Мактаб ўқитувчиларига соатбай ҳақ тўлаш "мослашувчан" бўлди ва базавий лавозим маошининг 1,20 фоизига боғланди, деб хабар беради Халқ таълими вазирлиги.

Бу нима дегани: авваллари соатбай ҳақ тўлашда аниқ миқдор кўрсатиб келинган ва бу миқдорни ўзгартириш учун ҳар гал алоҳида ҳужжат қабул қилинган. Янги соатбай ҳақ тўлаш миқдорлари фоизда белгиланган.

Яъни, ўқитувчиларнинг базавий лавозим маоши ошганда, соатбай ҳақ тўлаш миқдорлари ҳам ошади.

Нега бу муҳим: ўқитувчиларнинг маоши ва мавқеининг пастлиги – ўзбек таълим тизимининг энг асосий муаммоларидан бири. Хусусан, шу сабабга кўра аксарият эркак ўқитувчилар ва олий маълумотли ўқитувчилар мактабдан кетган. Охирги пайтларда бу соҳадаги ислоҳотлар 13 мингдан ортиқ эркак ўқитувчининг ва, вазир айтганидек, 37 минг олий маълумотли ўқитувчининг мактабга қайтишига сабаб бўлмоқда.

  • Республикадаги энг катта иш берувчи давлат ташкилоти Халқ таълими вазирлиги ҳисобланади. Халқ таълими тизимида фақатгина ўқитувчиларнинг ўзи 450 мингдан ошади.
  • Ҳозирги кунда ўқитувчилар базавий тариф ставкалари асосида 1 509 255 сўмдан 2 225 865 сўмгача (тахминан 200-250 доллар) ойлик маош олади.

I, II малака тоифаси ҳамда олий ёки ўрта махсус маълумотга эга ўқитувчилар, логопед ўқитувчи, логопедия шохобчаси мудирларига малака тоифасига кўра соатбай ўтилган дарслари учун базавий лавозим маошининг 1,20 фоизи миқдорида ҳақ тўланади.

Соатбай ҳақ тўлаш миқдори таркибига меҳнат таътили ҳақи ҳам киритилган.

Мактабдаги ишлаб чиқариш таълими усталари соатбай ҳақ олишда касб-ҳунар коллежларининг ишлаб чиқариш таълими усталари билан тенглаштирилди.