Охирги 10 йилда Туркманистондан аҳолининг учдан бир қисми чиқиб кетган. Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов ​мамлакатдаги демографик вазиятга доир ташвишли рақамлар билан танишгач, аҳолини қайтадан рўйхатга олишга буйруқ берди.

Аммо вазият билан таниш бир неча манбанинг «Озодлик» радиосининг туркман хизматига маълум қилишича, янги тадқиқот ҳам Туркманистон демографик буҳрон домига тушиб қолганини ниқоблай олмади.

Ашхободдаги бир неча манбага кўра энг сўнгги маълумотлар «аҳоли сонининг кескин камайиб кетгани ва сўнгги 10 йилда тахминан 2 миллион киши мамлакатдан чиқиб кетганини кўрсатди».

2008 – 2018-йилларни қамраб олувчи сўров натижаси расман эълон қилинмади. Лекин ҳисоб-китоблар тўғри бўлса, мамлакат иқтисодий имкониятлар камлиги, тобора ўсиб бораётган молиявий қийинчиликлар ва шахсий эркинлик йўқлигидан зарар кўрмоқда.

Умумий ҳисоб-китобларга қараганда, Туркманистон аҳолиси 2018 йили 5,4 миллион киши бўлган. Бироқ эълон қилинган маълумотларга ишонилса, ушбу рақам учдан бирга қисқариб кетган бўлиб чиқаяпти.

«Туркманистон давлат статистика қўмитаси йиққан махфий маълумотга кўра 2008 – 2018-йилларда 1 879 413 киши ё доимий яшаш, ё доимий ишлаш учун чет мамлакатларга чиқиб кетган», ‒ деган манба.

Манбанинг изоҳича, ушбу рақам чет элларда ишлаётган туркман мигрантларини ўз ичига олмайди.

Статистика билан боғлиқ бу маълумот 2012 йилда ўтказилган, аммо натижаси эълон қилинмаган умуммиллий рўйхатга олишга асосланади. Унинг натижаси президент Бердимуҳамедовга ёқмаган эди. Аммо орадан 6 йил ўтиб ўтказилган ҳисоб-китоб натижаси ҳам унга маъқул келмади.

Шаффофлик, матбуот эркинлиги ва мустақил ОАВ бўлмагандан кейин Туркманистондаги вазиятга оид аниқ маълумот олишнинг имкони йўқ. Аммо кейинги йилларда ҳокимият идоралари мамлакатдан чиқиб кетаётган ватандошлар оқимини камайтиришга уринаётган ҳоллар кўзга ташланмоқда.

Хабарларга кўра 2017 йили миграция идоралари мутасаддилари Туркманистоннинг ўнлаб гражданларини халқаро рейслардан тушириб олиб қолган. Айрим йўловчиларга авиачипталарга сарфлаган харажатлари қоплаб берилган, бироқ нима учун ортга қайтарилгани хусусида ҳеч қандай тушунтириш берилмаган.

2018 йили ёши 40 дан паст бўлган гражданларга чет элга чиқишга рухсат берилмагани хусусида кўплаб шикоятлар бўлгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди.

Кўплаб туркманлар, қаршиликларга қарамасдан, Россия, Қозоғистон ва Туркия сингари мамлакатларга кетишга ҳаракат қилмоқда. Туркманистон бой табиий ресурсларга эга бўлишига қарамай, ишсизлар даражаси юқорилиги ва озиқ-овқат нархи ошиб бораётгани сабабли қийин аҳволга тушиб қолган.