Туркиядаги маҳаллий ҳокимиятга сайловдан уч ҳафта ўтиб, 17 апрелда овозларни такроран санаш тугатилди. Ҳисоб-китоб натижаларига кўра Туркия Марказий сайлов комиссияси Экрем Имомўғлини Истанбулнинг янги ҳокими деб эълон қилди.

Сайловда Эрдўғонга мухолиф ЖХП номзоди Имомўғли 4 169 765 та овоз тўплаган, 4 156 036 та овоз эса ҳукмрон АКП вакили Бинали Йилдиримга берилган.

Иккаласининг орасидаги фарқ 13729 та овоз.

АКП Истанбулни қўлдан бой бергани нега муҳим: АКП мамлакатнинг 12 катта шаҳридан 8 тасини қўлдан бой берди. Хусусан, энг катта иқтисодий марказлар АКПга қарши овоз берган. Ўзини бизнеспарвар деб биладиган партия учун бу катта муаммо.

Истанбул Европанинг энг катта шаҳри бўлиб, у ерда Туркиянинг сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга 10 млн. фуқароси яшайди. Туркия аҳолисининг 20 фоизи айни шу шаҳарда истиқомат қилади.

Туркия сиёсатида муҳим роль ўйнаган ўнлаб сиёсатчилар айнан Истанбулда карьерасини бошлашган. Эрдўғоннинг ўзи 1994 йили Истанбул ҳокими бўлган ва шу даврда бутун Туркияга танилган. Кўпчилик мутахассислар Истанбулни қўлга киритиш бутун Туркияни олиш деб ҳисоблайдилар.

Бу сайловнинг фавқулодда натижаси яна бир жиҳати билан жуда муҳим.

Юз минглаб одамлар қамалган, мухолиф ОАВ тарқатиб юборилган, мавжуд ОАВнинг 90 фоизи Эрдўғон ва унинг иттифоқчиларини қўллаб келаётган бир пайтда бундай натижалар жамиятда чуқур ихтилоф борлигини англатади.