Бугунги кунда пул ўғирлаш учун кимнингдир уйига кириш шартмас, смартфони қўлга олинса кифоя, ҳамма маълумотлар ўша ерда. Баъзан смартфонни ўғирлаш шартмас, унинг эгасининг ўзи керакли маълумотни айтиб қўяди. Масалан, кимдир сизга телефон қилиши, ўзини банк ходими сифатида таништириб, барча зарурий маълумотларни билиб олиши мумкин.

1Телефонингизга парол (Touch ID, Face ID) ўрнатинг

Ҳар қандай паролни бузиш мумкин. Аммо банкка боғланиб, маълумотларингизни ўзгартиришингиз, картани блоклашга улгуришингиз учун вақт керак. Паролларни ечиш учун эса қароқчига вақт керак. Эринмасдан қийинроқ, мураккаброқ парол қўяверинг. Парол смартфонингиздаги иловаларга киришни қийинлаштириши мумкин, аммо сим-картангизни бошқа телефонга қўйиб, ундан пул ечишлари мумкинлигини ҳам унутманг.

2Мобил қурилмангизга автоблок ўрнатинг

Смартфонингиз доим ҳам блокда бўлмаслиги ёки узоқ вақт ўтгач, блокка тушиши мумкин. Унга автоблок ўрнатинг. Ўғриларга ярим дақиқа ҳам имконият бериб бўлмайди. Автоблокка тушиш муддатини қисқа қилинг. Иложи бўлса, қурилмангиз бир дақиқада автоматик қулфланиши керак.

3Сим-картангизга ПИН-код ўрнатинг

Ўғрилар смартфонингиз қулфини бузиб киришга қийналса, сим-картадан фойдаланишади. Бунинг учун уни бошқа мобил қурилмага қўйиб, сим-картангиз орқали банкингиз билан боғланишлари, илова ўрнатиб, пулингизни ўзларига қулай ҳисобга ўтказворишлари мумкин.

4Янги телефон номер олганда эски номер билан алоқаларни узинг

Айримлар янги номер олганда эки номерини умуман ишлатмайди ёки сим-картасини шунчаки ташлаворади. Агар эски номерингиздан банк картангиз ўчирилмаган бўлса, ташлаворилган сим-карта унга йўл очади. Ёки узоқ вақт ишлатилмаган номерингизни оператор бошқа одамга бериши мумкин. Натижада банк картангиз ҳақидаги маълумотлар ўша номерни олган одамга боради. Демак, номер алмаштирганда, эскиси билан барча алоқаларни узинг.

5Мобил қурилмангизда банк картаси маълумотларини сақламанг

Мобил қурилмаларда банк карталари, паспортнинг фотосуратларини сақламанг. Кимгадир мессенжерлар орқали бу ҳақда ёзган бўлсангиз, кейин ўчириб ташланг. Картангиз номерини, паспортингиз нусхасини қўлга киритган одам, агар ҳисобингизда каттагина пул бор деб ҳисобласа, улардан осон фойдаланиши мумкин. Ўғрининг банкда таниши бўлса, бу маълумотлар ўғирликни янада осонлаштиради.

6Телефонни йўқотганда аввало сим-картани блоклатинг

Ўғри аввало сим-карта орқали банк ҳисобингизга киришга уринади. Телефон операторига қўнғироқ қилиб, сим-картани блоклатинг.

7Банкка қўнғироқ қилиб, ҳисобингизни вақтинча ёпинг

Ўғирланган маълумотларингиз асосида банк картангиздан пул ўғирламасликлари учун картани вақтинча блоклатиш, ундан пул ечилишининг олдини олиш керак. Банкка шахсан бориб, ҳужжатларингизнинг асил нусхасини кўрсатмагунингизча ёпиб қўйишни сўранг.