Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) Интизом ва одоб-ахлоқ қўмитаси «Иттифоқ-Бухоро» жамоаси бош мураббийи Шерзод Сатторовни бир умрга футболдан четлаштирган. Четлатиш сабаби сифатида унинг келишилган ўйинлар ва тотализаторда қатнашгани айтилган.

Унга шерик сифатида кўрилган «Зарангари» футбол клуби раҳбари Фурқат Тоиров эса 1 йилга футболдан четлатилган ва 20 миллион сўм жаримага тортилган. Агар кейинги текширувларда унинг ҳам келишилган ўйинларга алоқадорлиги аниқланса, жазо ўзгартирилади.

Бухоро вилоятидаги мактаблардан бирида жисмоний тарбия фанидан дарс ҳам берадиган Шерзод Сатторов ЎФА ва ЎзПФЛнинг айрим ходимларини ҳақорат қилган, уларга жиддий туҳматлар ёғдирган (аудиоёзувлари бор).

Аслида нима бўлган?

  • «Зарангари» футбол клуби раҳбари Фурқат Тоировнинг Ўзбекистон профессионал футбол лигасига тақдим этган хати асосида ЎФА махсус инспекцияси суриштирув ўтказган.
  • Хатда «Зарангари» клубининг беш футболчиси келишилган ўйинларда қатнашгани гумон қилинаётгани айтилган. Кейинроқ клуб раҳбариятининг ўзи ғирромга йўл очиб бергани ва бу ишга унамаган футболчиларни туҳмат орқали жамоадан четлаштирмоқчи бўлгани аниқланган.
  • Фурқат Тоиров «Зарангари»да молиявий муаммолар борлигини рўкач қилиб, футболчиларга жамоанинг барча ишларига Шерзод Сатторов жавобгар бўлишини айтган (Шерзод Сатторов «Иттифоқ-Бухоро» клуби бош мураббийи сифатида рўйхатдан ўтган).
  • «Зарангари» футболчилари Фурқат Тоировдан ҳозирги кунгача бўлган молиявий ҳисоботни талаб қилишганда қинғир ишларнинг миси чиқиб қолган.
  • Шерзод Сатторов ойликдан ташқари пул ишлаш ниятида бўлган футболчиларни тотализаторда қатнашишга ундаган.

Ўзбек футболидаги афвлар

Ўзбек футболида четлатиш ҳолатлари биринчи марта кузатилаётгани йўқ, ҳатто четлатилганлар қайтиб ҳам келган.

Масалан, 2017 йил 16 декабрда «ЎФФ ва ЎзПФЛ ҳамда уларнинг расмийлари шаънига нисбатан нотўғри фикрлар билдирган» Вадим Абрамов номаълум муддатга футболдан четлатилган эди. 2018 йил 25 июнда, яъни 7 ойдан кейин Абрамовга профессионал фаолиятини давом эттириш учун рухсат берилган.

2018 йилда ЎФА биринчи вице-президенти бўлиб ишлаган Умид Аҳмаджонов ёшини кичрайтирган бир гуруҳ футболчиларни аввал футболдан четлатиб, кейин ҳайит арафасида афв этган.

Четлатилиб қайтганлар орасида энг шов-шувлиси Самвел Бабаян билан боғлиқ. «Пахтакор» клубида футболчиларнинг шартномаси билан боғлиқ ҳужжатларга ноқонуний ўзгартиришлар киритган Бабаян 2018 йил 15 январда футболга алоқадор ҳар қандай фаолият билан шуғулланишдан умрбод четлаштирилганди. У 2019 йил 26 февралда (қарийб бир йил ўтиб) Тошкентнинг «Локомотив» клуби президентининг маслаҳатчиси этиб тайинланган.

ЎФФ 2018 йил 25 январда ЎФАга (Ўзбекистон футбол ассоциациясига) айлантирилган эди. Самвел Бабаян умрбод футболдан четлатилиши ҳақидаги қарор чиққанидан 10 кун ўтиб, яъни 2018 йил 1 февралда ЎФА ижроия қўмитаси Бабаяннинг дисквалификациясини олиб ташлаган.

Демак, ЎФФ аввалига омманинг эътирозига сабаб бўлган шахсни футболдан умрбод четлатиш ҳақида қарор чиқарган. Сўнг 10 кун ўтиб, омма эътиборини ўзига қаратган ва ЎФА бўлиб олган. 5 кундан кейин эса ЎФФ чиқарган қарорни ЎФА ими-жимида бекор қилган.