Ўта миллатчи Брентон Таррант 49 инсонни ўлдириб, яна 48 кишини ярадор қилган. Террордан олдин у миллатчилик ғояларига тўла манифестини эълон қилиб, ҳужумни интернетда онлайн намойиш этган.

Террорчининг эътиқоди нимани англатади?

Брентон Таррант хунрезрикни амалга ошириш чоғида тинглаган қўшиқ Сербиянинг 1992 – 1995-йиллардаги президенти, Сребреница шаҳрида 8 минг мусулмонни ўлдирганликда айбланиб, 40 йилга ҳукм қилинган Радован Каражичга бағишлаб айтилган. У Чарлстоун черковида 10 афроамерикаликни ўлдирган Дилан Руф ва Ослода 77 инсоннинг ҳаётига зомин бўлган Андерс Брейвикдан илҳом олганини ёзган.

Брентон Таррант ўта ўнгчи экстремист ва оқ танлилар “устунлиги”га ишонувчи ирқчи бўлган.

"Оқ танли миллатчилар" нимага ишонади?

"Оқ танли миллатчилар" (White suprematists) оқ танлиларнинг устунлиги, уларнинг бошқа халқлардан афзаллиги, тамаддун бунёдкори эканига, инсониятнинг келажаги оқ танлиларнинг дунёда ҳукмрон бўлишига боғлиқлигига қаттиқ ишонади. 19-аср охирларида оқ танлиларнинг ирқий устунлиги ҳақида турли назариялар пайдо бўлди. Бу назариялар ҳозир ғайриилмий деб ҳисобланса-да, оқ танли ирқчилар бунга ишонади.

Оқ танли ирқчилар асосан қаерларда кўпроқ учрайди?

Шимолий Америка ва Африканинг оқ танлилар яшовчи айрим давлатларида улар кўпчиликни ташкил қилади. ЖАРда давлат сиёсати яқин-яқингача оқ танлиларнинг устунлиги тўғрисидаги ишончга асосланиб қурилган. Европа ва Австралияда Иккинчи жаҳон урушидан сўнг ирқчи мафкураларга қарши жиддий курашилгани, нисбатан либерал қарашлар ҳукмрон бўлгани боис ирқчилик катта муаммо саналмаган. Аммо кейинги йилларда иқтисодий қийинчиликлар, иммиграция билан боғлиқ муаммолардан унумли фойдаланган популист ўнг қанот партиялар таъсири кучаймоқда ва айни вақтда оқ танли неонацистлар ҳам фаоллашган.

Улар қайси динга эътиқод қилади?

Оқ танли миллатчиларни аниқ бир диний тоифага киритиш мушкул. Айримлари христианликни Европа ўзлигининг асоси ҳисобласа, бошқалари христианликкача бўлган шимолий Европа динларидан (одинизм, асатру...) илҳом олади. Орасида умуман динсизлари ҳам кўп.

  • “Христиан ўзлиги” (“Christian Identity”) христианликнинг ирқчи, миллатчи версияси бўлиб, уни қабул қилганлар герман, англосаксон, кельт халқларини Иброҳим ва Исҳоқнинг ҳақиқий авлодлари деб ишонади. Улар Исо Масиҳ қуражак салтанатда оқ танлилар ҳукмрон ирқ бўлиши, оқ танли бўлмаганлар ё қириб ташланиши, ёки қул қилинишига эътиқод қилишади. Уларнинг ишонишича, худо фақат оқ танлиларнигина 6 минг йил аввал яратган. Қолганлар миллион йиллик эволюция маҳсули. Ирқлар ўртасидаги никоҳ ва гомосексуализмнинг жазоси ўлимдир.
  • Куклукскланнинг Каролина рицарлари номи билан танилган аъзоси бўлган Глен Миллер террорчиликда айбланиб қамалиб чиққач, шундай ёзади:

“Мен Шимолий Американинг 100 миллион орий христианлари ўзларининг асл динлари, яҳудийлар христианликни келтиргунга қадар минг йиллар давомида ота-боболари топинган динга қайтишларини истайман. Одинизм. Ана шу қаҳрамон инсонлар, герман халқларининг асил динидир. Немисми, инглизми, скандинавми, ирландми, ҳаммамиз улардан тарқаганмиз. Один! Один! Один!”.

  • Оқ танли ирқчиларнинг ҳаммасини ҳам диндор деб бўлмайди. Улар орасида миллатчи атеистлар ҳам бор.

Миллатчи мавқени тутувчи “Миллий сиёсат институти” (National Policy Institute) раҳбари Ричард Спенсер ўзининг атеистлигини ва оқ танли миллатчилигини яшириб ўтирмайди. У оқ танли европаликлар бирлигини, “Американи оқ танли бўлмаганлардан тинч этник тозалаш”ни тарғиб қилиб келади.

Шунинг учун оқ танли ирқчиларни муайян дин ёки динсизликка боғлаб бўлмайди.