1 июн куни Тошкент, Нукус, Хива ва Наманган шаҳарларида 2019–2020-ўқув йилида фаолият бошлайдиган Президент мактабларига ҳужжат қабул қилиш бошланган эди. Халқ таълими вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, дастлабки уч кунда 2005 нафар талабгор ҳужжат топширган.

Шу пайтгача ариза топширганларнинг 748 нафари Хива, 492 нафари Тошкент, 388 нафари Наманган, 377 нафари Нукус шаҳрида ўқиш истагини билдирган.

Ариза топширганларнинг 1679 нафари оффлайн, яъни қабул марказларига бориб, ҳужжат топширган. Қолган 326 та ариза эса онлайн тарзда (мана бу ҳавола орқали) қабул қилинган.

Фото: @prezident_maktablar

Ҳужжат топширган номзодларнинг 1057 нафари ўғил бола, 948 нафари эса қизлар. Аризаларнинг синфлар бўйича кўрсаткичи жадвалда кўрсатилган.

Халқ таълими вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, Ўзбекистон президентининг “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорига кўра мамлакатимизда 5-6 июнь кунлари дам олиш куни деб белгилангани муносабати билан шу кунлари қабул марказлари ишламайди. Бироқ Президент мактабларига ҳужжат қабул қилиш pm.xtv.uz сайти орқали узлуксиз давом этади.

“Аризалар ҳар куни 24 соат давомида онлайн қабул қилинади. Қабул марказларидан фарқли ўлароқ онлайн ҳужжат юборишда навбатда туриш керак эмас. Барчаси бир зумда ҳал бўлади. Бунинг учун интернетга уланиш кифоя”.

ХТВ ахборот хизмати

Ҳужжатларни онлай юбориш учун аризачи (талабгорнинг ота-онаси ёки қонуний вакили) қуйидаги маълумотнома шаклини юклаб олиб намунадаги каби тўлдириши керак. Маълумотнома номзод ўқиётган мактаб директори муҳри ва имзоси билан тасдиқланиши лозим.

Маълумотнома шакли.pdf

Маълумотномани тўлдириш бўйича намуна.pdf

Шунингдек, талабгорнинг жорий ўқув йили табелини намунадаги каби нусхасини олиши керак. Нусха директор имзоси ва муҳр билан тасдиқланиши шарт.

Табел намунаси.pdf

Бундан ташқари, ҳужжатларга номзоднинг туғилганлик ҳақида гувоҳномаси ҳам илова қилиниши керак. Барча ҳужжатларнинг сканер қилинган нусхасини юборилади.