Таниқли ёзувчи-шоир Наби Жалолиддин аксарият адабиётшуносларни уйини қиморбозларга бўшатиб берган одамларга ўхшатган. Бу ҳақда у адабий танқидчи Жовли Хушбоқ уюштирган суҳбатда айтган. Қуйида суҳбатдан парча келтирамиз.


– Истеъдодлар яратган маънавий бойлик – бадиий асарлар халқнинг бебаҳо мулкига айланган. Яратиш, ижодда бадиий кашфиётлар қилиш учун эса Аллоҳ берган талантдан ташқари ижодкорда жасорат, ҳалоллик ва фидойиликка мойиллик каби ноёб фазилатлар бўлиши зарурлиги табиий.

Шу маънода бугунги, замонавий ўзбек адабиёти вакиллари ижоди қай даражада? Улар ҳақиқий ижодий мўъжизалар яратиб, узоқ йиллар тарих саҳнасидан тушиб кетмайдиган бадиий полотнолар яратаяптими?

Ҳам насрда, ҳам назмда баб-баравар қалам тебратаётган ижодкор билан суҳбат қуриш шу жиҳатдан олганда анча долзарб деб ўйлайман.

– Ҳа, ҳақиқий ёзувчи – Оллоҳнинг инъоми. У ўзи мансуб халқнинг том маънодаги маънавий мулки, бойлигидир. Чунки истеъдодли ёзувчининг миссияси ўз халқининг тақдирига, дардларига чамбарчас боғлиқ бўлади. У ўша юкни кўтариб яшашга ва «куйлашга» маҳкум.

Албатта, бугунги ўзбек адабиётида «мўъжизалар», «полотнолар» яратилаяпти деёлмайман. Чунки ёзилган барча асарларни ўқиганман деб айтолмайман, тўғриси-да. Тағин бир нарсани ҳам эслатиб қўяй: биз ўзбек ижокорлари бир-биримизга писандсиз қараймиз – бу бор гап. Балки бу қусур менда ҳам бордир. Бироқ Шукур Холмирзаев, Эркин Аъзам, Улуғбек Ҳамдам, Исажон Султон, Абдуқаюм Йўлдош (кимларнидир унутган бўлсам, узр) каби ёзувчиларнинг яхши асарларини унутмаган ҳолда, айтишим мумкинки, биз ҳамон ўз қобиғимиздан чиқиб кетолмаяпмиз.

Хўш, бу нималарда кўринади?

Аввало ўша сиз айтган жасорат танқислигида. Ичимизда ҳамон «цензура», қўрқув бор. Ҳа-ҳа, бор! Фақат тан олмаймиз холос.

Хўш, мен ўз халқимни бор қусуру фазилатлари билан яхши кўрар ёки ватанимнинг тақдирига бефарқ эмас ва уни жондан севар эканман, нимадан қўрқишим керак? Демак, қандайдир умумдардларимиз, миллий муаммоларимиз ҳақида ёзсам, мени нимададир айблашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Энди бу тушунча бизда ҳам, жамиятимизнинг бошқа аъзоларида ҳам бўлиши лозим. Акс ҳолда, сиз ўйлаган «полотнолар» яратилмайди.

Иккинчидан, ҳамон қамровимиз тор. Тўғри, оддийгина бир чумоли образи орқали кўп гапларни айтиш мумкин. Бироқ бунинг учун ўша чумоли одамга, унинг уяси биз яшаётган оламга, уйлари биз яшаётган коинотга айланиши керак-да. Биз эса кўпинча ўз қобиғимиздан чиқолмаймиз.

Учинчидан, чираниб, ўзимиздан баланд сакрашга уринамиз. Кимларгадир ўхшашга саъй этиб, ўз қиёфамизни йўқотиб қўйганимизни англамаймиз.

Тўртинчидан, она тилимизнинг имкониятларидан тўла фойдалана олмаймиз. Очиғи, тилни ҳис қилиб ёзадиган қаламкашларимиз кам.

Бугунги шеъриятимиз эса ХХ асрнинг 70–90-йилларидагидан орқага кетаётгани рост.

– Набижон, сизнинг асарларингизни ўттиз йилдан буён мутолаа қилиб, шундай хулосага келдим: ижодкор эътиқодидан бир зум бўлсин воз кечмаслиги зарур экан! Яна шуни англадимки, ижодкор рост сўзлаш, ҳақиқат қасрига интилиш истагидан чекинмаслиги керак!

Айни кунларда сизни безовта қилаётган ўйлар, дардлару беадад ташвишлар нималардан иборат деб сўраб қолишса қандай жавоб қайтарган бўлар эдингиз?

– Қодирий, Чўлпон, Ойбекларга нисбат бериб айтган фикрларимга энди қўшилмайман. Тўғри, Чўлпондаги жасорат, Ойбекдаги билим, тарихга боғлиқ қамров кўпчилигимизда йўқ. Лекин тил билан ишлаш, шакл, образлилик борасида улардан ўзиб кетган ёзувчиларимиз ҳам бор. Аслида ижод у ановиндан зўр, бу мановиндан паст дея баҳоланмайди. Бу ҳам бизгагина хос бўлган қусурлардан.

Бугун ТВ ҳам, матбуот ҳам ёзувчиларга яхши эътибор бераяпти – бундан нолийдиган жойимиз йўқ (хусусий каналлар эса шоир ва ёзувчиларни яқин йўлатишмайди. Чунки улар билан гаплашиш учун билим керак-да). Аммо қаламкаш бирон жойда ишламаса, ҳамон тирикчилиги ўтмайди – бу аниқ. Зўр асарлар яратилишининг кушандаси ҳам аввало шу ҳолат бўлса керак.

Дардлар денг!..

Келинг, фақат адабиётга, менинг унга муносабатимга оид изтироблар ҳақида гаплашмайлик. Рост, китоб чиқариш ҳамон муаммо. Ёзувчи катта бир роман, ҳатто у бугунги ёшларга кўп нарса бериши мумкин бўлган тарихий асар эса-да, ёзгач, яна нашриётлар аро сарсон кезади, ялинади, ёлворади. Ахир XXI асрда яшаяпмиз. Ноширлар ҳам ёзувчиларга оз-моз қайишишлари керак-да.

Бунинг устига, қайсидир нашриётнинг «она сути оғзидан кетмаган» муҳаррири ижодга жонини тиккан бечора ёзувчини таҳрир қилиб ташлайди. Сўрамайди ҳам.

Қалам ҳаққи борасида гапиришни ҳам истамайман!

Кўпчилик адабиётшуносларимиз эса уйини қиморбозларга бўшатиб берган одамга ўхшашади. Ҳар бир янги асардан «чўтал» унса бас. Яъни унинг муаллифига қараб муомала қилишади. Асосий дардим эса янги нарса ёзолмаяпман, ёзолмаяпман, ёзолмаяпман!..

– Адабий танқид борасида кўпчилик ижодкорларнинг нуқтаи назари ижобий эмас. Профессор Баҳодир Карим қуйидагиларни ёзган эди: «Назаримда, манфаатпарастлик, маҳаллийчилик, ҳамтовоқлик авж олган муҳитда ҳеч қачон холис ва адолатли адабий танқид бўлмайди. Анъанавий қолипга мос равишда кўпинча мақталади, озгина камчилик айтилади. Тамом. Агар жиддийроқ танқид қилинса борми, ўзаро душман қутблар пайдо бўлади. Битта асари қачонлардир курашчан мунаққид танқидига учраган тажрибали адибнинг адабий давраларда ўша танқидчи устига мағзава ағдариб, мавзуга алоқаси бор-йўқлигидан қатъи назар, унинг исмини қистириб очиқдан-очиқ масхара қилганини кўп кузатганман. Айтинг-чи, танқид кимга ёқади? Танқидчига ким қачон раҳмат айтган? Ижод аҳли учун мақтов муҳим. Мақтов кимга ёқмайди? Бироқ адабий танқид мадҳия ҳам, қасида ҳам, тўйчининг ноғораси ҳам эмас. Бинобарин, адабий жараённи холис баҳолашга бел боғлаган танқидчиларнинг иши ҳеч қачон осон бўлмаган».

Хўш, бу хусусда сизнинг фикрингиз қандай?

– Танқидга ижобий қарайман десам ёлғон бўлади. Аммо профессионал одамларнинг сиз ҳақингизда у ёки бу тарзда гапириб туриши ёки эслаши ёқимли.

Биласизми, ўтган асрнинг 90-йилларида юртимизда ажаб ғала-ғовурлар, тўфонлар кечди. Жумладан, адабиётда ҳам. Ўша пайтлари аввалроқ биқиниб қолган адабиётшунос-танқидчилар бирдан бош кўтардилар ва «фақат ҳақиқатни» айта бошладилар. Мустақилликдан сўнг эса улар «бу майдон»ни ўзиники қилиб олдилар. Бу эса ўша пайтдаги раҳбарларга қўл келди. Энди уларнинг гўё жабрдийда, бундан буёғига барча қаламкашларнинг тақдирини ҳал қилувчи гуруҳи пайдо бўлди. Буни ҳеч ким тан олмайди, албатта. Улар бутун-бутун асарларга ҳукм ўқий бошладилар ва ҳатто «адабиёт юлдузлари»ни ясадиларки, таъсири ҳамон бор ва ҳозирги адабиётшунослар уларнинг «қолдиқлари»дан ҳуркиб турадилар. Эҳтимол ичларида уларга ўхшашни истарлар!..

– Константин Паустовскийнинг ижодини яхши билишингизга шубҳа қилмайман. У таниқли ёзувчигина эмас, ҳатто адабиётшунос ҳам. Хўш, сиз ҳам ёстиқдай-ёстиқдай китобларни қоралаб ташлаган, умрининг олтмишинчи довонига яқинлашиб қолган адиб сифатида ижод хусусида, унинг сиру асрорлари тўғрисида қандай жўяли фикрлар билдиргингиз келади?

– Константин Паустовскийни мен ҳам яхши кўраман. Зўр ижодкор.

«Ёстиқдай-ёстиқдай китобларни қоралаб ташлаган» ёзувчи сифатида айтадиган гапларим кўп. Ҳатто анчадан бери ёзувчилик, ижод ҳақида нимадир ёзишни ўйлаб юраман. Лекин негадир бошлолмаяпман. Бундай асар ёзишга маънавий ҳаққим борми-йўқми – бу саволни ҳам ўзимга тез-тез бериб тураман.

Ёзувчилик – касб ҳам, ҳунар ҳам эмас. Ўрислар уни “призвание” дейишади. Бизда бу сўзни ифодаловчи сўз йўқ, назаримда. Шунинг учун «худо юқтиради» деб қўя қоламиз.

Чиндан ижод сирли жараён – бунга шубҳа йўқ. Масалан, мен ёзишга ўтирганимда вужудимда шундайин бир куч, қувватни ҳис қиламанки, таърифлашга тил ожиз. Гўё шер, йўлбарсга айланаман. Ишонинг, бу лоф ҳам, ўзгача кўринишга уриниш ҳам эмас. Кейин – ёзишдан тўхтаганимда, хуллас, бўш пайтларимда эса ўзи мен шу ишга муносибманми, бирон нарсага арзийманми деган иштибоҳда суст кетаман. Ҳаётим мана шу икки ҳолат орасида ўтаётир. Бу ҳузурли, аммо шу билан бирга азобли ҳам.

«Хайём» романини бошлашим қийин бўлган. Асар калламда бошидан охиригача пишиб етилган, ҳамма нарса тайёр, бироқ нимадан, қандай бошлашни билмай анча юрдим. Бир куни тобим қочиб, иситмаладим. Олов ичраман. Ё уйғоқмасман ва ёки ухламаганман. Қаёққадир чопиб бораяпман. Ҳарсиллаб. Вужудимдан тер қуюлади. Бир йўл бошида одамлар туришибди. «Бу йўл қаёққа олиб боради?», – дея сўрайман куйиб-пишиб. Ҳеч ким жавоб бермади. Яна югура кетдим. Яна йўл, яна ўша одамлар. Ўша савол. Аммо жавоб йўқ. Бу ҳол такрорланаверди, такрорланаверди… Охири ҳориб, чарчаб йиқилай деганимда кўз ўнгимда бир нуроний чеҳра пайдо бўлди – оппоқ салла ва соқол-мўйловли. У менга жилмайиб боқди-да, кўзи билан бир томонга оҳиста ишора қилди. Хуллас, романни шу воқеа билан бошладим. Қўлёзмада юз саҳифача қисми қийин ёзилган. Сўнг шунақаям илҳомим жўш урганки, худди биров айтиб тургандай ёзганман. Ахир асарда қарийб минг йил олдинги воқеалар акс этган. Уларни тасаввурга келтириш ёки сиғдиришнинг ўзи мушкул иш.

Хўш, энди айтинг-чи, бу ижоднинг сирлилигидан, илоҳийликка дахлдорлигидан эмасми?

Мен ишонаман: ҳар бир ҳақиқий ёзувчи бу дунёга махсус миссия билан келади. У башариятга кўзгу тутиб, унинг асл қиёфасини ўзига кўрсатади ва нурли манзил томон ундайди. Яхши асар қалбнинг малҳами, шуурнинг қайроғидир.

– Набижон, китобхонлар сизни шоир сифатида ҳам биладилар. Айтинг-чи, сиз гоҳида насрий асарлар битишни таққа тўхтатиб, юрагингизни безовта қилаётган дардларни назм шаклларида ифодалашга эҳтиёж сезасизми ёки…

– Мен шеърсиз яшолмайман. У ҳаётимнинг ажралмас қисмига айланиб улгурган. Назму насрни қуйидагича таърифлаганман (олдин ҳам кўп айтганман): назм биринчи муҳаббатга ўхшайди. Қўққисдан келади-да, ҳамма ёқни ағдар-тўнтар қилиб ташлайди. Кейин ҳар эслаганда энтикиб-энтикиб яшайверасиз. Наср эса – турмуш ўртоғи. Унга ойлаб-йиллаб эътибор керак. Сал оғсангиз, оила барбод бўлиши мумкин.

Шеър туйқус келади ва унинг ёзаётган насрий асарингизга таъсири бўлмайди. Аксинча, қаламингизни, шуурингизни чархлайди.

– «Чувалчанг ёққан кеча», «Тупроқ», «Мустақиллик», «Аёл» сингари турли йилларда ёзган ҳикояларингизни ўқиб чиқдим. Уларда ҳар хил мавзулар қаламга олинган. Аммо негадир сиз кўпроқ реалистик тасвирни маъқул кўрасиз. Модерн, постмодерн йўналишидаги асарларингиз деярли йўқдек. Бу нимадан далолат беради, ёзиш услубингиз шундай йўл тутишни тақозо этадими? Модернизмга қандай муносабат билдирасиз? Масалан, Жойс, Кафка, Камю кабиларни олсак.

– Мен рассом-ёзувчиман: ҳамма нарсани – табиат манзараларини, инсон қиёфаларини аниқ-тиниқ чизиб беришга уринаман. Токи ўқувчи асарим ичига кириб, унда иштирок этсин, яшасин дейман. Сўнг ўзимда ҳузурбахш бир ҳолатни ҳис этишни истайман. Ёзганларимни турли ...измларга солиш эса сизга ўхшаган адабиётшуносларнинг «иши»дир балки.

Сиз айтган ҳамма ёзувчиларнинг ҳам асарларини ўқимаганман. Негадир ўзини ақлли санамоқчи бўлган баъзи қаламкашлар ўша уч-тўртта ёзувчини эслайверишади. Бироқ менга уларни ўқиш оғир: воқеаларни атайлаб чайнаётгандек, ақлни қийнашга уринишаётгандек туюлаверади. Ҳатто уларда рутубатни ҳис қиламан.

Лекин сиз айтган ёзувчилар дунёни, ҳаётни ўзлари ёзгандек кўришади, тасаввур қилишади. Бу уларнинг англашими ёки услубими деймизми. Бунинг учун айбламайдилар ҳам, алқамайдилар ҳам аслида. Менимча, ўша «изм»ларни уларнинг атрофидагилар кашф этишган бўлса ҳам ажабмас.

Энди айтинг-чи, Достоевский (ҳатто Лермонтов), Булгаков модернчи эмасмиди? Нега улар ҳақида гапиришмайди?

Мен ҳам турли тажрибалар қилганман ва қилиб тураман. «Йиғи», «Ковак» деган қиссаларимни, «Бекат», «Яшаш ҳуқуқи» номли ҳикояларимни, ниҳоят, ҳали босилмаган «Қурб» номли романимни ўқимагансиз-да. Уларда ҳеч қандай «измчилик»ни тасаввур қилмайману, лекин янгиликка интилганим рост.

– Боя таъкидлаганим каби ёшингиз ҳам олтмишни қоралаяпти. Нега бугунги адабиётда Абдулла Қодирий, Ойбек, Одил Ёқубов каби забардаст адиблар етишиб чиқиши жараёни суст кетаяпти? Тилга олинган ёзувчилар классик асарларини қартайиб қолмасдан, айримлари ёшлигида қоралашган-ку?

Сиз ўзбек адабиёти жаҳон адабиёти даражасига чиқишига нималар халал бераяпти деб ҳисоблайсиз?

Ёшлар адабиёти учун давлатимиз миллионлаб маблағини аямаяпти. Аммо қани натижа? Кейинги ўн йилда қайси зўр шоир ёки адиб етишиб чиқди дея оласиз?

– Ёшни пеш қилавериб, жонга тегдингиз-да, Жовли бобо!

Сиз айтган Қодирий, Ойбек, Ёқубов каби зотлар биз учун устоз – пир. Аммо адабиёт улар билан тўхтаб қолмайди-ку! Қодирийни Қодирий қилгунча қанча одам тер тўккан, ҳатто шўро ҳам (инсоф билан айтайлик-да). Қодирий ва Ойбекнинг-да тилида ғализликлар сероб.

«Хайём»ни ёзишдан олдин осмон – юлдузлар ҳақида ўрганиш учун «Улуғбек хазинаси»ни яна варақладим. Бироқ астрономияга оид гапларни қарийб тополмадим. Шунинг ўзи сизга жавоб.

Бугун тарихи, илдизи буюк бўлган, дунёга юзланаётган давлатда яшаяпмиз. Сиз айтгандек, адабиётга маблағлар ажратилаяпти. Демак, ҳадеб минг сиқиқларда ёзган устозларимизни рўкач қилиб, эндигиларни ҳам ҳуркитмаслик керак.

Шукур Холмирзаев, Эркин Аъзам (ҳатто Чўлпоннинг) тили, маҳорати сиз айтганларникидан баланд. Ишқилиб, том-том диссертация ёзганлар мени «хомталаш» қилмасалар бас. Ахир ҳаёт, тафаккур ўсишда! Нега энди ўзбек кимларнингдир иззат-нафси, ҳурмати деб депсиниши керак?!

Жаҳонга чиқишимизда эса таржимадаги оқсоқлик халал бермоқда. Ўзимизнинг (чет тилига ўгирувчи) таржимонларимиз «одамига қараб» ҳаракат қилишади – буям бизнинг касалимиз. Тилимизни четдан ўрганувчилар кўпайса, ишимиз осон кечади. Уларнинг тан олиб таржима қилишлари барибир бошқа-да!

Кейинги ўн йилда ёзилган асарлардан (Улуғбек Ҳамдам, Исажон Султон, Абдуқаюм Йўлдош) айримлари чет тилларга яхшилаб ўгирилса, воқеа бўлиши тайин. Балки мен билмаган қаламкашлар ҳам бордир.

Шеърият ҳақида эса бир нарса деёлмайман.

Дарвоқе, бизнинг халққа кўпроқ диний-маърифий асарлар ёқади. Уларда услуб, маҳорат, ўзига хослик муҳим эмас. Буни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак. Эҳтимол эртага олтмишдан ўтиб, мен ҳам одоб-ахлоқ ҳақида ёза бошласам – асло ҳайрон бўлманг. Чунки мен ҳам ўзбекман.

– «Ижод – мўъжиза» деган гапларга қандай қарайсиз? Унинг мўъжизалиги, киши қалбини ҳайратга солиши нималарда намоён бўлади?

– Ижод эмас, унинг маҳсули – мўъжиза, бу рост! Китобни ўқийсиз, гоҳо худди мени ёзибди-да деб ўйлайсиз, қувонасиз, куюнасиз. Гоҳо «йўғ-е, бунақа бўлиши мумкин эмас» дейсиз: қувонасиз, куюнасиз, йиғлайсиз. Аммо ундан узилолмайсиз. Чунки бу адабиёт – худойим ўз олами ичра одамзотга берган олам. Унга кирганингизни қутлайман! Лекин асло чиқманг! Унда мўъжизаларга, ҳайратларга ошно бўласиз!

Оббо-о, Жовли бобо! Барибир мени гапиртирдингиз-а?! Яхшиликка бўлсин! Охирида шуни ҳам айтиб қўяй, ўзбек ёзувчилари «юрт замони»дан анча орқада: артистлар, рассомлар, қўшиқчилар-ку, “во-обше”, дунё кезмоқдалар. Аммо ўзбекнинг зўр ёзувчилари, кўплаб ижодкорлари ҳамон тирикчилик пайида бўлишга мажбур…

Бу – қисмат, биламан!

Лекин…

Ёзувчилар (яхшилари-да) барибир ҳалол одамлар. Уларга йўл очиш керак, қанотларини очишлари учун кенг само даркор.

Қани, ўзбегим! Кенгликларинг қани?!.