Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Миллий Тикланиш” партияси фракцияси аъзоси Акмал Умирзаковнинг яқинлашиб келаётган парламент сайловлари олдидан депутатликка ўз номзодини илгари суриш истагини билдирган блогерларни ҳақоратомуз сўзлар билан танқид қилиб чиққани ижтимоий тармоқда кескин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Би-би-си Ўзбек хизмати мазкур ҳолат юзасидан депутат Умирзаков нишонга олган блогерларни суҳбатга тортди.

Фото: FACEBOOK / AKMAL UMIRZAKOV

Акмал Умирзаков ўзининг Facebook саҳифасида қолдирган постида жумладан шундай дейди [имло шакли ўзгаришсиз келтирилмоқда – Би-би-си]:

“Депутатликка номзод қўйсам ўтаман, деб фикрлайдиган кети тоза блогеру бировни ҳақини ейишдан уялмайдиган печкачи ва ўзига ўзи “смартгов консултант” дейдиганлар кўпайиб кетти. Қизиқ номзодларнинг турлари... Ҳамма хилидан бор эй... Ҳаттоки, бир “ақлли” Бухоролик нимеймиш, депутатлик дастурини ёзгандим, дейди. Аҳад Қаюмми лаҳад луқумми бу блоггер, фарқи йўқ бу масхарабозларга... Депутат манифест ёзадими ҳеч бир дунёда. Яна умидим сўниб боряпти, мен ғалаба қилолмайманмиш. Ўзингча, 13000 подписчик (шундан ярми сохта эккаунт, ярми аллақачон делетед, бўлган) дунёни ҳар бир бурчагидан йиғилиб, сенга мухлис бўлгани кетингни кўтардими дейман. Сайланиш учун камида биласанми қанча сайловчи бўлиш керак бир округда ҳавасманд номзод?! Ўтган сайловда ўртача 165000 эди. Фикр қил, бу рақам сенинг каналингдаги обуначиладан камида ўн икки мартта кўп ва камида шуларнинг ярми сени ёқлаши керак."

Акмал Умирзаков “печкачи”, “смартгов консультант” ва “ақлли бухоролик” тасвирлари орқали машҳур блогерлар Дима Қаюм, Нозим Сафаров ҳамда Smartgov Consulting маслаҳат фирмаси ижрочи директори Азиза Умаровани назарда тутганига ишонилади.

Риштонлик депутатнинг фикрича, депутатлик “бу мансаб, мартаба, рутба эмас”.

“Аллоҳ назар қилмаса, сен ўзингни “смартгов” бўйича мутахассис дейсанми, ёки бошқа эшшшааак бозорга ҳам даллол бўмайсан. Парламент циркка айланишига йўл қўймайди бу заки халқ. Йўл қўймасин ҳам илоҳим”, таъкидлайди у ўзининг Facebook постида.

Блогер: “Яна бир марта ҳақорат қилса, судга бераман”

Фото: FACEBOOK / DIMA QAYUM

Би-би-си Ўзбек Хизмати Акмал Умирзаковнинг ушбу сўзлари юзасидан муносабат олиш мақсадида блогер Дима Қаюм билан боғланди.

“Муносабатим салбий. Иккаламиз ҳам бир вилоят, бир туманданмиз. Сайловда бу кишига овоз берганман депутат бўлсин, деб. Тўғриси жа хафа ҳам бўлганим йўқ”, дейди риштонлик тадбиркор-блогер Дима Қаюм.

“Аслида судга беришим керак. Қонуний талабимни қўйишим керак, лекин бир ернинг одамимиз. Эртага кўз кўзга тушади. Бироқ эртага яна бир марта шунақа чиқиш қилса, мен иложсиз судга бераман уни”, давом этади у.

“Анчадан буён Дима Қаюм депутат бўлмоқчи, деган гап юради. Нима деб ўйлайсиз – Акмал Умирзаков сиз унинг рақобатчисига айланишингизни истамагани учун шундай сўзларни ёздими ёки блогерларни шунчаки менсимагани учунми?” деган саволга суҳбатдошимиз шундай жавоб қайтарди:

“Бу нафрат, десак ошиб кетадию, шунчаки ғайирлик. У яна ўз номзодини қўймоқчи, мен ҳам қўймоқчиман. Мени рақиб сифатида кўрди, шекилли. ЎзЛиДеП партиясидан ҳаракат қиляпман. Рақиб бўламан-да унга”.

Акмал Умирзаковга нисбатан шахсий адовати йўқлигини таъкидлаган Дима Қаюм Расул Кушербоев каби кам сонли депутатлардан бошқа Қонунчилик палатасининг кўплаб аъзоларини халқ билан самарали мулоқотга кириша олмаётганликда танқид қилади.

“Кўп сайловчилар ўз депутатини танимайди, улар нима қилаётганини билмайди”.

Шунингдек, у депутатлардан кўра блогерларнинг халққа кўпроқ фойдаси тегаётгани ва улар парламентга кирса, ҳеч қандай цирк юзага келмаслигини билдиради.

“Цирк деганига мутлақо қаршиман. Парламентга блогерлар борса, янги қон борса, ҳеч қандай цирк бўлмайди. Қайтанга ўзгаришлар бўлади. Биз депутат бўлмасдан туриб, хайриялар қилдик. Депутат қилмайдиган ишларни қилдик».

Бироқ ҳозир дилимни сиёҳ қилиб юрмаяпман – унга қарши жунбушга келган халқ ғазаби тўлқини, матбуот реакцияси ким ким экани – ҳаммасини очиқ кўрсатиб турибди.

Дима Қаюмнинг сўзлашича, агар унинг номзоди сайловга қўйилса ва депутатга айланса, ҳозирги қилаётган ишларидан ўн баробар кўпроқ меҳнат қилади.

“Агар партия раҳбарлари қўйса, бордан эмас, йўқдан бор қиламан. Халқни рози қилиш, уйма-уй юриш керак. Депутат дегани костюм-шим кийиб, креслода ўтирадиган эмас, халқнинг оғирини енгил қиладиган шахс бўлиш керак”, таъкидлайди Акмал Умирзаковни биринчи сафар кечирганини айтган блогер.

Фото: FACEBOOK / AZIZA UMAROVA

“Депутатнинг постини ўзининг калтабин шахс эканини намойиш этувчи олдиндан режалаштирилган аҳмоқона провокация, дея ҳисоблайман. Унга нисбатан Парламентнинг Ахлоқ бўйича комиссияси (2015 йилдан бери мавжуд) томонидан интизомий чоралар кўрилмагани ҳаддан ошиш ва “алоҳида депутатлар ҳаракатларига нисбатан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш” қисмига доир институцион асос мукаммал эмас, деган таассурот қолдирмоқда. Бошқа парламентларда ахлоқ бўйича комиссия мавжуд ва унинг постида ёзилганлар сўзсиз парламент эътиборига тушган бўлар эди. Бироқ ҳозир дилимни сиёҳ қилиб юрмаяпман – унга қарши жунбушга келган халқ ғазаби тўлқини, матбуот реакцияси ким ким экани – ҳаммасини очиқ кўрсатиб турибди”, дейди Smartgov Consulting маслаҳат фирмаси ижрочи директори Азиза Умарова Би-би-си Ўзбек хизматига.

“Оммавий ғазабноклик депутатни қоралашдан янада жиддийроқ масаланинг муҳокамасига айланиб кетди: ушбу депутат қанчалик легитим асосда сайланган?” қўшимча қилади Умарова.

Блогер: “Ҳеч ким Парламент эшикларини тақиллатаётгани ёки тезроқ очинглар, биз кирмоқчимиз, деётгани йўқ”.

Акмал Умирзаков нишонига учраган яна бир блогер Нозим Сафаров депутатнинг блогерларга нисбатан “нафрати, тажовузи ва ичи қоралиги”ни ҳануз тушуна олмаётганини айтади.

Фото: FACEBOOK / NOZIM SAFAROV

“Умуман олганда, мен депутатликка ҳеч қачон ҳаракат қилмаганман. Азиза Умарова эса депутатлик даъвосидан анча олдин воз кечган. Ҳеч ким Парламент эшикларини тақиллатаётгани ёки тезроқ очинглар, биз кирмоқчимиз, деётгани йўқ. Бундай реакция сабабини мен тушуна олмадим”, – дейди у Би-би-си Ўзбек хизмати билан суҳбатда.

Блогер “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров шахсан учрашишга таклиф қилганини ҳам маълум этди.

“Алишер Қодировнинг айтишича, постни ёзаётган пайт Акмал Умирзаков стресс ҳолатида бўлган. Лекин мен бу гаплар қанчалик ҳақиқатга яқинлигини билмайман. Акмал Умирзаковнинг ушбу иши депутатларнинг обрўсини яна бир бор туширди, фақат ва фақат ўзларига зарар қилишди”, давом этади Сафаров.

Блогернинг тахминича, “Миллий тикланиш” партиясининг ўз аъзоси сўзлари муносабати билан расмий баёнот бермагани вазиятни янада чигаллаштириши мумкин.

“Расмий баёнот бўлмаса, одамларда “Миллий тикланиш” партияси Акмал Умирзаковнинг сўзларини қўллаб-қувватлайди, деган қараш юзага келиши мумкин. Негадир партиянинг баёнот бермаётгани ўзининг депутатини ҳимоя қилаётганга ўхшаб қолмоқда”.

Нозим Сафаров Парламентда ахлоқ бўйича комиссия тузилиши ва комиссия Акмал Умирзаковнинг мазкур ҳаракатига баҳо бериши ҳамда унинг кейинги сайловларда иштирок эта олиши ёки йўқлиги борасида жамоатчиликка ахборот бериши зарур, дея ҳисоблайди.

“Неча кун ўтдики, бундай баёнот берилмади. Бу турли миш-мишларни янада урчитади. Умид қиламанки, улардан баёнот бўлади ва депутатни қоралашади. Агар қоралашмас, унда блогерларга нега ташланганлиги тушунарли бўп қолади”, сўзлайди Сафаров.

Би-би-си Ўзбек Хизмати Акмал Умирзаков пости атрофида кўтарилган ҳолатни кузатиб келаётган блогер Ақидахоним билан ҳам суҳбатлашди.

Фото: FACEBOOK / AQIDA HANUM

Ақидахоним ҳар бир нарсанинг ўз чек-чегараси бўлиши ва депутатларнинг ўзини сайлаган халқни оёқ учида кўрсатиши чидаб бўлмас ҳолат эканини айтади.

“Депутатни халқ сайлаган. У халқнинг қизиқишларини ҳукуматга етказадиган одам. Ўзи ичидан чиққан халқни мана бундай қўпол тарзда, худди, оёқ учида кўрсатиши жуда ёмон нарса”.

“Бу одам чет элда ўқиб келган, тилларни билади, дейишади. Лекин кўриниб турибди, ўқиган бошқа, уққан бошқа экан”, сўзлайди Акмал Умирзаков исмли депутат борлигини шу вақтга қадар билмаганини билдирган блогер.

Атроф-муҳитга беэътибор бўлмаганидан Ўзбекистон Экологик партиясидан ўз номзодини илгари суриш ниятида эканини маълум қилган Ақидахоним блогерларнинг сиёсатга кириши Акмал Умирзаков ёзганидек қўрқинчли нарса эмаслигини таъкидлайди.

Бундан ташқари, у Акмал Умирзаковнинг кечирим сўраб чиқмаслиги эҳтимоли катта эканини ҳам айтади.

Депутат Акмал Умирзаков, бундан аввалроқ, Тошкент шаҳри пропискасининг эркинлаштирилишига қарши билдирган фикрлари ортидан танилган эди. Ўшанда, у прописканинг очилиши пойтахтда жиноятчиликнинг ўсиб кетишига олиб келишини таъкидлаганди.

Би-би-си Ўзбек Хизмати Акмал Умирзаковнинг ўзи билан ҳам боғланишга бир неча бор уринди. Бироқ унинг Олий Мажлисдаги иш телефони, деб берилган рақамга қилинган қўнғироқлар жавобсиз қолди.