Қозоғистон ҳарбий ҳаво кучларига тегишли Ми-8 вертолёти Қизилўрда вилоятида ҳалокатга учраган. Ҳодиса рўй берган вақтда вертолёт бортида 13 нафар одам бўлган.

Вертолёт ерга қулаб тушгач, буткул ёниб кетгани айтилмоқда. Ҳалокат сабаби ҳозирча аниқ эмас. Қозоғистон президенти Қосимжўмарт Тўқаевнинг маълум қилишича, экипаж аъзолари ҳалок бўлишган.

Қозоғистон мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, вертолёт мураккаб об-ҳаво шароитида қоронғи пайтда ўтказилаётган ҳарбий машғулот чоғида ҳалокатга учраган. Машғулотда 4 та ҳарбий вертолёт қатнашгани айтилади. Ҳалокат сабабини ўрганиш мақсадида махсус комиссия ташкил этилган.