Туркия ташқи ишлар вазири Мавлут Човушўғли жума куни Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев Турк кенгашининг фахрий раҳбари бўлганини эълон қилди.

“Қозоғистоннинг биринчи президенти ва турк дунёсининг доно раҳнамоси Нурсултон Назарбоев президент Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг таклифи билан барча аъзо давлатлар раҳбарларининг якдил қарорига кўра Турк кенгашининг фахрий президенти бўлди”, – деди Мавлут Човушўғли "Twitter"да.

Човушўғли буни Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида Нурсултон Назарбоев ва Қосимжўмарт Тўқаев билан учрашувидан сўнг эълон қилган.

Турк кенгаши деб аталадиган туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги ташкилоти туркий давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш мақсадида 2009 йили ташкил этилган. Ташкилотга Озарбайжон, Туркия, Қозоғистон ва Қирғизистон аъзо. Ўзбекистон ва Туркманистон аъзо эмас.

2018 йилнинг 30 апрелида Туркия президентининг Ўзбекистонга ташрифи чоғида Ўзбекистон ташкилотга қўшилиш истагини билдирган.

Душанба куни Анқарада ташкилотнинг бош котиби Боғдод Амриев билан учрашувда Туркия президенти Ўзбекистон бу ташкилотга аъзо бўлишига умид қилишини билдирган ҳамда Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовни ташкилотнинг кузда Озарбайжонда ўтажак навбатдаги йиғилишига таклиф қилди.

Нурсултон Назарбоев, шунингдек, Евросиё иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг фахрий раислигига сайланиши ҳақида ҳам мишмишлар тарқалган. Бу ташкилотни тузиш ғояси ундан чиққанини ҳисобга олиб, Назарбоевга фахрий раислик берилиши эҳтимолдан холи эмас.