Индонезия шарқида Ўзбекистонда ҳам урф бўлаётгани каби ёш оналарнинг деярли бари хорижга иш излаб кетган ҳудудлар талайгина. Индонезияликлар бундай жойларни «онасиз қишлоқлар» деб атайди. Би-би-си мухбири Ребекка Ҳенчке волидасиз ўсаётган болалар билан суҳбатда бўлди.

Онаси хорижга кетганда Эли Суциавати атиги 11 ёшда эди. Қиз бувисининг қўлида тарбия топган.

Элининг ота-онаси ажрашиб кетгандан сўнг ёш онаси, Марша, Саудия Арабистонига йўл олиб, уй хизматчиси сифатида ишлай бошлайди.

Фото: BBC

Қишлоқ эркакларнинг асосий қисми деҳқончилик ёки мардикорлик қилади. Бироқ улар ишлайдиган пул аёлларнинг уй хизматчиси ёки энага ўлароқ топадиган маблағидан анча камдир.

Оналар хорижга кетгандан сўнг оиланинг бошқа аъзолари ва эрлар бола тарбияси билан шуғуллана бошлайди.

Бундай муҳитдан энг кўп қийналувчилар – болалар.

Фото: BBC

Кариматул Адибия тўққиз ёшлигида онаси чет элга кетган. Қиз ҳатто онаси ёнида ўтган кунларини яхши эслолмайди ҳам.

Фақатгина бошланғич мактабни битиргандан сўнг у онаси билан қайта кўришган. Бунга қадар холаси уни она сифатида тарбиялаган.

Аммо Кариматул унга қучоқ очиб келаётган аёл ўзининг ҳақиқий онаси эканини қабул қила олмаган.

«Онам тинмай йиғларди. У холамдан қизим нега мени танимаяпти деб қайта-қайта сўрар эди».

Кариматулнинг холаси «Менда сенинг ҳеч қандай расминг қолмаган, қизинг фақат исмингни эшитган, холос», – дея жавоб қайтарган.

Кариматул бир вақтнинг ўзида ҳам онасини қайта кўрганидан беҳад шод бўлгани, ҳам уни болалигида ташлаб кетганидан ғазабга мингани ҳақида сўзлайди.

Ҳозир 13 ёшга кирган Кариматул яна ортга қайтиб кетган онаси билан ҳар тун видеоқўнғироқ орқали суҳбатлашади.

Лекин у ҳамон онасига кўника олмаганини тан олади.

«Онам ҳар сафар таътил вақти уйга қайтганда мен барибир холамнинг ёнида бўлишни афзал биламан», – дейди у.

Унинг холаси Байқ Нуржона қариндошларининг яна тўққиз фарзандини вояга етказмоқда. Улардан фақат биттаси ўзининг боласи.

«Болалар мени катта она деб атайдилар», – кулади у.

Ёши 50 дан ошган «катта она» ҳар гапида Аллоҳга ҳамд айтишдан чарчамайди.

«Уларнинг ҳаммасини тенг кўраман. Улар ака-сингиллар каби яқин бўлиб қолган, алҳамдулиллоҳ», – дейди у.

Индонезиянинг бу қисмида яшовчи аёллар 1980-йилларда иш излаб хорижга чиқиб кета бошлаган.

Уларнинг аксарияти хорижда ноқонуний ишлагани туфайли кўп ҳолларда ноинсоний муносабатга дуч келади: калтакланади, ишлаган пулидан мосуво этилади ёки уйига тобутда қайтади.

Баъзида аёллар ватанга бола орттириб ҳам келади.

Маҳаллий аҳоли бундай болалаларни anak oleh-oleh – эсдалик болалар деб атайди.

Оталари турли ирққа мансуб «эсдалик болалар» қишлоқларда ҳамманинг эътиборини ўзига жалб этади.

18 яшар Фотиманинг отаси араб.

Фото: BBC

«Одамлар менга ҳайрон бўлиб қарайдилар. Рост, мен бошқаларга ўхшамайман. Араб қони бўлганидан чиройлисан дейишади улар. Бундай гаплардан хурсанд бўламан», – ҳикоя қилади Фотима жилмайганча.

Бироқ инсон ҳуқуқлари фаоллари «эсдалик болалар»нинг кўпинча жамият ва тенгдошлари томонидан таҳқирланишини таъкидлайди.

Фотима арабистонлик отасини ҳеч қачон кўрмаган бўлса-да, у Индонезияга пул жўнатиб турган. Бир қанча вақт муқаддам у вафот этган ва Фотима билан онасининг ҳаётида қийинчиликлар бошланган. Шундан сўнг онаси яна Саудия Арабистонига кетишга мажбур бўлган.

«Агар онам яна кетмаганда укам билан яшаш учун етарли пулни сира топа олмас эдик», – йиғлаб юборади Фотима.

Фото: BBC

Бу ҳудуд қишлоқларидаги иккита боладан камида бирининг ота-онаси чет элда ишлайди.

Маҳаллий аёллар ва муҳожирлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи гуруҳлардан бири болалар учун мактабдан сўнг кўмак клубини ташкил қилган.

Икки ўғли ҳали чақалоқлигида Саудия Арабистонига кетишга мажбур бўлган Суприҳати клуб учун ўз уйидан жой берган.

«Тақдиримга ёзилган қийинчиликларни бошдан ўтказдим, лекин ҳаммаси яхшилик билан тугади», – сўзлайди Суприҳати.

Суприҳати / Фото: BBC

У хорижда ўғилларини ўқитиш учун етарлича пул топган. Ҳозир Суприҳати болалари таъминлаб берган тўкис ҳаётда умргузаронлик қилмоқда.

Бироқ болаларнинг ота-онасиз қандай қийналишини яхши тушунган аёл ўз уйида уларга қўлидан келганча ёрдам беришга уринмоқда.

«Она ва қариндошлар қарамоғида ўсишнинг жуда катта фарқи бор. Бу она муҳаббатининг мутлақо ўзгача кўриниши. Аксар ҳолларда болалар одамови бўлиб қолиб, ўзига нисбатан ишончини йўқотиб қўяди».

«Биз болаларнинг дарс тайёрлашига кўмаклашамиз, уларнинг нимани истаётганини билишга ҳаракат қиламиз», – дейди Суприҳати.

Юли Африана Сафитри ҳам шу клубга қатнайдиган болалардан бири. Бугун у беш ука-синглисига кечки овқат тайёрлаб берганидан дарсларга кеч қолди.

Юли Африана Сафитри / Фото: BBC

Бувиси оламдан ўтгандан сўнг кичкинтойларга ғамхўрлик қилиш ёш Юлининг гарданига тушган. Уйда асосан у, баъзан отаси овқат пиширади.

Онаси хорижга кетганда Юлининг энг кичик синглиси атиги бир ёшда бўлган. Она маълум вақт уйга пул юбориб турган, аммо кейинроқ у билан алоқа буткул узилган.

Ванасаба қишлоғидаги бошқа болалардан фарқли ўлароқ Юли онасиз қийналмаслигини таъкидлайди.

«Одамлар бизга ачинишини кўрсам, роса жаҳлим чиқади. Ўзим укаларимга бемалол қарай олаяпман. Ҳеч кимни соғинаётганимиз йўқ», – дейди у менга.

«Укаларим онамизни умуман эслай олмайди, ҳеч қачон уни соғиниб йиғламайди. Шукур, отамиз ёнимизда. У овқат пиширади, идиш-товоқларни ювади. Агар банд бўлмаса, кечаси дарсларимизга қарашади».

Юлининг орзуси – мактабни аъло баҳоларга битириш ва Индонезия денгиз кучларида хизмат қилиш.

Индонезиялик меҳнат муҳожирларининг учдан икки қисми аёллардир.

Улар юборадиган пул ёш авлод орзуларининг рўёбга чиқишида асосий манба ҳисобланади.

Эли Суциавати онасини тўққиз йил мобайнида кўрмаган бўлса ҳам у юборган пуллар ёрдамида оилада биринчи бўлиб университетга ўқишга кира олган.

У ҳудуд марказидаги университетда исломий молия сирларини ўрганмоқда. Эли фарзандининг келажаги учун онаси ўз ҳаётини қурбон қилганини яхши англашини айтади.

Эли / Фото: BBC

«Агар у пул топишга кетмаганда мен ҳозирги ҳаётга эриша олмаган бўлардим. Мен доим онам билан фахрланаман. У ажойиб аёл! Онамдан кучлироқ аёл йўқ!».

Она-бола мессенжерлар орқали доимий мулоқот қилиб боради.

«Мен ҳар сафар кўчага чиқишдан олдин онамдан рухсат сўрайман. Кўриша олмасак ҳам мунтазам суҳбатлашамиз. Онам ҳаётимда юз бераётган ҳар бир воқеадан хабардор», – дейди Эли.

Шаҳар жоме масжиди айвони остида Эли мени онаси билан гаплаштириб қўяди.

Марша Саудия Арабистонида ҳаммаси жойида экани ҳақида сўзлайди. У хизмат қилаётган уй соҳиблари жуда меҳрибон ва маошни вақтида тўлайдиган инсонлар экан.

«Оиламиз кўп оғир кунларни бошдан ўтказди. Қийинчиликлардан чиқиб олиш учун тер тўкишимизга тўғри келди», – тушунтиради Марша.

«Албатта, Элини жуда соғинаман, лекин ҳаёт бизни айро яшашга мажбур қилмоқда. Унинг тиним билмай ўқиётганидан бошим осмонда».

Марша қизи университетни тамомлаганидан сўнг уйга қайтишини билдиради.

Бу унинг яна уч йил хорижда қолишини англатади.

«Қизингиз сизни ажойиб аёл деб атади», – Элининг сўзларини етказаман унга.

«О, буни эшитганимдан жуда хурсандман», – кулади у. Назаримда, бу вақт унинг кўзларидан ёш оқаётгандек туюлади менга.

Гўшакни қўйганимиздан кейин Эли ўзининг ҳаёт йўли онасиникига ўхшаш бўлмаслигини таъкидлайди.

«Таълим олиш имконияти бўлмаганидан ота-оналаримиз бизни ёлғиз ташлаб кетишга мажбур бўлишди. Агар мен ҳам хорижга кетишга мажбур бўлсам, хизматкорлик қилмайман. У ерга бораман ва бизнес билан шуғулланаман!».