Саудия Арабистони, Россия ва бошқа 35 давлат БМТга Хитойнинг Шинжондаги уйғурларга муомаласини қўллаб-қувватлаб мурожаатнома имзолаган. Бу ҳақда мурожаат хатини кўрган Reuters агентлигининг мухбирлари хабар бермоқда.

Бу давлатлар ичида Ўзбекистон ҳам бор-йўқлиги ҳозирча номаълум.

Аввалроқ, шу ҳафта БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашидаги 22 давлат Хитойнинг Шинжондаги уйғурларга муомаласи танқид қилинган мурожаатномани имзолаган. Уларнинг аксарияти Ғарб давлатлари эди, ичида ислом оламидан битта ҳам вакил бўлмаган.

Хитойни қўллаб-қувватлаган эндиги хатда 40 мамлакатнинг БМТдаги элчиси Хитойнинг инсон ҳуқуқлари борасидаги "салмоқли ютуқларга" эришганини олқишлаган. Уларнинг айтишича, Хитой сиёсати натижасида Шинжонга барқарорлик қайтди ва охирги уч йилда битта ҳам теракт содир этилмаган.

Саудия Арабистони ва Россиядан ташқари, хатга Африканинг кўпгина давлатлари, Шимолий Корея, Венесуэла, Куба, Беларус, Филиппин, Сурия, Покистон, Уммон, Кувайт, Қатар, БАА ва Баҳрайн элчилари имзо чеккан.

Бирлашган миллатлар экспертлари ва инсон ҳақлари гуруҳларига кўра, бир миллиондан ортиқ уйғур ва бошқа мусулмонлар маҳбусларга мўлжалланган жамлоқларда ушлаб турилибди.

Хитой уйғурларни терроризмга қарши кураш марказларида қайта тарбиялаётганини айтиб келади.