Туркиядаги маҳаллий ҳокимиятга қайта сайловда мухолифат вакили барибир Истанбул ҳокими бўлди. 23 июнда бўлиб ўтган сайловнинг дастлабки натижаcига кўра Экрем Имомўғли Истанбулнинг янги ҳокими бўлади.

Тарихий сайловда Эрдўғонга мухолиф ЖХП номзоди Имомўғли 4 688 628 та овоз тўплаган, 3 915 179 та овоз эса ҳукмрон АКП вакили Бинали Йилдиримга берилган.

Иккаласининг орасидаги фарқ 773 449 та овозни ташкил этди. Март ойидаги сайловда бу кўрсатгич 13 минг эди.

Бинали Йилдирим телевидение орқали ўз мағлубиятини аллақачон тан олиб, ғолибни табриклади.

АКП Истанбулни қўлдан бой бергани нега муҳим: АКП март ойидаги сайловда мамлакатнинг 12 катта шаҳридан 8 тасини қўлдан бой берди. Хусусан, энг катта иқтисодий марказлар АКПга қарши овоз берган. Ўзини бизнеспарвар деб биладиган партия учун бу катта муаммо.

Истанбул Европанинг энг катта шаҳри бўлиб, у ерда Туркиянинг сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга 10 млн фуқароси яшайди. Туркия аҳолисининг 20 фоизи айни шу шаҳарда истиқомат қилади.

Туркия сиёсатида муҳим рол ўйнаган ўнлаб сиёсатчилар айнан Истанбулда карьерасини бошлашган. Эрдўғоннинг ўзи 1994 йили Истанбул ҳокими бўлган ва шу даврда бутун Туркияга танилган. Кўпчилик мутахассислар Истанбулни қўлга киритиш бутун Туркияни олиш деб ҳисоблайдилар.

Бу сайловнинг фавқулодда натижаси яна бир жиҳати билан жуда муҳим.

Юз минглаб одамлар қамалган, мухолиф ОАВ тарқатиб юборилган, мавжуд ОАВнинг 90 фоизи Эрдўғон ва унинг иттифоқчиларини қўллаб келаётган бир пайтда бундай натижалар жамиятда чуқур ихтилоф борлигини англатади.