"Муаммоли" ўспиринлар билан ишлаш тизимини ислоҳ қилиш мақсадида Халқ таълими вазирлиги ҳузурида Республика ўғил болалар ўқув-тарбия муассасаси ва Республика қиз болалар ўқув-тарбия муассасаси ташкил этилади. Бу ҳақдаги қарорни президент 29 май куни имзолаган.

Ўзи нима гап: 2018 йилнинг иккинчи ярмида тарбияси оғир ўспиринлар ўқийдиган махсус коллежлар, хусусан ҳомиладор ёш қизлар аниқланган Қўқондаги махсус енгил саноат коллежидаги аянчли аҳвол ҳақида маҳаллий ва хорижий ОАВда хабарлар пайдо бўла бошлади. Бу хабарлар депутатлар, прокуратура ва бошқа мутасадди органларни вазиятни ўрганишга ундади.

Ўрганишлар натижасида “Миллий тикланиш” партиясининг собиқ раиси Сарвар Отамуродов бу тизимдаги вазиятни танқид қилиб чиққан эди.

“Аҳвол криминал бўлиб ётибди, давлат бюджетидан ажратилган пуллар талон-торож. Ўзи шундоқ ҳам хулқи ёмон болалар орасида муҳит жуда ачинарли, ҳомиладор ёш қизлар бор, у шароитларда одам яшай олмайди. Мактабни битираман деб турган ёшлар ҳарф танимайди, ўз исмини ҳам ёза олмайди. Бу жуда ачинарли, вазиятни ўрганиб бошимиз қотиб қолди. Биз бу махсус мактаблардаги муаммоларни ҳукумат, бош вазир даражасигача олиб чиқдик, прокуратура органлари ҳам шуғулланди", – деган Сарвар Отамуродов.

Шу мақсадда тарбияси оғир болалар билан ишлаш тизими ўзгартириладиган бўлди. Бу муассасалар қуйидаги махсус мактаб-коллежлар негизида бўлади:

  • Бахт шаҳридаги ўғил болалар махсус коллежи;
  • Қўқон шаҳридаги махсус енгил саноат коллежи;
  • Самарқанд шаҳридаги 64-ўғил болалар мактаб-интернати;
  • Чиноз туманидаги 5-қиз болалар мактаб-интернати.

Қиз болалар мактаби Тошкент вилояти Чиноз тумани Гулзоробод маҳалласида, ўғил болалар мактаби Сирдарё вилояти Сирдарё тумани Бахт шаҳри Тадбиркор маҳалласида бўлади.

Ўғил болалар мактаби Миллий гвардияга, қиз болалар мактаби Ички ишлар вазирлигига бириктирилади.

Мактабларга кимлар жойлаштирилади:

  • 14 ёшга тўлган ва 18 ёшдан ошмаган болалар;
  • ижтимоий хавфли қилмиш содир этган, лекин жиноий жавобгарликка тортиш мумкин бўлган ёшга тўлмаган ёхуд руҳий касаллик билан боғлиқ бўлмаган ҳолда ривожланишда ўз ёшига нисбатан орқада қолиши оқибатида содир этган қилмишининг аҳамиятини тўлиқ англаб етишга қодир бўлмаган болалар;
  • айблилиги тўғрисидаги масала ҳал қилинмай туриб жиноий жавобгарликдан озод қилинган, материаллари вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссияга кўриб чиқиш учун топширилган болалар;
  • мактабга жойлаштириш тариқасидаги мажбурлов чораси қўлланган ҳолда жиноий жазодан озод қилинган болалар;
  • якка тартибдаги профилактика иши олиб борилаётганига қарамай, мунтазам равишда ҳуқуқбузарлик ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир қилишни давом эттираётган болалар суд қарори асосида.

2019/2020-ўқув йилидан бошлаб:

  • юқорида кўрсатилган болалар фақат республика ўқув-тарбия муассасаларига ўқишга қабул қилинади;
  • Қўқон шаҳридаги махсус енгил саноат коллежи ва Самарқанд шаҳридаги 64-ўғил болалар мактаб-интернатига болаларни қабул қилиш тўхтатилади ва қолганлар ўқишни тугатадилар.

Мактаблардаги гуруҳлар ва синфлар 15-20 нафар ўқувчи билан тўлдирилади. Истисно тариқасида молия органлари билан келишилган ҳолда ўқувчилар сонидан қатъи назар синфлар очишга рухсат этилади.

Тасарруфида умумтаълим ёки ихтисослаштирилган мактаблар бўлган вазирлик ва идоралар:

  • 2019/2020-ўқув йилидан бошлаб вояга етмаганлар ишлари бўйича ҳудудий идоралараро комиссиялар (ҳудудий комиссиялар) тавсиясига асосан юборилаётган ўсмирларни мактабларга истисно тариқасида бепул, синовларсиз ва қўшимча имтиҳонларсиз қабул қилади;
  • ҳудудий комиссиялар тавсиясига асосан қабул қилинган ҳар бир ўқувчи учун алоҳида мураббий бириктиради ва унинг таълим-тарбиясини доимий назорат қилади, мактабларни битиргандан кейин иш билан таъминлашда кўмаклашади.

2019 йил 1 сентябрдан бошлаб қизлар ва ўғил болалар мактабларининг раҳбар ва педагог ходимлари, шу жумладан, тарбиячилар ва тарбиячи ёрдамчиларига меҳнатнинг алоҳида шароитлари учун базавий тариф ставкасининг 75 фоизи миқдорида ҳар ойлик устама ҳақ тўланади.

Депутатлар ҳар йили бир марта мактаблардаги ўқув-тарбия жараёнларини муҳокама қилиши, мактаб раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиши мумкин. Улар таълим-тарбия жараёни, болаларнинг хулқ-атворини ўзгартириш борасида амалга оширилаётган ишлар, уларга кўрсатилаётган тиббий хизмат, мактаблардаги ижтимоий-маънавий муҳитни танқидий муҳокама қилишади.

Мактаблар бешта ташаббусни кенг жорий этиш мақсадида 2 ой ичида:

  • мусиқа, рассомчилик, тасвирий санъат, кулолчилик ва бошқа тўгаракларни ташкил этиш, шунингдек, амалдаги меъёрга мувофиқ мусиқа асбоблари;
  • спорт залларини 34 хил жиҳоз ва анжомлар;
  • ўқишга тавсия этилган 136 номдаги бадиий китоблар;
  • тарбияланувчи қизларнинг касбий кўникмаларини ривожлантириш мақсадида зарур миқдорда тикув машинаси ва бошқа анжомлар билан таъминланади;
  • мактабларда биттатадан синфхоналар замонавий компютерлар билан таъминланади, уларда ўқувчиларни фикрлашга йўналтирадиган компютер ўйинлари базаси яратилади.