Букер халқаро мукофотига номзодларнинг узун рўйхати (лонг-лист) эълон қилинди. Номзодлар орасида Буюк Британия, Канада, Ирландия, АҚШ, Мексика ва Нигерия каби мамлакатлардан 13 нафар ёзувчи жой олган.

Нуфузли китоб мукофоти рўйхатига Осиёдан бирорта ҳам ёзувчи кира олмаган.

Букер-2019 мукофотига таниқли ёзувчилардан Салмон Рушдийнинг “Соддадил” ("Quichotte"), Маргарет Этвуднинг “Васиятлар” ("The Testaments"), Жанет Уинтерсоннинг “Франкиссштейн” ("Frankissstein") асарлари даъвогарлик қилаяпти.

Рўйхатда шунингдек қуйидагилар бор:

Кевин Берри, “Танжирга кетадиган тунги қайиқ” ("Night Boat to Tangier");

Ойинкан Брейзвейт, “Синглимнинг қотилликлари” ("My Sister, The Serial Killer");

Луси Эллман, "Ўрдаклар” ("Ducks");

Бернардине Эваристо (“Қиз, аёл ва бошқалар”);

Жон Ленчестер, “Девор” ("The Wall");

Дебора Леви, “Ҳамма нарсани кўрган одам” ("The Man Who Saw Everything");

Валериа Луизелли, “Йўқолган болалар архиви” ("Lost Children Archive");

Чигозие Обиома, “Оз сонлилар оркестри" ("An Orchestra of Minorities");

Макс Портер, “Ленни” ("Lanny");

Элиф Шафақ, “Нотаниш дунёда 10 дақиқа-ю 38 сония” ("10 Minutes 38 Seconds in This Strange World").

Букер мукофотига номзодларнинг қисқа рўйхати (шорт-лист) 3 сентябрда эълон қилинади. Унга тушган номзодлар 2500 фунт стерлинг олади.

Букер мукофотининг совриндори эса 14 октябрда Лондонда аниқланади. Ғолиб 50 минг фунт стерлинг ва халқаро эътирофга сазовор бўлади.

Мукофотнинг ўтган йилги ғолиби Анна Бёрнс бўлган эди, унинг "Сут сотувчи" ("Milkman") романи мукофотга муносиб кўрилган.

Букер 1969 йилдан бери ўтказиб келинадиган дунёнинг энг нуфузли китоб мукофоти ҳисобланади. Мукофотга номзод бўлишнинг кичик шарти бор: китоб инглиз тилида ёзилиши ва Буюк Британия ёки АҚШда нашр қилинган бўлиши зарур.