“Америка овози” журналисти Навбаҳор Имомова Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов билан суҳбатлашди.

Диний идора ижтимоий тармоқларни кузатади

Муфтий ижтимоий тармоқларда бўлаётган воқеликларга диний идора ҳар доим муносабат билдириб келиши ҳақида айтган:

“Фаоллик бугунги энг долзарб вазифа. Мусулмонлар идораси, жим турибди, фаол эмас деган нарсадан биз йироқмиз. Биз тармоқлар очиб қўйганмиз, ҳамма туридан бизда бор. Турли саволлар келиб тушади, ўша вақтнинг ўзида биз албатта жавоб бериб борамиз. Бу бизнинг кундалик ишимиз. Бугун биз агар ижтимоий тармоқлардан узилиб қолсак ҳаётдан орқада қоламиз. Ёшларнинг дарди бу бизнинг дардимиз. Уларга албатта чуқур маънода эътибор берилади. Кимга қандай туюлади, билмадим, лекин биз ҳар бир воқеликка босиқлик билан, вазминлик билан мулоҳаза қилиб ёндашамиз. Диний идора бу ҳамманинг идораси, бу – ҳаммага баробар. Шундай бўлгандан кейин уларнинг ичида ҳар тоифа одамлар бор: тезоби ҳам, вазмини ҳам, мунозарага ўчи ҳам бор. Диний идора уларга вазминлик билан, мушоҳада қилиб жавоб беради”, дейди муфтий.

Журналистнинг “azon.uz” телеканали тўғрисидаги саволига аниқ жавоб бермаган муфтий диний ҳаёт ҳақидаги ахборот манбалари кўп эканини айтади: “Диний ҳаёт, ислом, мусулмонлар турмуши, уларнинг муаммоларини ёритадиган ахборот манбалари бор. Уларга рухсат берилган. Бундай ахборот манбалари кўп. Рақобат бўлгани яхши, албатта. Рақобатсиз ҳаёт бу орқада қолишдир. Хулоса нима бўлади, хулосани вақт ўзи кўрсатади. Ҳамма нарсага секинлик билан ёндашсак, барчаси ўз жойига тушади”.

“Вақф” жамғармаси

Мусулмонлар идораси раиси “Вақф” жамғармаси ҳақида ҳам гапирди: “Президент ташаббуси билан “Вақф” хайрия жамғармаси тузилди. Масжидлардаги ноиблар, имомлар, мутаваллилар, бошқа ходимларнинг маошлари, қолаверса, коммунал тўловлари, солиқлари шу жамғарманинг ҳисобидан қопланади. Чунки, аввал улар маошсиз ишлашар эди. Масалан, қишлоқдаги масжид имоми энг кам ойлик иш ҳақининг 3 бараварини олади. Шу билан бирга бошқа иш ҳам қилиши мумкин бўлади. Жамғарманинг маблағини кўпайтира олмаяпмиз. Биз ҳозир вақфга мулк қилиш билан оворамиз. Қачонки, мулкдан ишланиб келган фойда кўпайса жамғарманинг маблағи ҳам кўпаяди. Бунга узоқ муддат керак. Мусулмонлар идораси тасарруфида Қибрай туманида 27 гектар ер бор эди, шунинг ярмини жамғармага ўтказиб бердик. Тикувчилик, макарон ва нон цехлари қурилди, энди шундан келган даромаддан кам таъминланган оилаларга ёрдам берилади. Рамазон ойида ҳам “Вақф” томонидан катта ишлар қилинди. Буларни санашга ожизман. Ҳатто бошқа дин вакиллари бўлмиш беморларга ҳам ёрдам берилмоқда”.

Муфтийнинг ахборотидан кейин баъзи бир фактлар ойдинлашди:

  • Таровеҳ намозлари 2056дан зиёд масжидларда ўқилади, 1200дан ортиқ масжидларда Қуръон хатмлари қилиняпти. Ҳамма қорилар ўзимизнинг талабалар. Хорижий мамлакатларга ҳам таклифларга биноан қорилар юбориляпти. Масалан, Нью Жерси штатига бир қори юборилган.
  • Ўзбекистонда 12 та диний ўқув юрти бор. Шулардан 3 та олий, 9таси ўрта махсус, 2таси хотин-қизлар учун диний билим берадиган диний ўқув юртидир.
  • Ёши кекса бўлиб қолган одамлардан тушган таклифлар ўрганилиб, мадрасалар қошида 3 ойлик пуллик диний курслар ташкил қилинган. Диний курсни тугатганлар араб тилини ўрганади, Қуръонни тажвиди билан ўрганади, диний саводга эга бўлади. 2 йилдан бери 7 мингдан ортиқ аҳоли диний курсларни тамомлади.
  • Ўзбекистонда диний ташкилотлар тўғрисида қонун қабул қилиниши кутилмоқда.
  • Ўзбекистон яқингача “алоҳида хавотирга молик давлатлар” рўйхатида эди. Айни пайтда ушбу рўйхатдан чиққан.
  • 20мингдан ортиқ киши “қора рўйхат”дан чиқарилди. Муфтийнинг иддаосича, бу “диний идоранинг ташаббуси ва Президентимизнинг саъй-ҳаракатлари билан амалга оширилди”.
  • Диний сабаб билан қамалганларнинг ишини ўрганиш жараёни тўхтамаган.
  • Ўзбекистонда диний ташкилотлар тўғрисида қонун қабул қилиниши кутилмоқда. Дин давлатдан ажратилган, ҳижоб ва соқол масаласи давлат томонидан тақиқланмаган. Баъзи муассасаларнинг ички тартиб-қоидаси бўлиши мумкин. Лекин биз бу масалага диний идора аралаша олмайди, бундай ваколати йўқ.

“Ибодатдан илм афзал...”

Муфтий Усмонхон Алимовнинг айтишича, Ўзбекистон масжидлари ҳамма учун очиқ: “Ҳукумат ибодатни чиройли ўтказиш учун ички ишлар ходимларини ҳам қўйганки, улар яхши гап билан, муомала билан тартибсизликни олдини олишга қараб туришибди. Ички ишлар ходимлари турибди назорат қиляпти деб ўйлашади, бунинг аниғини билиш учун жараёнда қатнашиб кўриш лозим. Мен қайси бир масжидга борсам болаларни кўраман. Болалар масжидга киритилмайди деган қоида йўқ. Бўлаётган салбий гапларнинг ҳаммаси ташқаридаги гаплар. Ёш болалар илм билан шуғулланишлари керак, илм афзалми, ибодат афзалми, албатта, илм афзал. Шу жиҳатидан масалага қарасак, бу дегани келма дегани эмас. Дарсни қўйиб масжидга келганидан дарсини ўқигани маъқул. Лекин ибодатга келса, бунга ҳам ҳеч ким монелик қилмайди. Аслида бу диний илм, бу дунёвий илм деган нарса йўқ. Илм бу илм”.

Сотувга қўйилган масжид

Муфтий Андижонда сотувга қўйилган масжид аслида мадраса қилиб қурилганини айтди: "Андижондаги сотувга қўйилган масжид билан муфтийлар шуғулланмади эмас, Андижондаги масжидни бир арабистонлик киши қурдиради, масжид эмас, мадраса деб қурдиради. Бу битганидан кейин диний идора Андижонда битта мадраса бор, шуни масжид қилиб фойдаланайлик деб ўз таклифини айтади. Масъул киши ҳам, маблағ юборган киши ҳам бунга кўнмайди. Бу воқеа эски муфтийнинг даврида рўй берган. Эски воқеа бугун яна янгиланяпти. Кейинчалик бу жой ҳокимият тасарруфига ўтиб кетган. Бу жойни очиб бериш ҳозир диний идоранинг ваколатига кирмайди. Биз ҳозир тадбиркорлар орқали у ерни “Вақф” жамғармасига ўтказишга ҳаракат қиляпмиз. Бу борада диний идоранинг позицияси бор. Биз қараб турганимиз йўқ, ҳаракат қиляпмиз. Лекин биз “ундай қиляпмиз, бундай қиляпмиз” деб қилаётган ишимизни кўз-кўз қилишдан йироқмиз”.

Журналистнинг “Ўзбекистонда эътиқод эркинлигини ким ҳимоя қилади?” деган саволига муфтий аниқ жавоб бермаган.

“Мусулмонлар диний идорасининг вазифаси бутун мусулмонларни бошқариш, уларнинг эътиқоди, фиқҳий масалалари, шунингдек, толерантликни таъминлаш. Диний идора нодавлат ташкилотдир. Дин ишлари бўйича қўмита диний идорани давлат билан боғлаб туради”, дейди муфтий Усмонхон Алимов.

Муфтийнинг таъбирича, “Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистонда улкан-улкан ўзгаришлар бўляпти”.