2019/2020-ўқув йилида Ўзбекистон олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда бир қанча янгиликлар киритилди.

17 июнда президент имзолаган қарорга кўра, 2019/2020-ўқув йилида ОТМларга давлат буюртмаси асосида:

а) бакалавриатга:

  • кундузги таълим шаклига – 80 430 нафар;
  • сиртқи таълим шаклига – 19 985 нафар;
  • кечки таълим шаклига – 1 985 нафар;

б) магистратурага – 7 695 нафар одам ўқишга қабул қилинади.

Ҳарбий абитуриентларнинг баҳсталаб имтиёзлари алоҳида квота билан алмашди (ҳарбийларни қабул қиладиган университетлар рўйхати)

"Ҳарбийлар"га республика ОТМларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилишда алоҳида қабул квоталари ажратилиши бу йилдан бошланди. Авваллари "ҳарбийлар" умумий қабул квотаси доирасида ўқишга қабул қилинар эди. Бу ҳарбий хизматни ўташ учун кўпроқ фуқароларни жалб қилиш мақсадида жорий этилган чора эди. Лекин бора-бора бу имтиёзлар бошқа фуқаролар, айниқса аёл-қизлар ҳуқуқига дахл қилаётгани аён бўлди ва жамоатчилик эътирозига сабаб бўлаётган эди.

Ногиронларга алоҳида квота берилади

Ногиронларга қўшимча икки фоизли давлат гранти ажратилди. Уларга кундузги, сиртқи ёки кечки таълим шаклларидан бирида таълим олиш ҳуқуқи берилади.

Стипендияли ёки стипендиясиз "контракт" тўлашни танлаш мумкин

Тўлов-контракт асосида таълим олаётган барча талабаларга ўз хоҳишларига кўра контракт тўловини стипендияли ёки стипендиясиз шаклда тўлаш ҳуқуқи берилади.

Беш йил ишлаб қўйган ходимлар ташкилотларнинг тавсияномалари асосида тест синовларисиз талабаликка қабул қилинади

Бу амалиёт СССРда ҳам бор эди. Вазирлик, идора ва йирик хўжалик бирлашмаларининг (иш берувчилар) эҳтиёжларидан келиб чиқиб ОТМ ушбу ташкилотлар ходимларини контракт асосида (фақатгина!) сиртқи ва кечки таълим шаклида ўқитиши мумкин.

Ўқишга камида беш йил иш стажига эга бўлган ходимлар кейинчалик ушбу тизимда беш йил ишлаб бериш шарти билан иш берувчиларнинг тавсияси асосида суҳбат натижаларига кўра қабул қилинади. Ўқиш ходимларнинг ҳисобидан бўлади.

Магистратурада фақат турдош йўналиш эмас, истаган йўналишда ўқиш мумкин

Энди магистратурага фақат бакалаврда ҳам шу турдош йўналишда ўқиганлар қабул қилинмайди. Магистратурага ҳужжат топширишга оид чекловлар бекор қилинди. Масалан, филолог бакалаврлар ахборот технологиялари бўйича магистратурага топшириши мумкин бўлди. Алоҳида мутахассисликлар ва уларга мувофиқ бакалавриат таълим йўналишлари рўйхати Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан белгиланади.

Ректорларга тўлов-контракт миқдорини белгилаш ҳуқуқи берилди

  • Олий таълим муассасалари ректорларига чет эл фуқароларини тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматини белгилаш ҳуқуқи берилди.
  • Ректорлар табақалаштирилган контракт қийматининг давлат комиссияси томонидан белгиланган минимал бараваридан кам бўлмаган миқдорда мустақил белгилайди. Бунда ОТМнинг салоҳияти ва ҳудудий жойлашуви, шунингдек, абитуриентларнинг олий таълимга бўлган эҳтиёжлари ҳисобга олинади.
  • Табақалаштирилган контракт бўйича қабул абитуриентларнинг тўплаган баллари қатъий кетма-кетлигига риоя этган ҳолда амалга оширилади.