Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган. Бу ҳақда «Azon.uz» ўз манбасига асосланиб хабар берди.

«Муфтий Усмонхон Алимов, бугун Ўзбекистон халқаро Ислом академиясида Бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида Ўзбекистон Мусулмонлари идораси, унинг вилоят вакилликлари ходимлари, Дин ишлари бўйича қўмита раҳбарияти иштирокида ўтказилаётган мажлисда ишдан олинган» дейилади хабарда.

Шунингдек, манбаларнинг хабар беришича, ҳозирда Тошкент вилояти бош имом-хатиби лавозимида ишлаб турган Хайруллоҳ домла Турматов муфтий этиб тайинланган. Хайруллоҳ Турматов Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент вилоятига сафари давомида унинг назарига тушиб қолгач, ТВда тез-тез кўриниш бераётган, кўпчилик ўша вақтдаёқ унинг кўтарилишини тахмин қилган эди.

Ўзи умуман кейинги пайтда диний соҳада бир қатор рокировкалар амалга оширилди. Дин ишлари бўйича қўмита раҳбарияти деярли тўлиқ таркибда алмаштирилди. Тизимга Давлат хавфсизлик хизмати ва ХҚҚдан чиққан кадрлар олиб келинди.

Диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида Президент қарори қабул қилинди. Қарорда соҳада янги тизим жорий этилиши маълум қилинди.

Ижтимоий тармоқлардаги соқол ва ҳижоб мавзуси атрофидаги норозиликлар, "Вақф" фонди раҳбари туширган "қовун" ортидан ўзгариш тўлқини Мусулмонлар идорасига ҳам етиб келиши кутилган эди. Шундай бўлиб чиқди ҳам. Мусулмонлар идорасига 13 йил раислик қилган Усмонхон Алимов ишдан олиниши ортидан ташкилот фаолиятида қандай ўзгаришлар бўлишини ҳозирча тахмин қилиш мушкул. Диний қўмита ва Мусулмонлар идораси янги раҳбариятининг илк қадамлари Ўзбекистонда диний соҳадаги янгича сиёсат қайси ўзандан юришини кўрсатиб берса ажабмас.