ҳикоя қилувчи махсус телевизион лавҳаларни суратга олиш жараёни якунланди ва ҳозир у эфирга тайёрланмоқда.

Шу йил кузда Ўзбекистонда ногирон инсонлар ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи телевизион фильм суратга олинади.

Икки томонлама ҳамкорлик истиқболига оид режаларда Би-би-сининг 15 дақиқагача бўлган, Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти, маданияти ва дунёнинг илғор технологиялари, инглиз тили дарслари ҳамда маърифий мавзуларни ўз ичига олган дастури ҳам Ўзбекистондаги ҳамкор телевизион каналларга тақдим этилиши кўзда тутилган.

Айни пайтда Ўзбекистондаги қатор етакчи онлайн нашрлар билан ҳам ҳамкорликка доир келишувлар устида ишлар бошланган.