Хитой ҳукуматининг 18 мартда маълум қилишича, 2014 йилдан буён Шинжон мухтор минтақасида (Шарқий Туркистонда) 13 минг "террорчи"ни қамаган.

Бундай рақамлар мусулмон уйғурлар учун ташкил этилган лагерларни "мафкуравий оқартув" воситаси сифатида оқлаб чиққан ҳисоботда келтирилган.

  • Халқаро ҳамжамият Хитой махсус лагерларда бир миллиондан ортиқ уйғур ва бошқа мусулмонларни сақлаб келаётганини кескин танқид қилади.
  • Пекин бу лагерлар радикализмга қарши курашиш, радикаллашган шахсларни “қайта тарбиялаш” мақсадида ташкил этилганини иддао қилади.

Ҳукуматнинг ҳисоботида айтилишича, 2014 йилдан буён Шинжонда “1588 та террорчи тўда йўқ қилинган, 12 995 нафар террорчи қамоққа ташланган, 2052 та портловчи қурилма қўлга киритилган, 30 645 одам 4858 та ноқонуний диний маросимда қатнашгани аниқланган ва 395 229 та ноқонуний диний материалнинг нусхалари мусодара қилинган”.

2018 йил августида Хитой бир миллион уйғур мусулмонларини қамаганлиги ҳақида хабарлар тарқалган. Хитой аввалига бу хабарларни рад этган, аммо БМТнинг Инсон ҳуқуқлари кенгашидаги йиғинда Хитой расмийлари "диний экстремизм таъсирига тушган" уйғурлар қайта тарбиялаш курсларидан ўтаётгани ва уйларидан кўчирилаётганини тан олишган.

Уйғурлар Шарқий Туркистон деб атайдиган Шинжон минтақаси йиллар давомида зўравонлик майдонига айланган.

Хитой зўравонликларда "исломий жангарилар" ва бўлгинчиларни айблайди.

Аммо уйғур фаолларининг айтишларича, Хитой уларни диний ва миллий ўзликларидан маҳрум қилиш сиёсатини юргизмоқда.