Ўзбекистонда немис, француз, испан, корейс, япон ва хитой тилларига ихтисослаштирилган 39 та мактаб ташкил этилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 21 август куни қабул қилинган қароридан мақсад "истиқболли ёшларни тайёрлаш ҳамда мамлакатнинг туристик жиҳатдан нуфузини юксалтиришга қодир бўлган авлодни камол топтириш" деб айтилган.

Мазкур мактабларда немис, француз, испан ва япон тилларини ўрганишда ўқувчиларнинг ижодий салоҳиятини намоён қилиши учун шарт-шароитлар яратилади, давлат таълим стандартларидан ташқари қўшимча машғулотлар ташкил этилади.

Ихтисослаштирилган мактабларда босқичма-босқич немис, француз, испан ва япон тиллари бўйича муқобил дарсликларга ўтилади.

Япон тили педагогларини жалб қилиш мақсадида япон тили фани ўқитувчилар маошига эллик фоизгача миқдорда қўшимча ойлик тўланади.

“Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали 2020–2021 ўқув йилидан бошлаб немис, француз, испан ва япон тили ўқитувчилари хорижга малака оширишга юборилади.

2020–2021 ўқув йилидан бошлаб, хорижий тилларга ихтисослаштирилган (немис, француз ва япон тилларидан ташқари) давлат умумтаълим муассасаларида ота-оналар ва ўқувчиларнинг хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, немис, француз, испан ёки япон тили иккинчи тил сифатида жорий этилади.

Ихтисослаштирилган мактабларга хорижий мутахассисларни ишга қабул қилишга рухсат берилади.

11-синф битирувчиларига:

  • Германиянинг Test DAF (Test Deutsch als Fremdsprache),
  • Франциянинг Test DELF (Diplome dʼÉtudes en Langue Française – француз тилини ўрганганлиги тўғрисида) ва DALF (Diplome Approfondi de Langue Française – француз тилини чуқур ўрганганлиги тўғрисида) дипломлари,
  • Japanese Language Proficiency Test Certificate (JLPT Certificate – япон тилини чуқур ўрганганлиги тўғрисида) сертификати берилади.

ОТМда хорижий филологияда ўқиган мутахассисларни 2020–2021 ўқув йили давомида немис, француз, испан ва япон тили мутахассислиги бўйича, истисно тариқасида, бепул қайта тайёрлаш амалга оширилади.