Сочингиз тўкилиб кетиши мумкинми? Аввалдан билиш қийин, албатта. Аммо тахмин қилишга имкон берадиган белгилар бор экан: бўйингиз.

Сочи эрта тўкилган эркакларнинг юрак хасталиги ёки простата саратонига йўлиқиш эҳтимоли юқорилиги аллақачон маълум бўлган.

Бонн университетида ўтказилган тадқиқот бўйи калта эркакларнинг соч тўкилишига эрта йўлиқишини тасдиқлаган эди. Тадқиқотда 11 минг сочи эрта тўкилган ва 12 минг сочи тўкилмаган эркакнинг ирсияти ўрганилган. Эрта соч тўкилиши қатор жисмоний хусусиятлар ва касалликлар билан боғлиқлиги аниқланган.

Эрта соч тўкилишига сабаб бўладиган 63 генетик ўзгариш маълум бўлган. Бу ўзгаришларнинг айримлари бўйнинг ўсмай қолиши, эрта вояга етиш ва турли саратонлар билан боғлиқ.

Хавотирга ўрин йўқ. Калларнинг устун жиҳатлари ҳам бор.

Суякнинг зичроқлиги ва тери рангининг нисбатан очроқлиги ҳам соч тўкилишига боғлиқ экан. Шу боис аксар эрта кал бўлган эркаклар оқроқ ва қуёш нури ёрдамида Д витаминини синтез қилишда бошқа эркаклардан яхшироқ экан. Шунинг учун уларда калцийнинг сўрилиши ва суякларнинг мустаҳкамлиги юқорироқ.