Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси пойтахтда 9 май куни "Ўлмас полк" акцияси ва кўча бўйлаб юришларга ҳокимият рухсат бергани ҳақида маълумотга эга эмаслигини маълум қилди.

ИИББ раддияси нимаси билан муҳим: сўнгги бир неча йилдан бери Vesti.uz, Podrobno.uz, Nuz.uz ва Sputnik Uzbekistan каби расман Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган, лекин Россиянинг мафкурасини тарғиб қилиб келаётган ОАВлар 9 майда нишонланадиган Хотира ва қадрлаш куни арафасида бундай акция ва юришларга рухсат этилгани ҳақида луқма ташлаб келади.

Бу йил ҳам истисно бўлмади:

  • 15 апрелда тошкентлик Темур Исмоилов "шахсий ишлари" билан ИИББнинг сайёр қабулига ёзилган, лекин қабул пайтида ушбу акция ўтказилишига рухсат сўраган.
  • Россияпараст ОАВларнинг иддаосига кўра, ИИББ Темур Исмоиловга гўёки "“пойтахт ИИББ томонидан Тошкентда “Ўлмас полк” акциясининг ташкилий ишларида баҳоли қудрат ёрдам беради” деган.

Лекин ИИББнинг расмий раддиясида таъкидланишича, Темур Исмоиловга 9 май куни "Ўлмас полк" акцияси ва кўча бўйлаб юришларга ҳокимият рухсат бергани ҳақида ИИББ маълумотга эга эмаслиги айтилган.

"Тошкент ИИББ ҳар Янги йил, Халқаро хотин-қизлар куни ва Наврўз байрамида жамоат тартиби ва фуқаролар хавфсизлигини сақлаб келади.

Юртимизда 9 май куни нишонланадиган хотира ва қадрлаш куни расмий байрам ҳисобланиб, бу кунда ҳам ИИББнинг шахсий таркиби шаҳар бўйлаб хизмат олиб боради. Шу билан бир қаторда, хотира комплексларида гулчамбарлар қўйиш маросимлари ўтказилади.

Бугунги кунда ИИББ матбуот-хизмати ҳокимиятнинг Тошкент шаҳрида “Ўлмас полк” акцияси ўтказилиши тўғрисидаги рухсати ҳақида маълумотга эга эмас", – дейилади расмий хабарда.

Худди шундай информацион луқмалар ўтган йили ҳам ташланиб, расмий Тошкентнинг муносабати кузатилган эди. Ўшанда "имконият ва жой топилмагани учун" Тошкент ҳокимияти 9 май куни шаҳарда "Ўлмас полк" акциясини ўтказишга рухсат бермаганди. Бунинг ўрнига ўз маҳалла ва туманларида яшовчи фахрийларни йўқлаб, уларни табриклаш таклиф этилган эди.

Фото: Podrobno.uz

Лекин акция ташаббускорлари Тошкентдаги Биродарлик қабристонида "Ўлмас полк" тадбирини барибир ўтказган.