Президент мактабларига саралаш имтиҳонларида жавобларни фақат қалам билан белгилаш талаб қилинган эди. Бу талаб ота-оналар орасида турли гумонларга сабаб бўлди. Президент мактабларига қабулни шаффоф ва адолатли ташкил этишга масъул Cambridge Assessment экмпертлари ушбу гап-сўзлар бўйича расман видеомурожаат билан чиқишди.

Дунёнинг аксарият давлатларидаги тест имтиҳонларида жавоб вариантларини қалам билан белгилаш қатъий қоида сифатида киритилган. Масалан, IELTS, TOEFL каби синовларда ҳам шу усул қўлланади. Бунга сабаблар ва асослар бор. Биринчидан, қаламдан бошқа ўқув қуролларида тест жавобларини белгилаш хавотирли бўлади, чунки абитуриент хато қилиб қўйса, уни тузатишга имкони бўлмайди. Қаламда эса бунинг учун имконият тақдим этилади.

Иккинчидан, қаламдан бошқа қуролларда белгиланган жавобларни махсус компьютер текширмайди ва хато ҳисоблайди. Тест жавобларини текширишга ихтисослашган дастур фақат қаламда белгиланган жавобларнигина қабул қилади.

Шунинг учун дунё стандарти бўйича фақат ёғоч қаламда жавобларни белгилаш талаби қўйилган. Механик қалам (маркер) ёки ручкалардаги жавоблар автомат тарзда хато ҳисобланади.

"АҚШда, Ғарбда қалам билан ёзиш одатий ҳол. Ҳатто мактабларда ҳам ручкадан кўра қаламни кўпроқ ишлатишади. Шу масалада балки қаламда олишгандир. TOEFL, IELTS ҳозир компютер орқали топширилади, қоғозда қилинган пайт қанақа ручка ишлатилганини билмайман", – дейди "Буюк келажак" эксперти Беҳзод Мамадиев.

Minbar вазиятга бунгача ҳам Cambridge Assessment экспертлари билан боғланган, ижтимоий тармоқлардаги саволлар юзасидан улардан жавоб олган эди:

“Мактаб ёшидаги болалар тестларни ечаётганда хато қилиши мумкин. Ёш болалар одатда битта жавобни белгилаб кейин унинг хато эканини билиб қолгач, жавобини ўзгартирмоқчи бўлади, аммо ручка ишлатилганда жавоблар варағидаги жавобни тўғрилашнинг иложи йўқ. Тестларни текширадиган ускуна ручкада иккита жавоб белгиланган жавобни инобатга олмайди. Шу сабабли болаларга осон бўлиши учун ҳам жавобларни қаламда белгилашни таклиф қилганмиз. Бу бутун дунёда қўлланадиган тажриба”, – дейди Cambridge Assessment эксперти Грэм Бейжес.

“Жавоб варақлари имтиҳон тугаши билан конвертларга солиниб, холис кузатувчиларнинг кўз ўнгида муҳрланди, – дейди Cambridge Assessment эксперти Жэссика Коп. – Жавоб варақлари шу куннинг ўзида Буюк Британияга олиб кетилди. Жавоблар Cambridge Assessment томонидан текширилади ва бу жараёнга маҳаллий мутахассислар аралаштирилмайди. Шундай экан, жавоб варақларини сохталаштириш, жавобларни ўзгартириб қўйиш ҳақидаги хавотирлар асоссиз”.