Гарчи қишлоқда ўтган болалиги, ТошДУ журналистика факултетидаги таҳсили, Совет армияси сафидаги хизматларида ўхшашлик бўлса-да ўтган асрнинг саксонинчи йилларида адабиёт майдонига кириб келган ўзбек шоирларининг тақдири турлича кечди... Бугун Хуршид Даврон – Ўзбекистон халқ шоири, тарихчи, кўп мамлакатларда чоп этилган йигирмадан зиёд китоб муаллифи, драматург, Туркия, Озарбайжон, Латвия, Япония ва Россия шоирлари асарларининг таржимони ва ниҳоят янги ўзбек адабиёти билимдони. «Fergana News» мухбири Санжар Янишевга шоир китобга муҳаббат уни қандай қилиб тарих қаърига тортиб кетгани, ўз илдизларини излаш қадимги мутафаккир сўфийлар ҳақида ёзишга туртки бергани; энг машҳур рус романининг ўзбекча талқини, Марказий Осиё ва Лотин Америкасининг яширин ришталари ҳақида гурунг берди.

– Хуршид ака, сиз ўз темпераментингизни қандай таърифлаган бўлардингиз?

– Юнон-рим гуморал назариясига кўра мен сангвиникман, яъни қайноққонман. Аниқроқ айтганда мени юрагим бошқаради. Шарқона тушунчага кўра кишининг мизожи, яъни темпераменти у туғилган жойникига ўхшар экан. Менинг мисолимда айтсак – кескин континентал. Худо менинг Туркистонимни барча йил фасллари билан сийлаган. Айнан шу боис, шу замин фарзанди бўлганим учун баъзан қиш каби совуқ ва андишали ёки ёздай оташин, куз сингари ўйчан, ёлғизликни севувчи ва ниҳоят баҳордай ўзгарувчан, гоҳо ҳаддан зиёд таъсирчан ва хаёлпарастдирман.

Менинг темпераментимни яна нима белгилайди? Томиримда оқаётган минг йиллик турк-найман қони. Бу эркинликни яхши кўрадиган, бўйсунишга тоқатсиз қондир.

Менинг учун энг асосийси «мен кимман?» эмас, «нима учун яшаяпман?» деган саволдир. Биринчиси бўйича ҳаммаси аниқ, унга аллақачон жавоб топганман, иккинчисига эса ҳар куни жавоб излайман. Негаки, қадимги рим адиби Апулей «Метаморфоза» асарида ёзганидек, «инсон қаерда туғилганига эмас, унинг хулқи қандайлигига; қаерда эмас, қандай принциплар билан яшамоқчи эканига қараш керак».

– Қандай фазилатларингиз билан фахрланасиз, қандай қусурлардан қутулишни хоҳлайсиз?

– Ўзим мамнун бўлган биринчи жиҳат – ҳаммага яхшилик соғинишимдир. Бу хислат ота-онамдан, кўпроқ отамдан ўтган бўлса керак. Яхши одаммисиз, ёмонмисиз, буни энг тез болалар илғайди. Ёшлигимизда жўраларимнинг болалари мени ўз тенгдошларидай кўришарди. Шу сабабдан бўлса керак, ўша йиллар шоир дўстларим болажонлигимга яраша бир лақаб билан ҳам “тақдирлашган” эди. (кулади).

Иккинчи хислат – мутолаага муҳаббат. Жаҳон тарихи, япон шеърияти, Лотин Америкаси насри... «Қақнус» деган бешинчи китобим чиққанда бир танқидчи «Қақнуснинг қоғоз қанотлари» номли мақоласида мени ҳозирги ҳаётни билмасликда айблаган эди, унинг ёзишича, менинг деярли барча шеърларим ўтмиш ва китобга боғлиқ эмиш. Тўғри, кейинроқ мақтовли тақризлар ҳам эълон қилинди...

Қутулишим керак бўлган қусурларимга келсак, улар жуда кўп. Лекин ўзбеклар айтганидай «тарки одат – амри маҳол». Эсингиздами, Марк Твен «Чекишни ташлаш жуда осон, мен юз марта ташлаганман!» деб мутойиба қилган эди. Мен эса ҳозир, шу ёшимда бунга вақт кеткизмоқчи эмасман.

– Худди ўша Марк Твен «Инсоннинг ёмон одатлари бўлмайди, аммо ундан ҳам ёмон ишлари бўлади» деб ёзган эди.

– Донишманд оқсоқоллар айтганидек «Беайб Парвардигор!».

– Қизиқ, кўплаб ўзбек шоир ва ёзувчилари лотинамерикаликларни яхши кўришларини айтишган. Марказий Осиё ва Лотин Америкаси ўртасида қандайдир сирли ришталар борга ўхшайди. Анъаналари, мифологияси ҳар хил, бироқ дунёни англаши ўхшаш, шундай эмасми?

– Сиз ҳақсиз. Ўртамизда чексиз океан борлигига қарамай улар ёзган асарларни ўқий бошласангиз қадрдон мавзулар қаламга олинганини, ҳаёт ва ўлим бир хил идрок қилинганини кўрасиз. Майя цивилизациясининг ёзма ёдгорликларидаги айрим сўзларнинг томири қадимги турк тилига бориб тақалишини ҳисобга олсак (ёшлигимизда биз буни билмаганмиз), диёрларимиз ўртасида маънавий ришталар ҳам борлигига амин бўламиз. Масалан, ўша ёдгорликларда “Кун” қуёш, қўл.

Сизга бир воқеани айтиб бераман, менимча унинг саволингизга алоқаси бор.

Мен анча йиллар «Ёш гвардия» нашриётида ишлаганман. Нашриётнинг босмахонадаги вакили – чопар сифатида иш бошлаб, 1985 йили бўлим мудири бўлганман. Имконият пайдо бўлганидан фойдаланиб нашриётнинг тематик режаси тузилаётганда биринчи галда унга ўзим севган асарлар: Антуан де Сент-Экзюперининг «Кичкина шаҳзода» ва «Тунги парвоз» қиссаларини, Михаил Булгаковнинг «Уста ва Маргарита» романини киритдим. Экзюпери қиссаларини таржима қилиш учун Хайриддин Султонов ва Аҳмад Аъзамга бердим. Булгаков романини таржима қилишни таниқли таржимон Қодир Мирмуҳаммедовдан илтимос қилдим. Француз классиги билан муаммо бўлмади, Булгаков билан эса муаммо бошланди...

Ўша йиллари республика нашриётларининг барча тематик режалари Москвада СССР Давлат матбуот қўмитаси томонидан тасдиқланар эди. Ўзбек ёшлар нашриёти Булгаковнинг романини режага киритганидан хабар топган матбуотқўм раҳбарлари хавотирга тушиб қолди. Қўмита раисининг биринчи ўринбосари Марат Шишигин Тошкентга учиб келди. Мени ва «Ёш гвардия» директорини «пўстагимизни қоқиш учун» чақиришди. Шишигин ўзбек ўқувчилари Булгаковни тушунмайди, христиан мифологиясига асослангани боис «Уста ва Маргарита» романини англаш жуда қийин дея гап бошлади. Шундан сўнг ўзимизнинг маҳаллий раҳбарлар – ЎзССР Давлат матбуот қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Рубен Сафаровдан тортиб нашриётимиз директоригача менга ўқрайиб москвалик амалдорнинг гапларини тўтиқушдай такрорлай бошлашди.

Бироқ бу вақтга келиб горбачёвча қайта қуриш даври бошланган, биз, янги авлод вакиллари, партия номенклатураси билан қандай тортишиш кераклигини аллақачон ўрганиб олган эдик. Мен «Ўрис ўқувчиси “Уста ва Маргарита”ни тушунмаслиги мумкин, лекин ўзбек ўқувчисининг ҳаётий ва бадиий идроки мифологияга асосланган» дедим. Роман аллақачон таржима қилинганини, таниқли адиб Темир Пўлатов унга сўзбоши ёзганини айтдим...

Менинг барча далилу исботларим уларнинг қулоғига кирмади албатта. Бироқ очиқчасига тақиқлашга улар энди қўрқишарди, уларнинг ўйлашича романни нашр этишдан менинг ўзим бош тортишим керак эди. Охир-оқибатда янги замон, янгича тафаккур, тақиққа рози бўлмаган ва ўз идеалларини ҳимоя қилган янги инсоннинг шарофати билан таржима нашр этиладиган бўлди.

– Ота-онангиз ким бўлишган?

– Отам Даврон Ҳасанов туркийларнинг найман уруғидан эди. Қишлоғимиздаги илк мактабни у қурган, педагогик маълумоти бўлмаса ҳам унга директорлик қилган – 1930-йилларнинг бошларида бундай ҳолатлар кўп учрар эди. Отамнинг қўлига игна билан «УКП» деб ёзилган эди, бу “Узбекский кавалерийский полк” («Ўзбек отлиқ полки») дегани экан. Отам нимагадир ўзининг ҳарбий ҳаёти ҳақида гапиришни ёқтирмасди. Фақат унинг машҳур ўзбек саркардаси Миркомил Миршаропов қўмондон бўлган полкда хизмат қилганини биламан. Совет даврида Самарқандда унга ёдгорлик ўрнатишган, аммо кейинчалик негадир олиб ташлашган (Миршаропов бошчилигидаги ЎОП 1931 – 1932-йиллари Самарқанд атрофларида босмачиларга қарши курашган – «Фарғона» изоҳи). Мен Германиядаги совет қўшинлари сафида ҳарбий хизматни ўтаётганимда отам вафот этган. Шунинг учун уни сўнгги йўлга кузата олмаганимдан ҳалигача армон қиламан.

Шоирнинг ота-онаси. 1937 йил.

Онамнинг исми: Фузалло Вафохўжаева. Унинг каттаотаси Ҳикмат махдум Жунайдуллаев Самарқанд уезди Ангор волости бошқарувчиси бўлган. Яъни у ўрис пошшоси хизматида бўлган. Бироқ маҳаллий охранка (махфий полиция ташкилоти)нинг волост бошқарувчиси халқ қўзғолони раҳбари Намоз Пиримқуловга яширинча ёрдам бераётгани ҳақидаги маълумотномаси сақланиб қолган.

Ҳикмат махдумнинг ўғли, яъни онамнинг отаси ва менинг каттаотам – Вафохўжа махдум Санкт-Петербургда ўқиган. Самарқанд Ўзбекистон ССРнинг пойтахти бўлганда бобом 1926 йили тузилган «Қизил қалам» ижодий бирлашмасининг котиби бўлган. Бирлашмага Шокир Сулайман раҳбарлик қилган, гуруҳ ишида Отажон Ҳошим, Боту, Зиё Саид, Сотти Ҳусайн, Анқабой, Олтой каби адабиётчилар, Ҳамид Олимжон, Миртемир, Ойдин сингари ўша пайтдаги университет талабалари иштирок этишган.

Бир куни менинг бобом билан Самарқанд университетининг талабаси, бўлғуси машҳур шоир Миртемирга ижтимоий топшириқ беришади: Ўзбекистон МИҚ президиумининг биринчи раиси Йўлдош Охунбобоевга янги, кирилл алифбосини ўргатишни топширишади. Эски мактабда ўқиган Охунбобоев фақат арабча ёзувда ўқиб-ёзишни билар экан.

Қатағон бошланганда Вафохўжа махдумни «Қизил қалам» гуруҳи аъзоси сифатида миллий ҳаракатда иштирок этганликда айблаб қамоққа олишади. Турмада у оғир касалликка чалингач уйига жавоб беришади. Озодликда у бир неча ойгина яшайди...

Германияда ҳарбий хизматда. 1972 йил.

Оилада биз тўрт ака-ука ва икки опа-сингил эдик. Тўнғич Ҳамза акам 80 ёшдан ошдилар, 70 ёшга етган Шуҳрат акам бир умр Самарқандда меъморлик фаолияти билан шуғулланган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган меъмор унвони билан тақдирланган. Бутун умр физика ўқитувчиси бўлиб ишлаган Ойсара опам икки йил бурун вафот этди. Синглим Гулбаҳор ҳозиргача коллежда дарс беради.

– Неча ёшингиздан ўз шажарангиз билан қизиқа бошлагансиз? Нима туртки бўлган?

– Ота-боболарим ҳақида мен онамнинг ҳикоялари орқали биламан. Унинг хотираси кучли эди. Болалигимдаёқ мен етти ота-бобомнинг номини билар эдим, лекин ўшанда онам тез-тез такрорлайдиган «Биз – Махдуми Аъзамнинг авлодимиз» деган сўзларнинг маъносини тўлиқ англамаганман. У пайтлари онамнинг айтганлари бизга эртакдай туюларди.

Махдуми Аъзам улуғ сўфий шайх бўлганини кейинроқ, шундай нарсалар ҳақида ўқиш ва ёзиш мумкин бўлган горбачёвча қайта қуриш даврида билганман.

Ўша йиллари мен сўфизм ҳақида насрий триптих (учлик) ёзишни ўйладим. Унинг биринчи қисми сўфизм ва Ўртаосиёдаги ҳакимия, кубровия, хожагон-нақшбандия, яссавия каби тариқатларнинг пайдо бўлиш тарихига бағишланди. Қиссани «Шаҳидлар шоҳи ёки Нажмиддин Кубро тушлари» деб номладим. Бу қисса Тошкентда икки марта нашр этилди. Сўфизм фалсафасининг моҳияти, сўфизмдаги етти мақом ҳақидаги иккинчи қисмни энди ёза бошлагандим. Бу қисса «Шайх Фаридуддин Атторнинг етти хотираси» деб аталади. Учинчи қисм буюк сўфийлар ҳаётига бағишланиши керак эди. Хомаки номи – «Жалолиддин Румийнинг охирги куни». Қисса ёзилмай қолиб кетди...

Айтиш керакки, Совет иттифоқи тарқаб кетгач адабиётда инқироз бошланди. Кунлардан бир куни мени нашриётдаги ишимдан бўшатишди: ноширликка алоқадор бир юқори мартабали амалдорнинг қинғир ишларида қатнашишни хоҳламадим.

Бўшашимдан олдин, 1989 йили, бир куни ишхонамга Хўжанддан бир киши мени излаб келди. Хўжанд у пайтлари Ленинобод деб аталарди. У одам ўзини Илёсхон Ғозий деб таништирди. У столга қалин папкани қўйиб: «Мен Махдуми Аъзам ҳақида китоб ёзиб сизга олиб келдим, унинг нашр этилишини хоҳлайман», – деди. Махдуми Аъзам номини эшитишим билан онамнинг ҳикояларини эсладим. Лекин у «Мен тожик мактабида ўқиганман, аммо бу тазкирани ўзбек тилида ёздим. Шунинг учун қўлёзмамни бирон-бир ўзбек олими ё ёзувчиси ўқиб чиқишини хоҳладим. Шу десангиз, бир куни тушимда бир мўйсафидни кўрдим; у менга Тошкентга бориб сизни излаб топишимни буюрди» дегач ҳайратим янада ошди.

– Ақл бовар қилмайдиган воқеа! Сўфийларнинг кароматларига ўхшайди... Ўша қўлёзма китоб бўлиб чиқдими?

– Мени ишдан бўшатишгач Илёсхоннинг қўлёзмасини хусусий нашриётлардан бирига олиб бордим. Бироқ унинг раҳбари кутилмаганда китобнинг «ҳаммуаллифи» бўлгиси келиб қолди; охир-оқибат Илёсхон асарини олиб кетиб қолди. Мендан ҳам ранжиди. Қўлёзмасининг кейинги тақдири ҳақида ҳеч нима билмайман (ушбу суҳбат эълон қилингач Илёсхон Ғозийнинг рисоласи ўша мен топширган нашриётда 1994 йилда эълон қилинганидан хабар топдим. Мана манба: Илёсхон Ғозий. Нақшбандий тариқатининг буюк сиймоси – Маҳдуми Аъзам. (Ғайиблар хийлидан ёнган чироқлар. Муаллиф-тузувчи З. Жўраев). Тошкент,. Ўзбекистон.1994, 269 бет).

Ишдан бўшаганимдан сўнг уйда ўтирдим. Оиламни боқиш учун ҳеч нарсам йўқ эди. Пул топиш учун кутубхонамдаги ноёб китобларимни сотмоқчи бўлдим. Аммо бу иш ҳам қўлимдан келмади, сотишга ёрдам бермоқчи бўлган бир китобфурушга ишонувдим, бироқ у китобларимни олгач дом-дараксиз йўқолди.

Кейинроқ мен Самарқандда Махдуми Аъзамнинг авлодларидан бўлган яна бир киши – олим Комилхон Каттаев билан танишдим. Комилхон нафақат имом Даҳбедий(Махдуми Аъзам)нинг биографияси, балки барча китобларининг ҳам ҳақиқий билимдони экан.

– Сиз Имоми Аъзам билан қондошлик масъулиятини ҳис қиласизми?

– Албатта. Лекин ўзимни буюк сўфийнинг маънавий меросининг билимдони деб ҳисобламайман. Ворислик риштаси аллақачон узилган. Назарий билимлар қолган, сирли ёхуд тилсимли китоблар қолган, аммо уларни ҳеч ким англаш даражасида ўқий олмайди. Сўфизмнинг ҳозирги издошларининг ҳамма йиғинлари – адабий йиғинга ўхшаш сохта илмий давралар холос.

– «Махдум» тахаллусининг маъноси – муаллим, раҳбар дегани. Шайх Махдуми Аъзам – шоҳ ва шоир Бобурнинг, шайбоний султонлар, хусусан Убайдий тахаллуси билан етук ва жуда туркона руҳдаги шеърлар ёзган Убайдуллохоннинг маънавий устози. Сизнинг ҳам шундай устозингиз бўлганми?

– Юзма-юз кўришмаган (дейлик шогирдидан анча йиллар олдин яшаб ўтган) устозни бизда «увайсий устоз» дейишади. Буюк шоир Ойбек мен учун шундай увайсий устоздир. Мен баъзан ўйлаб қоламан: у озод мамлакатда туғилганида эди, эркин жамиятда яшаганида эди, хоҳлаганидай ёза олганида эди – дунёга машҳур шоир бўлар эди. Унинг ёшлигида ёзган шеърларида мен кейинчалик Гарсиа Лорка, Рилке ижодида намоён бўлган мотив ва анъаналарни кўраман... Ойбек Гийом Аполлинерни билмаган, ўқимаган ҳам, лекин унинг дастлабки шеърларида ушбу буюк француз шоирининг шеърлари билан жуда кўп ўхшашликларни топганман. Ўттиз йиллар аввал бу ҳақда мақола ёзиб, иккита мисол келтирганман. Ойбек шундай ёзади:

Олтин қуёш нуридан,

Япроқлар суруридан

Тўқилган хотиралар

Кетмас мангу мен билан...

Бу сатрлар ёдимга Гарсиа Лорканинг ушбу мисраларини туширади:

Тераклар ҳам ғойиб бўлар,

кўлда қолар ойдин излар.

Тераклар ҳам ғойиб бўлар,

аммо шамол қолар бизга.

(Испанчадан Шавкат Раҳмон таржимаси).

Ойбекнинг уй-музейида.

Мен бу ерда туйғунинг яқинлигини назарда тутаяпман. Гарчи фикрлар гўё бир-биридан анча узоқда бўлиб кўринса-да, уларда яширин оғриқ – туйғу ҳамоҳанг.

Ёки Ойбекнинг «Кеч кузда» шеъри:

Ҳаво булут... шамоллар яна йиғлайди секин,

Бўш далалар кўксида алам мудраб ётади.

Эшагига юк ортиб, бир бола олдин-кетин

Уфқлар-ла ўпишган йўлда кетиб боради.

Ушбу сатрларни ўқиб мен дарҳол ХХ аср бошида француз шеъриятининг янги оқимига асос солган улуғ шоир Аполлинернинг «Куз» шеърини эсладим:

Туман оралаб борар, балчиққа ботиб борар,

Оёғи қийшиқ деҳқон ҳўкизини етаклаб.

Қишлоқлар харобаси туманларга кўмилган.

Деҳқон ғамгин қўшиқни секингина минғирлар.

Содиқ севги ҳақида ғамгин қўшиқни куйлар,

Куйлар ҳижрон, маъюс қалб ва хиёнат ҳақида...

Ойбекнинг ростакам буюк шеърлари жуда кам. Чунки қатағоннинг совуқ нафаси юзга урилиб турган шароитда кўпчилик қатори ундаям қўрқув (масалан, миллатчилик ёки майда буржуазияга хос фикрлашда айбланиш қўрқуви) пайдо бўлади, фарзандлари ҳақи ўз жонини сақлашга интилиш инстинкти ишга тушади. Натижада нуқул «ижтимоий фойдали» матнлар пайдо бўлади. Бироқ жаҳон шеъриятининг дурдоналари бўлган шеърлари оз бўлса-да, айни мана шу бир ҳовуч шеър Ойбекнинг асл истеъдоди нечоғли теран бўлганини кўрсатиб туради.

– Тарихни яхши кўришингизнинг сабаби нима?

– Қисқача айтсам – Самарқандга меҳрим туфайли тарихни яхши кўраман. Бир шеъримда «Ватан ҳам одамдек олади нафас, Ватан ҳам ёнингда қадам ташлайди» деб ёзганман. Қаерда бўлсам ҳам, ҳамиша Самарқанд мен билан. Ҳар он унинг нафасини ҳис қиламан. Самарқандда бутун Туркистоннинг, унинг тамаддуний доирасида, таъсирида яшаган барча халқларнинг тарихи мужассам. Шаҳарда Тошканди, Қўқони, Андижони номли даҳалар, теварагида Бухороқишлоқ, Туркманқишлоқ, Урганжи, Ҳазора, Найманқишлоқ, Арабхона каби қишлоқлар номларини учратиш мумкин...

Исломда учта асосий илмий йўналиш бор: илми калом – Қуръон илми, илми ҳадис – пайғамбарнинг ҳикматли гаплари ҳақидаги илм, илми фиқҳ – ислом қонун-қоидалари ҳақидаги илм. Мазкур йўналишларнинг уч буюк вакили, олимлар Мотуридий, Бухорий ва Марғилоний муқаддас Самарқанд тупроғига дафн этилган. Бобур ўзининг беназир «Бобурнома» китобида шу ҳақда ёзган. Айтгандай, тарихга муҳаббатимнинг яна бир манбаси шу – «Бобурнома». Мен Бобур ҳақида, ушбу буюк шоирнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида «Самарқанд хаёли» деган қисса, «Соғинч ёхуд Бобуршоҳ» деган пьеса, кўплаб мақола ва эсселар ёзганман.

– Шоирлигингизни қачон англагансиз?

– Ўн тўрт ёшимда бўлса керак. Аслида бу ёшда шеърият нималигини умуман билмаганман. Лекин мен севиб қолган эдим... Ҳар куни нимқоронги хонага қамалиб олиб қоғоз қоралардим. Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов шеърларини пичирлаб айтиб завқланардим. Фикру зикрим шеъриятда бўлиб қолган эди. Ёшлигимда Аллоҳ истеъдод билан сийлаган киши шоир деб ҳисоблар эдим. Бугун шеърият мен учун ушбу истеъдод билан фидойи кўнгил уйғунлигидир. Николай Заболоцкийнинг бир шеъри ёдингиздадир:

Асло тиним билмасин юрак,

Ўғирда сув туймаслик учун.

Юрак меҳнат қилмоғи керак

Кеча-кундуз, кеча-ю кундуз!...

Худо берган истеъдод – учқун, қаттиқ меҳнат қилмасангиз у тезда ўчиб қолади.

– Ўз шеърий услубингизга қандай таъриф берасиз?

– Шеърда мен учун энг муҳими – туйғу. Ҳамма нарса, сиз айтган «шеърий услуб» ҳам унга хизмат қилиши керак. Қайта қуриш йиллари Ўзбекистонда ёзилган шеърлар (бошқа иттифоқдош республикаларда бўлгани сингари) ҳаддан зиёд ғоявийлашган, сиёсийлашган эди. Шеър эмас, она тилини ҳимоя қилишга чақирилган, ватан тарихидаги айрим воқеалардан кўз юмишга, «пахта иши» фигурантларига қарши қаратилган манифестлар, хитоблар ёзилди... Бизнинг фикрларимиз, кечинмаларимиз давр руҳига монанд эди.

Айнан ўшанда мен дафъатан сиёсийлашган муҳит мени шоир сифатида маҳв этаётганини тушуниб етдим. Бунга қарши чора сифатида асосий мотиви инсоний туйғулар бўлган қадимги япон шеъриятини таржима қила бошладим. «Денгиз япроқлари» антологиясини чиқардим.

– Бу бирон-бир шеърдаги образми?

– Бу менинг қадимги япон шеърияти ва маданияти ҳақидаги тасаввурим. Тўрт тарафини денгиз ўраб турган Япония тирамада жўшқин ранглар денгизига айланади. Момидзи-гари мавсуми кирганда японлар зарангнинг қизил япроқларидан баҳра олиш учун йўлга чиқишади. Дарвоқе, бизда ҳам шундай, «Хазон сайри» деб аталган байрам бўлган. Бобур ўз эсдаликларида бу байрамни бир неча марта тилга олган.

...Охирги шеърларимда андуҳ кўп. Негалигини ўзим биламан. Бу ҳақида севимли шоирим Николай Заболоцкий шундай ёзган:

Донишманд Сулаймон айтгани каби

Кўп билмоқ қайғудир, ғамдир беҳисоб.

Мен-ку кўп билмасман, аммо не учун

Дунё деб, инсон деб чекаман азоб.

– Хуршид ака, Заболоцкий ва Ойбекдан бошқа яна кимларни ўқишни ёқтирасиз?

– Ёшлигимда кун бўйи Алишер Навоий кутубхонасидан чиқмасдим; деярли бутун жаҳон шеъриятини ўқиб чиққанман. Уйимдаги кутубхонам ҳам анча бой. Классик шоирларни қайта-қайта ўқишни ёқтираман – улар одамга янги машҳур шоирлардан кўра кўпроқ куч беради. Масалан, Акутагава ва Кавабата каби адабиёт самурайларини яхши кўраман, америкалашган япон Муракамини эса унчалик ёқтирмайман. Габриэл Гарсиа Маркес, Стефан Цвейг, Томас Манн, Борхес, Торнтон Уайлдер асарларини такрор-такрор ўқийман. Ёш Акутагава ўз кундалигига шоир насрни, ёзувчи эса шеъриятни кўпроқ ўқиши керак деб тўғри ёзган. Албатта, туркий шеъриятни ҳам ўқийман. Озарбайжон, турк, ўзбек шеъриятини қадрлайман. «Хуршид Даврон кутубхонаси» сайтини бошқарганим учун ўзимизнинг ёш шоирларимизни ҳам кўп ўқийман, сайтимизда биринчи бўлиб ёш шоирларимизнинг шеърларини эълон қиламан.

– Ўзбекистон адабиётидаги бугунги вазиятни қандай таърифлайсиз – у юксалиш даврини бошдан кечираяптими, турғунлик давриними, бойияптими ё бой бераяптими?..

– Мен бугунги кунда адабиётимизда кучли жонланишни кузатаяпман. Жонтемир, Мирзоҳид Музаффар, Рафиқ Сайдулло сингари истеъдодли ёшлар пайдо бўлмоқда. Истеъдодли шоираларимиз ҳам кам эмас. Анча олдин сезганман, аёл шоирлар шеъриятга ёниб, порлаб кириб келишади. Лекин кейинроқ оила, турмуш, тирикчилик ташвишларига ўралашиб қолишади. Саноқлиларигина адабиёт майдонида қолади. Шундай бўлган, бундан кейин ҳам шундай бўлади. Айтиш мумкинки, ўзбек адабиёти бошидаги энг катта бало – турмуш ташвишлари (кулади). Ёш шоир ва ёзувчиларнинг ҳаммаси марказга, яъни Тошкентга интилади. Бироқ бошқа барча пойтахтлар сингари Тошкент ҳам уларни эътиборсизлик, лоқайдлик билан кутиб олади. Ҳаловатсизлик, сарсонгарчилик истеъдодларни том маънода ўлдиради. Энди, интернет пайдо бўлгач, пойтахтга келиш шарт эмасдай. Лекин вилоятларда адабий муҳит йўқ. Ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлимлари ижодий ташкилот сифатида эмас, жойлардаги ҳокимиятларнинг бир бўлими каби ишламоқда...

Неваралари билан.

Интернет ҳамманинг қурби етадиган матоҳга айлангач ундаги адабиёт майдони графоманларга тўлиб кетди. Аммо, эҳтимол, энг катта бахтсизлигимиз охирги йигирма беш йил ичида адабиётимизда ҳақиқий адабий танқид йўқолиб кетганидир. Қолган танқидчиларимиз эса тирик классикларимизни мақташ билан шуғулланишмоқда, айниқса ошналарини, раҳбарлик лавозимидаги ёзувчиларни...

– Хуршид ака, тасаввур қилинг, сизда маънавий устозингизга (дейлик, шоир Ойбекка) битта савол бериш имконияти туғилди. Сиз ундан нима ҳақида сўраган бўлардингиз?

– Мен «Сиз ҳеч нимани ўзгартирмасдан ҳаётингизни яна бир марта яшашни хоҳлармидингиз?» деб сўраган бўлардим.

– Сиз ўзингиз бу саволга қандай жавоб беришингизни биладигандайман...

– The rest is silence («Кейин эса жимлик, сукунат». Шекспирнинг «Ҳамлет» драмасидаги Ҳамлетнинг сўнгги сўзлари. – «Фарғона» изоҳи).

Рус тилидан Ҳасан Карвонли таржимаси