Москвада сиёсий инқироз рўй бермоқда. Москва шаҳри думаси сайловида қатнашишга рухсат берилмаган номзодлар ва уларнинг тарафдорлари оммавий норозилик намойишига чиқди. 300 дан ортиқ намойишчи ушланган. Кузатувчиларнинг айтишича, яқин тарихдаги ҳеч қайси норозилик акциясида ҳукумат бу қадар кучли зўравонлик ишлатмаган.

Москва думасига мустақил номзодлар ва уларнинг тарафдорлари 14 июлдан бери шаҳарда оммавий норозилик акцияларини ўтказиб келмоқда. Улар шаҳар думасига сайлов эркин ўтказилишини, мухолиф номзодларга ҳам унда иштирок этиш имконияти берилишини талаб қилмоқда.

  • Тергов қўмитаси ушбу акциялар деб Марказий сайлов комиссияси фаолиятига халақит бериш бўйича жиноий иш очган.
  • Мухолиф сиёсатчиларникида 25 июлдан бери тинтувлар ўтказилмоқда.
  • Ҳафта бошида Алексей Навалний россияликларни норозилик намойишларида қатнашишга чорлагани учун қўлга олиниб, 30 кунга қамалди.

Намойишларга Россия шаҳри расмийлари рухсат бергани йўқ. Аксинча, расмийлар намойиш уюштирувчиларини тобора кўпроқ сиқувга олмоқда. 24 июл куни Москва шаҳри думасига ўтказиладиган сайловда депутатликка номзод бўлиш истагидаги бир неча шахс уйи тинтув қилинди, уларнинг ўзлари эса сўроқ қилинди. Ҳозирча Иля Яшин, Дмитрий Гудков, Любов Собол, Юлия Галямина ва Иван Жданов каби мустақил номзодлар ҳибсга олинган.