Россия ва НАТО ўзаро муроса зарурияти ҳақида тинмай такрорласа-да, амалда икки томон бир-бирини тажовузкор хатти-ҳаракатларда айблаб келади. Баъзан ўртада юзага келган зиддиятга аслида ким сабабчи бўлганини англаш мушкул ишга айланади.

Яқинда НАТО Россияга қарши бутун бошли жавоб чоралари мажмуасини ишлаб чиқди. Россиянинг шундоқ бурни остида ҳарбий машғулотлар ўтказиш ушбу чораларнинг бир қисми, холос.

Фото: Getty Images

Душанба куни Россиянинг Калининград вилоятидан атиги 60 чақирим нарида НАТОнинг Tobruq Legacy-19 халқаро ҳарбий машғулотлари старт олди.

Алянсга аъзо 19 давлатдан келган ҳарбийлар Полша ҳудудида ракетага қарши ва ҳаво ҳужумидан мудофааланиш амалиётларини машқ қила бошлади.

Полшадан ташқари НАТО бир вақтнинг ўзида Шарқий Европада бир нечта машғулот ўтказмоқда: Латвия, Болгария, Руминия, Венгрия ҳудудида ва Болтиқ денгизида.

Бундай кенг кўламли ўқувлар сўнгги ўн йилликларда илк бор ўтказилмоқда.

"Стратегиянинг ўзгаришига сабаб – Россиянинг ядровий таҳдиди", – дейди НАТО бош котиби Йенс Столтенберг.

НАТОга кўра Қрим воқеасидан кейин Россияни тийиб туриш зарурлиги яққол аён бўлган.

Москвани тизгинлаб туриш йўлида ҳарбий иттифоқ тўрт банддан иборат стратегия ишлаб чиққан.

1. Санкциялар ва базалар орқали Москвага нисбатан босимни орттириш

Caption

2. «Қора денгиз фақат бир давлатга тегишли эмас»

НАТО янги стратегияси иккинчи бандининг моҳияти – Қора денгизда алянс ҳарбий мавжудиятини ошириш.

Бундан бир неча йил аввал НАТОнинг асосий эътибори Болтиқ денгизига қаратилган эди, аммо охирги вақтдаги воқеалар (масалан, Қрим аннексияси) алянсни бирламчи мақсадларини ўзгартиришга мажбур этди.

«Қора денгизда беқарорлик сақланадиган, Россиянинг ҳарбий мавжудияти ошадиган узоққа чўзилувчи давр остонада турибди. Бизда Қора денгизда ўтказиладиган ўқув машғулотларининг узун рўйхати бор. Буларнинг бари асосан ҳарбий, шунингдек, сиёсий ва кучни намойиш этиб қўйиш мақсадларида амалга оширилмоқда», – дейди НАТО бош котиби вакили Жеймс Аппатурай.

Россия НАТО томонидан Қора денгизда сўнгги бор ўтказилган «Денгиз қалқони» ўқув машқларига зудлик билан жавоб қайтарди: Қора денгиз флоти кемалари ҳарбий машқлар бошлаб юборди, денгиз авиациясига тегишли тикучарлар эса «шартли душман ҳужумлари»га жавоб қайтариш учун осмонга кўтарилди.

Украина бош разведка бошқармаси вакили Вадим Скибицкийнинг фикрича, деярли бир вақтнинг ўзида ўтказиладиган икки томоннинг бундай ўқув машғулотлари вақтида провокация ёки бирор «кутилмаган» ҳолат юзага келиши эҳтимоли юқори.

«Албатта, бу Украина томони учун хавф солади», – дейди у.

НАТО вакиллари Россия ўз ўқув машғулотлари давомида «ядро ҳужумини амалга оширишга тақлид қилиши»дан хавотир билдиради.

«Қора денгиз фақат бир давлатга тегишли эмас ва биз буни доимо эслатиб турамиз», – дейди НАТОнинг Россия бўйича маслаҳатчиси Роберт Пшел.

Caption

3. Иттифоқчилар учун ёрдам пакетлари. "Бу сизга «Евронигоҳ» эмас"

Ёрдам бериш масаласида Украина ва Грузия НАТОнинг доимий эътиборида.

Грузия НАТОга қўшилиш мамлакат хавфсизлиги кафолати эканини анчадан бери такрорлаб келади.

НАТОнинг Грузия билан охирги ҳарбий ўқув машғулотлари шу йилнинг март ойида ўтган.

Мамлакат ҳукумати баёнотига кўра, машғулотлар «бирор учинчи давлатга қарши қаратилмаган». Бироқ Грузия мудофаа вазирлиги машғулотларнинг асосий мақсадларидан бири НАТО аъзоси бўлмаган давлатларга нисбатан амалга оширилган таҳдидларга жавоб қайтариш салоҳиятини текшириб кўриш эканини айтган.

Украина эса махсус хизматлар ва денгиз қуролли кучларини ошириш юзасидан НАТО билан ҳамкорликни давом эттирмоқда.

Қримнинг Россия томонидан аннексия қилиниши ортидан денгиз кучларига эътибор қаратиш анчайин ортган.

Жаноб Пшелнинг тушунтиришича, НАТО ҳар бир ишни эҳтимолий таҳдидларнинг аниқ баҳоланиши ва аъзо давлатларнинг нуқтаи назарини инобатга олиш билан бошлайди. Барча далиллар таҳлил этилади, шундан сўнг таҳдидларга қарши қандай жавоб чораларини қўллаш мумкинлиги муҳокама қилинади.

Украинанинг янги президенти Владимир Зеленский мамлакатни НАТО билан яқинлаштириш сиёсатини давом эттиришини билдирган. Бироқ айрим таҳлилчиларнинг тахминича, жаноб Зеленский НАТО билан муносабатлар аҳамиятига олдинги президентлардан кўра камроқ эътибор қаратиши ҳам мумкин.

Caption

"Бу балл бериладиган «Евронигоҳ» эмас. Украинада эркин сайлов бўлиб ўтди, халқ шундай қарор қабул қилди. НАТО бош котиби Зеленский билан телефон орқали суҳбатлашди ва бизнинг Украинага нисбатан мақсадларимиз заррача ўзгармади. Киев қийин онларни бошдан ўтказаётганини тан олиш лозим. Бу Украина бошламаган зиддият. Одамлар ҳали ҳам нобуд бўлмоқда. Биз Зеленскийга омад тилаймиз. Янги инсон вазифани бажаришга киришди, у билан ишлашга тайёрмиз".

4. Киберҳужумларга қарши жавоб бериш учун олти дақиқа

НАТО киберҳужумлар етказадиган зарарни ҳақиқий ҳарбий ҳужумга тенглаштиради.

Биргина яхши ўйланган киберҳужум иқтисодиётга миллиардлаб доллар зарар етказиши, ҳаётий муҳим инфратузилмаларни фалажлаб қўйиши ва йирик компаниялар фаолиятини тўхтатиши мумкин.

"НАТОда [ташқаридан бўладиган бундай ҳужумларга] иммунитет йўқ. Ҳар куни алянснинг кибертизимларига қарши йўналтирилган шубҳали ҳаракатларни қайд этиб борамиз. Янги технологияларнинг такомиллашиши билан кибертаҳдидларнинг хавфи ҳам ошди", – дейди НАТО бош котиби Йенс Столтенберг.

Caption

Алянсга аъзо давлатлар ҳар қандай киберҳужумга нисбатан НАТО таъсис ҳужжатининг 5-моддаси бўйича муносабат билдирилишига келишиб олганлар.

Ушбу модда алянснинг бир ёки бир неча аъзосига нисбатан ҳужум бутун НАТОга нисбатан солинган таҳдид ўлароқ кўрилиши ва ҳар бир аъзо давлат ёрдам бериши шарт эканини белгилаб беради.

«Киберҳужумлар содир этаётган шахслар ўзларининг фош этилишини билиб қўйиши лозим. Худди Нидерландия ҳукумати британиялик экспертлар билан Россиянинг Ҳаагадаги Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилотига нисбатан уюштирган ҳужумини фош этгандек», – деган жаноб Столтенберг май ойининг сўнгида кибермудофаа бўйича сўзлаган нутқида.

НАТО аъзоси бўлмиш Британия ташқи ишлар вазири Жереми Ҳант ўзининг сўнгги баёнотида Россияни киберҳужумлар ташкиллашда айблаб чиққан.

Жаноб Ҳантнинг айтишича, Россия махфий хизматлари кўплаб давлатлардаги муҳим инфратузилмаларнинг ҳимоя тизимини бузиб киришга мунтазам ҳаракат қилади.

"Сўнгги 18 ой ичида НАТОдаги 16 иттифоқчимиз ва алянсга аъзо бўлмаган яна кўплаб мамлакатлар ҳудудида Россия киберфаолият юритгани тўғрисида маълумотларимиз бор", – деб таъкидлаган Жереми Ҳант.

Россия одатдагидек бундай баёнотларни инкор қилади.

НАТОнинг собиқ бош котиби Андерс Фог Расмуссен алянс кибертаҳдидларни диққат билан кузатиши лозим дейди.

"НАТО киберхавфсизлик соҳасида фаолроқ бўлиши керак. Бизда Кибермудофаа маркази бор, лекин у 2023 йилга келибгина тўлиқ куч билан ишлай бошлайди. Менимча, бу ўта имиллашдир. Жараённи тезлаштириш керак", – дейди жаноб Расмуссен.

Шунингдек, у муҳим қарорлар қабул қилишда тезкор бўлиш заруриятига ҳам урғу беради.

"1990-йилларда НАТО Болқонда ҳарбий амалиётлар бошлаш йўлида қарор қабул қилиш учун олти ой вақт сарфлаган. Ливияда ҳаракат бошлаш бўйича қарор қабул қилишимизга олти кун кетди. Ўйлайманки, келажакда бир қарорга келишимиз учун бизда бор-йўғи олти дақиқа бўлади, холос".