“Ўқитувчи” нашриёти иккита тузилмага ажратилиб, нашриёт номи остида илмий-услубий ноширлик маркази ва матбаа уйи ташкил этилади. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) матбуот хизмати хабар берди.

Ноширлик марказини ташкил этишдан мақсад узлуксиз таълим тизимида Мактабгача таълим, Халқ таълими ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда янги авлод дарсликларини ишлаб чиқишдан иборат.

"Марказда илм-фан мутахассислари, юқори педагогик тажрибага эга соҳа вакиллари ҳамда масъулиятли муҳаррирлар, мусаҳҳиҳлар гуруҳи жамланади. Уларга замон талабларига жавоб берадиган, инновацион янги авлод дарсликларини ишлаб чиқишлари учун барча зарурий шароит ва қулайликлар яратиб берилади", - деган агентлик бош директори в.б. Комил Алламжонов.

“Ўқитувчи” ноширлик марказининг вазифалари:

  • дарсликлар ва ўқув қўлланмаларининг сифати ва безатилишини яхшилаш;
  • бу борада замонавий жаҳон тажрибаларини жорий этиш;
  • дарслик лойиҳаларини тайёрлашда давлат стандартлари ҳамда санитария меъёрларига тегишли ўзгартириш ва қўшимча киритиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш.

Шунингдек, марказ мактаб дарсликларини тайёрлаш тартибини ҳам тўлиқ қайта кўриб чиқади.

“Ўқитувчи” нашриёти АОКА таркибида бўлиб, таълим муассасаларига дарсликлар ва ўқув қўлланмаларни етказиб беришда ягона ношир ҳисобланади.