2019 – 2025-йилларда Тошкент вилояти Янгийўл ва Чиноз туманлари сифатли ичимлик суви билан таъминланади. Бу ишга Осиё тараққиёт банки (ОТБ) 5 йиллик имтиёзли давр билан 25 йилга (2043 йилгача) 105,3 млн долларлик кредит ажратмоқда.

  • Янгийўлда қишлоқ аҳолисининг 61,1 фоизи, Чинозда эса 68,9 фоизи тоза сув билан таъминланган.
  • Туманлардаги сув қувурлари 1956 – 1970-йилларда қурилган бўлиб, хизмат муддатинии ўтаб бўлгани сабабли тармоқларда тез-тез носозлик юзага келмоқда.
  • Аҳолига ичимлик сувини ташиб келтириб бериш тўлиқ йўлга қўйилмаган. Натижада аҳоли сифати ва бактериологик хавфсизлиги кафолатланмаган пишкакли қудуқ, очиқ сув ҳавзалари, булоқ сувларидан фойдаланади.

Бу ОТБ билан биргаликда амалга оширилаётган лойиҳанинг иккинчи босқичидир. Биринчи босқичда ОТБ маблағлари ҳисобидан Тошкент вилояти Зангиота ва Тошкент туманларини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 2017 – 2021-йилларда сув иншоотлари реконструкция қилинаяпти.

Бу икки лойиҳа ҳам 2017 – 2021-йилларда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш дастури доирасида амалга оширилаяпти.

  • Ўзбекистонда айрим аҳоли пунктлари, энг аввало Қорақалпоғистонда, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё ва Хоразм вилоятларида сифатли ичимлик суви танқислиги мавжуд.
  • Дастурда 10,2 минг километр ичимлик суви қувурлари ва тармоқлари, 1677 та қудуқ, 1744 та сув минораси ва резервуари қуриш ҳамда реконструкция қилиш, шунингдек, 1440 дона насос ускунасини ўрнатиш назарда тутилган.
  • 20 та ичимлик суви таъминоти объектини қуриш ва реконструкция қилиш, 302 километрдан иборат сув ўтказиш ва водопровод тармоқларини барпо этиш бўйича йирик лойиҳаларни амалга ошириш назарда тутилган.
  • 2017 – 2021-йилларга мўлжалланган дастурни молиялаштириш учун 4,8 триллион сўм, жумладан, давлат бюджетидан 2,2 триллион сўм, халқаро молия институтларининг 2,6 триллион сўм ёки 730,7 миллион доллар маблағи йўналтирилади.
  • Ушбу дастурнинг амалга оширилиши натижасида аҳолини марказлашган ичимлик суви таъминоти билан қамраб олишни республика миқёсида 84 фоизга, бир қатор ҳудудларда эса 90 фоизга етказиш кўзда тутилган.