Онанинг таълим даражаси қанчалик паст бўлса, чақалоқ ёшига етмай ўлиб қолиши хавфи шунчалик юқори бўлиши мумкин. Даниялик олимлар 1981 – 2015-йилларда туғилган 2 миллион чақалоқ маълумотларини ўрганиш натижасида шундай хулосага келишган.

Орхус университетидан Юнгфу Ю бошчилигидаги олимлар оналарнинг маълумоти ва биринчи туғуруқ йилида боланинг омон қолиши бир-бирига қанчалик боғлиқ эканини аниқламоқчи бўлишган.

Улар 1981 – 2015-йиллари туғилган 2 миллионга яқин гўдак ҳақида маълумотни таҳлил қилишган. Олимларнинг аниқлашича, олий маълумотли аёллар билан солиштирганда паст маълумотли аёлларнинг гўдакларининг ўлими хавфи 63 фоиз юқорироқ бўлган, ўрта маълумотлиларники билан солиштирганда – 19 фоиз. Бунда боланинг вазни ва ҳомиладорлик муддати ҳам катта рол ўйнаган.

Олимлар болалар ўртасида эрта ўлимни камайтирмоқчи бўлган соғлиқни сақлаш муассасаларига аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини ҳам инобатга олишни тавсия қилмоқда.

Муддатидан олдин туғиладиган болаларда ривожланиш ҳам бузилади. 2017 йили олимлар бундай чақалоқлар миясининг секин ривожланиши улар туғилгунча, яъни бачадон ичидаги ўсиш жараёнидаёқ бошланишини айтган эди.