Ушбу мақолада филология фанлари доктори, профессор Бахтиёр Менглиев ўзбек тили олдида турган хавф, тилларнинг қандай яшаб қолиши, ўзбек тили олдидаги муаммолар ҳақида сўз юритади. Тилшунос она тили дарсликларини янгилаш ва она тилидан тест тизимини ислоҳ қилиш лозимлиги хусусида мулоҳазаларини ҳам айтади.

1Дунёнинг энг хавфсиз тиллари

Барча тиллар яшаб қолиш даражаси нуқтаи назаридан қуйидагича тасниф қилинади:

  • хавфсиз тиллар;
  • эҳтиётталаб тиллар;
  • хавф яқинлашаётган тиллар;
  • хавфга чалинган тиллар;
  • ўлаётган тиллар.

Ўзбек тилининг ҳам ўз ёзувига, давлат тили мақомига эгалиги, 30 млн.дан ортиқ сўзлашувчиси борлиги кишини хушнуд қилади. Бироқ, аччиқ бўлса-да, таъкидлаш керакки, унинг ахборот-коммуникация технологиялари, интернет тили даражасига кўтарилмаётгани ва, айниқса, бу борада тегишли илмий-тадқиқот муассасалари ва марказларда на назарий, на амалий, на ташкилий ишлар олиб борилаётганлиги унинг ҳам йўқолиш хавфидан буткул холи эмаслигини, рўйхатда эса эҳтиётталаб тиллар қаторида қолиб кетаётганини кўрсатади.

Бугунги кунда энг хавфсиз тиллар қаторини инглиз, хитой, испан, немис, япон, француз, араб тиллари эгаллаган. Уларнинг хавфсизлиги гаплашувчилари сони, мамлакатларининг қудрати, миллатининг тилсеварлиги ва оммавийлашганлик даражаси кабилар билан белгиланади. Бу борада етакчиликни ҳали кўп вақт инглиз тили сақлаб турса керак. Инглиз тилида сўзлашувчилар сони хитой тилига нисбатан кам бўлса-да (450 млн киши), унинг талабгорлари кун сайин ошмоқда. АҚШ ва Англия иқтисодда етакчилик қилар экан, бу тилнинг мавқеи сақланиб қолаверади. Тарихда бу ҳолат Иккинчи жаҳон уруши олдидан немис тили мисолида кўринган эди ва дунё миқёсида бу тилнинг расмий таълими урушдан кейин ҳам узоқ вақт сақланиб қолди. Бу жараён сусая бошлаши билан Германия немис тилининг дунё бўйича ўқитилишини, ўрганилишини рағбатлантиришга киришди. Зеро, кенг тарқалган тилларнинг ўлими ўз мамлакатидан ташқарида унинг таълими сусайишидан бошланади.

Хитой тили сўзлашувчилар сони бўйича жаҳонда биринчи ўринда туради, аммо уларнинг бари хитойлардир. Хитойликлар ҳам ўз тилларини дунёга таълим йўли билан ёйиш бўйича астойдил ҳаракат қилмоқда.

2Тиллар қай йўл билан яшаб қолади?

Глобаллашув асрида тилларнинг яшаб қолиши кўпроқ ахборот-коммуникация соҳасида, интернет тизимида қўлланиш даражаси билан боғлиқ. Қайси тил интернет тили эмас экан, унинг рўпарасида ўлим хавфи тураверади.

Интернет тили ҳақида сўз кетганда, ўзбек тили интернет тили эмасми деган савол туғилиши табиий. Чунки ўзбек тилида интернет саҳифаларида маълумотлар берилмоқда, ёзишмалар амалга оширилмоқда, тилимизда иш олиб борадиган сайт ва порталлар, ижтимоий тармоқлар кундан-кунга кўпаяётир. Бир қараганда ўзбек тили интернет ва ахборот-коммуникация соҳаларида чекланмаган даражада қўлланаётгандек, интернет тилига айлангандек. Аслида ҳам шундайми?

Интернет компьютер технологияларига таянади. Компьютер лингвистикасида “компьютернинг тилни таниши” деган тушунча бор. Агар компьютер тилни “танир” экан, тилнинг интернет тили эканлиги ҳақида сўз юритиш тўғри бўлади. Компьютер тилни “таниши” учун у бу тилни “билиши” зарур. Компьютернинг матндаги хатоларни тузатиши, матнни қайта ишлаши, таржима қилиши, сўзларга изоҳ бера олиши, тилни ўргатиши, матнни бир алифбодан иккинчи алифбога ўтказиб бериши, тил ифодаларини таснифлаши, тартиблаши, бирор тилда гапириши, ёзиши унинг тилни таниши асосида амалга оширилади. Сунъий интеллект маълум тилни “таниса” ўша тил асосида ишлайди.

Компьютер технологиялари соҳаси тилларнинг тараққиёти ҳамда яшаб қолиши учун ҳал қилувчи омилга айланиб бўлди. Тилнинг интернет тилига айланиши математик лингвистика, унинг давоми бўлган компьютер лингвистикасининг шаклланганлиги ва ривожланиш даражаси билан боғлиқ. Айниқса, сунъий интеллект учун табиий тилларни моделлаштириш компьютер лингвистикасининг асосий вазифаси ҳисобланади. Дунё миқёсида табиий тилларни математик моделлаштириш орқали сунъий интеллектлар яратилмоқда. Моделлаштириш бирор тилнинг технологиядаги моделини яратишдир. Математик моделлаштириш натижалари сунъий интеллектнинг фаолият дастурини яратишга асос бўлиб хизмат қилади. Ўзбек тили бу бахтдан ҳозирча “бенасиб қолмоқда”.

Тилларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун уларнинг ёзувларига, 100 мингдан ортиқ сўзлашувчиларга, давлат тили мақомига эга бўлиши ва ахборот-коммуникация, интернет тизимида қўлланиш хусусияти ҳам озлик қилади. Ўзбек тилини асраб қолиш учун зиёлилар уни ривожлантириш ҳақида қайғуришлари ва мутасаддилар эса бир ёқадан бош чиқариб ташкилий йўл билан курашишлари жуда ҳам зарур. Ижроси кечикиб бораётган бўлса-да, бу вазифаларни бажаришга енг шимариб киришсак ва уддалай олсак, она тилимиз албатта ўлмайди.

3Она тили таълими қониқарли эмас

Она тили таълимида таълим мазмуни, мақсади ва усули масаласи кун тартибига қўйилди ва ҳал этилди. Бу она тили таълимидаги янгилик бўлди. Таълим мазмуни – она тилининг табиатидан келиб чиқилган назарий билимлар силсиласидан ташкил топди. Таълим мақсади “ўқувчиларнинг оғзаки ва ёзма нутқини такомиллаштириш, фикр маҳсулини оғзаки ва ёзма шаклларда нутқ шароитига мос равишда тўғри ифодалаш малакасини шакллантириш” мазмунини олди. Таълим усули эса қайта баён қилишдан мустақил ва ижодий фикрлаш ва уни нутқ шароитига мос ифодалашга ўтди.

Муаммолар ҳам вужудга келди:

  • Биринчидан, она тили таълимида кераксиз назарий маълумотларга чуқур кириб кетилди.
  • Иккинчидан, грамматика таълими устуворлашиб, сўз таълими иккинчи ўринга тушиб қолди.
  • Учинчидан, дарсликлардаги хатолар, назарий чалкашликлар бугунги кунда ҳаммани қийнаб ташлади.
  • Тўртинчидан, ўқувчиларнинг эгаллаган кўп билимлари компетенциявий моҳиятга эга эмас.

Бугунги кунда мутахассисларимиз она тили таълими мазмуни ва воситалари бўйича ОАВ, интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларида турли хил чиқишлар қилишмоқда. Танқидий фикрлар ҳам талай. Бу борада она тили бошқа ўқув предметларидан анча “илгарилаб кетди”. Бунинг қатор сабаблари бор. Аввало, дарсликлар устидаги ишларнинг кўпинча юзаки эканлиги. Амалиётчи ўқитувчилар маслаҳатлари ҳар доим ҳам инобатга олинмаяпти. Дарслик яратишда монополия вужудга келди. Барча дарсликлар учун мутахассис амалиётчи ўқитувчидан битта муҳаррир тайинланиши, у дарсликлардаги мазмунни мувофиқлаштиришга масъул бўлиши, шунингдек, албатта меҳнати моддий рағбатлантирилиши зарур.

Она тили фани ўқувчи нутқини ривожлантириш, сўз бойлигини ошириш учун ўқитилиши керак, бироқ амалда фақат назария билан чекланиб қолаётган, қоидаларга ўралашиб, қуруқ маълумотларни зўрма-зўраки, кўпинча тушунмай, амалиётга татбиқи ҳақида ўйламай, онгсиз равишда ёдлаётган болалар эртага тилнинг комил соҳиби бўлишларига, унинг имкониятлари билан юксак даражада қуролланган шахс сифатида вояга етишига шубҳаланади киши...

4Тил дарсликларини янгилаш керак. Янги дарслик қандай бўлади?

Ўқувчини сўз салтанатига олиб кириш учун тил ва адабиёт фанлари яхлитлиги масаласини мутлақо қайта кўриб чиқиш лозим. Маълумки, 8-синф адабиёт дарсларида асосан мумтоз адибларимиз ижоди ўрганилади. Демак, шунга мувофиқ равишда, бу синфда она тили дарслари “Она тили. Мумтоз сўз” дея номланиб, ўқувчилар мумтоз матнлар мазмунини ўрганишлари, таҳлил қилишлари, сўзларнинг зоҳирий, ботиний, рамзий маъноларини ўрганишлари, луғатлар билан ишлашлари, маъно “мағиз”ларини чақишлари зарур. Бу қуйидаги жиҳатлари билан эътиборга молик бўлади:

биринчидан, ўқувчилар мумтоз адабиётга онгли равишда ошно бўладилар;

иккинчидан, уларнинг сўз захираси, демакки, нутқи муттасил бойиб боради;

учинчидан, ўқувчиларнинг саводхонлиги автоматик равишда ошиб боради;

тўртинчидан, мумтоз сўзлар маъносидаги маърифат, маънавият, қадриятларимиз авлодлар онгига сингиб боради;

бешинчидан, ўқувчиларимизда мантиқий, образли, ассоциатив фикрлаш, тафаккур юксалиб боради.

Айтилганидек, 5-синфдан бошлаб ҳар бир синфда тўғри, равон ва бой нутқнинг асосий воситаси бўлган сўзнинг турли қирраларига алоҳида эътибор қаратилади. Масалан, “Она тили. Сўз мулкига саёҳат” (5-синф), “Она тили. Сўз сеҳри” (6-синф), “Она тили. Фасоҳат” (7-синф), “Она тили. Маданий нутқ” (9-синф) каби.

Она тилидан тестлар мураккаблик даражасига кўра фарқланиши керак, албатта. Тестология назариясига кўра тест топшириқлари мураккаблик даражаси бўйича 4 га бўлинади: 1) осон; 2) ўртача қийин; 3) қийин; 4) энг қийин.

Она тилидан тўрт мураккаблик даражасидаги тестлар назарий ва методик асосларининг яратилмаганлиги, тест топшириқлари тузишда таълимга компетенциявий ёндашув тамойилларига эътибор қилинмаслиги, таълим мақсади ва таълим олувчиларнинг малакасини баҳолаш мезонларининг инобатга олинмаслиги тест топшириқлари таълим олувчиларнинг ҳаётий эҳтиёж ва заруратидан, кундалик ҳаётидан қанчалар узилиб қолганини кўрсатади. Тест топшириқлари она тили таълими мақсади, битирувчиларнинг билим, кўникма ва малакаларини баҳолашнинг давлат таълим стандартида белгиланган мезонлар асосида бўлиши лозим.

5Она тилидан давлат имтиҳони ислоҳга муҳтож

Она тили ва адабиёт фани нуфузини ошириш учун олий ўқув юртларига киришда иншо ёзишни қайта жорий этиш зарур. Абитуриентнинг саводхонлиги, она тили қоидаларини қай даражада ўргангани ёзган иншосида яққол билинади. Бизнингча, бу ўзини оқлайдиган тажрибалардан.

Иншо жуда ҳам зарур. Аммо уни олишни тўғри ташкил этиш керак. Тўғри ташкил этилмаса, коррупцияга кенг ва равон йўл очиб берилади. Назаримда кириш синовларини адолатли ташкил этиш учун энг қулай йўл – биринчи босқичда тест ўтказилиши, иккинчи босқичда иншо олиниши ва уни ҳам олий ўқув юртларини аралаштирмасдан павильонларда ташкил этиш. Бунда:

  • биринчи босқичда олий ўқув юртига кириш учун ҳужжат топширган барча абитуриентлар анъанавий тарзда тест синовидан ўтадилар;
  • иккинчи босқич – иншо имтиҳонини эса биринчи босқич натижалари маълум бўлгандан кейин юқори балл олганлар топширади.

Бунинг бир неча афзал томонлари бор:

биринчидан, тестдан сўнг иккинчи босқич ҳам бўлишини билган абитуриент ҳар қандай алдовга учмайди, чунки адолатга халақит қилувчи фирибгарлар иккинчи босқич учун кафолат бермайди;

иккинчидан, бундай шароит имтиҳоннинг кейинги босқичига фақат иқтидорли абитуриентларгина ўтишини таъминлайди, натижада иккинчи босқичда тўла маънодаги соғлом рақобат вужудга келади;

учинчидан, иккинчи босқичда абитуриентлар сони кам бўлгани сабабли жараённи назорат қилиш жуда осон кечади. Яъни бир ўқув юрти абитуриентларининг барчасини биттагина бинода қамраб олиш мумкин бўлади.