Давлат органларининг оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлиги ва аҳолини хабардор қилишдаги фаолияти қониқарсиз деб топилди. Энди уларнинг ахборот хизматлари ислоҳ қилинмоқда. Шу ҳақидаги қарорни Шавкат Мирзиёев 27 июнда имзолаган.

"Соҳадаги ҳозирги ҳолат таҳлили медиа маконда юзага келаётган чақириқларга тезкорлик билан муносиб жавоб қайтарилмаётганини кўрсатиб, мамлакатда амалга оширилаётган улкан миқёсдаги ислоҳотлар тўғрисидаги кенг қамровли маълумотларни ўз вақтида тақдим этиш бўйича жамият эҳтиёжлари ахборот соҳасидаги ишларни сезиларли даражада оширишни, давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот хизматлари, оммавий ахборот воситаларининг фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишни тақозо этмоқда", – дейилади ҳужжатда.

Бу қарор нимаси билан муҳим: яқин-яқингача ўзбек амалдорлари учун ОАВ фақат "Халқ сўзи", "Правда Востока" каби газеталардан иборат эди. Фақат шу газеталар саҳифасида эълон қилинган танқидгина эътиборга ва муносабатга лойиқ деб топилган. Халқ ижтимоий-сиёсий жараёнларга ўз эътироз ва муносабатини билдираётган ижтимоий тармоқлар билан "мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни тарғиб этаётган ва жамоатчиликни кенг хабардор қилаётган" расмий ОАВ ва давлат ахборот хизматлари орасида катта тафовут юзага келди.

"Интернетни" бериб қўйганини англаган ҳукумат сўнгги пайтларда вазиятни ўнглаш учун ҳаракат қилаяпти. Ўзбекистон тарихида илк бор расмий нашрларда эмас, балки мустақил блогерлар давлатдан мукофот олди. Расмий газета ва ТВ муҳарирлари билан бирга Kun.uz ва Gazeta.uz интернет нашрларининг муҳаррирлари ҳам медаллар билан мукофотланди. Бу қарор ҳам мана шу тафовутни қисқартиришга қаратилган қадамлардан бири.

Қарорнинг мағзи: ҳукумат давлат ахборот хизматларидан фаолроқ ва самаралироқ ишлашни талаб қилаяпти. Уларга ОАВ билан ҳамкорлик қилиш, тезкор маълумотларни тарқатиш, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилишда аҳоли иштирокини таъминлаш вазифаси юкланди.

  • Улар шунингдек ижтимоий медиа ва ОАВларни кузатиб, танқидий ва кенг муҳокама қилинаётган ахборот хуружларига тезкор муносабат билдириши керак бўлади.

Энди ахборот хизматларига устувор равишда журналистикадан чиққанлар ишга олинади. Ахборот хизматининг раҳбарлари бир вақтнинг ўзида давлат органи ва ташкилоти раҳбарининг матбуот котиби ҳисобланиб, ахборот сиёсати масалалари бўйича раҳбарнинг маслаҳатчиси мақомига эга бўлади ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шартларига кўра давлат органи ва ташкилоти раҳбарининг ўринбосарига тенглаштирилади.

Давлат органлари ва ташкилотларининг марказий аппаратлари, ҳокимликларда ахборот хизмати бўлиши шарт, уларда ижтимоий тармоқлар билан ишлаш учун масъул ходимлар ҳам бўлиши кўзда тутилган.

Ахборот хизматларига уларнинг хизмат мажбуриятига кирмайдиган қўшимча мажбуриятларни юклашга ва уларнинг функциялари ва вазифаларини бошқа бўлинмалар зиммасига юклашга йўл қўйилмайди. Ахборот хизмати ходимлари давлат органининг сафар қилувчи делегациялари таркибига киритилади.

  • Давлат органлари ва ташкилотларининг веб-сайтлари, ижтимоий тармоқларда, мобил мессенжерлардаги саҳифалари кунига камида бир марта янгиланиши шарт.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида (АОКА) ахборот хизматлари фаолиятини ташкил қилиш ва мувофиқлаштириш бошқармаси тузилди. Бу бошқарма давлат органлари ахборот хизматлари фаолиятини назорат қилади, ОАВ билан ҳамкорлик қилишда уларга кўмаклашади, шунингдек, ахборот хуружларига тезкорлик билан жавоб қайтариш билан шуғулланади. Бунинг учун бошқармага қўшимча 5 та штат бирлиги ажратилди.

АОКА:

  • оммавий ахборот воситалари, интернет тармоғи, жумладан, ижтимоий тармоқлар ва мобил мессенжерларда эълон қилинаётган аҳоли фикрига салбий таъсир кўрсатувчи маълумотларнинг доимий мониторингини амалга оширади ҳамда тегишли давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот хизматлари муносабат билдириши учун уларга юборади;
  • давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматларининг ходимларини, шу жумладан, давлат мукофотларига тавсия этиш орқали рағбатлантириб бориш чораларини кўради.
  • АОКАга тадбирларни (анжуманлар, брифинглар, давра суҳбатлари, тақдимотлар ва бошқалар) ташкил этишда ишлар (хизматлар) етказиб берувчилар билан тўғридан-тўғри шартномалар тузишга истисно тариқасида рухсат берилди.

Хорижда Ўзбекистоннинг ижобий имижини илгари суришга Ўзбекистон ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармасига давлат бюджетидан ҳар йили 20 миллиард сўм ажратилади.

  • Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги TAS-IX тармоғига ОАВ ва матбуот хизматларининг серверларини жойлаштириш билан боғлиқ харажатларни камайтириш топширилди.
  • Адлия вазирлиги 2019 йил 1 сентябрга қадар Вазирлар Маҳкамасига ОАВ ва матбаа корхоналарини давлат рўйхатидан ўтказиш, шунингдек, ноширлик фаолиятини лицензиялаш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш маъмурий регламентлари лойиҳаларини киритади.

Адлия вазирлиги давлат ташкилотлари томонидан маълумот тақдим этмаганлик ёки нотўғри маълумот тақдим этганлик, шунингдек, оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилганлик ва журналистларга босим ўтказганлик учун жавобгарликни белгилаш тўғрисидаги таклифларни икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига киритади.