Ота-оналар энди фарзандининг ўқишини, баҳоларини ва ўзлаштиришини онлайн кузатиб бориши мумкин. 29 май куни Халқ таълими вазирлиги ва "Kundalik" компанияси Тошкент мактабларида электрон журнал ва кундаликларни синовдан ўтказган.

Апрел-май ойларида Kundalik рақамли таълим платформаси пойтахтдаги 53 та умумтаълим мактабида синаб кўрилган эди. Лойиҳанинг биринчи босқичида қатнашган мактаблар синф журналларини бир вақтнинг ўзида қоғоз ва Kundalik тизимида электрон шаклда юритишган.

Фото: Minbar

Kundalik тизими нимаси билан қулай?

  • Kundalik тизими онлайн режимда дарс жадваллари, ўқитувчилар дарс режалари, ўқувчиларнинг дарсдаги иштироки ҳамда ўзлаштиришини электрон журнал ва кундаликларга киритиб бориш имконини беради;
  • таълим муассасасининг статистик ҳисоботларини ишлаб чиқишни таъминлайди;
  • тизим орқали ўқувчилар ва ота-оналар уй вазифалари ҳамда баҳолар ҳақида исталган вақтда маълумот олиши мумкин;
  • бу маълумотлар ҳимояланган ижтимоий тармоқлар орқали тақдим этилади.
Фото: Minbar

Халқ таълими вазирлиги ахборот хизматининг айтишича, 1 сентябргача Тошкент шаҳридаги барча мактабларда электрон журнал ва кундаликлар жорий этилади.

Онлайн тизим ўқитувчиларга ҳам фойдалидир. "Kundalik" компанияси тизимни соҳага жорий этишда ўқитувчилар ва мактаб раҳбарларига ҳам ёрдам беради. Улар журналларни онлайн юритиши, ўқувчиларга баҳо қўйиши мумкин.

Энг муҳими, касаллиги ёки бошқа узрли сабаб билан дарс қолдирган ўқувчи шу платформа орқали масофадан таълим олиш имконига эга.

Халқ таълими вазирлиги ва "Kundalik" компанияси мактабларда электрон журнал ва кундаликларни юритиш лойиҳасини йўлга қўйиш бўйича 2018 йилнинг октябр ойида келишиб олганди. Компания лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш, қўллаб-қувватлаш ва тизимни ривожлантириш харажатларини ўз зиммасига олган.