Ўзбекистонда 2019 йилнинг биринчи ярим йиллигида кексалар ва ногиронларни қўллаб-қувватлаш ва онкологик касалликларга чалинган кишиларга ёрдам бериш бўйича давлат дастурини бажариш режаси барбод бўлди. Бу ҳақда парламент юқори палатаси раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бошчилигида 6 августда ўтказилган парламент комиссияси мажлисида маълум қилинган.

2017 – 2021-йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш давлат дастурида ижтимоий соҳани ривожлантиришга оид 100 та банд бор.

  • Шундан 10 та бандни 2019 йилнинг биринчи ва иккинчи чорагида бажариш режалаштирилган, аммо комиссия мониторинг гуруҳининг аниқлашича, бу вазифалар бажарилмаган.
  • Йил бўйи бажарилиши кўзда тутилган 6 та банд ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин.

Хусусан, 1 июнга қадар кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ва уларга ижтимоий хизмат кўрсатиш соҳасида махсус ваколатли давлат органини ташкил этиш юзасидан Ўзбекистон президенти фармони лойиҳаси тайёрланиши керак эди, бироқ ҳалигача тайёрланмаган.

  • 15 февралга қадар тайёрланиши керак бўлган «Санитария-эпидемиология хизматини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чоралар ҳақида»ги қонун лойиҳаси,
  • 1 майгача тайёрланиши режалаштирилган «Аҳолига кўрсатилаётган онкологик тиббий хизмат сифатини ошириш ва профилактик тадбирлар қамровини кенгайтириш ҳақида»ги қонун лойиҳаси ҳам тайёр эмас.

Дастурнинг 231-бандида «Yoshlar – kelajagimiz» давлат дастури доирасида 50 мингдан ортиқ ёшларнинг бандлигини таъминлаш учун йил давомида 2 триллион сўмдан ортиқ маблағ ажратиш кўзда тутилган. 1 августгача 1555 та лойиҳага 333,2 миллиард сўм маблағ ажратилган, яъни режа бор-йўғи 15 фоизга бажарилган.

Мажлисда Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси, Президент администрацияси, ҳукумат вакиллари, мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари, БМТнинг Болалар жамғармаси – ЮНИСЕФ ходимлари ва журналистлар иштирок этди.