Шавкат Мирзиёев прокурор ва солиқчиларга янги солиқ тизимининг тартиб-қоидалари тадбиркорлар онгида тўлиқ шаклланмагунча, уларни жазолашга, жаримага тортишни ман этди. 22 февралда солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси бўйича Президент Администрациясида видеоселектор ўтди.

– Солиқ ва прокуратура идораси ходимлари қулоғига қуйиб олсин: бу йил янги солиқ тизимининг тартиб-қоидалари ва ҳисоб-китоблари тадбиркорлар онгида тўлиқ шаклланмагунча, уларни жазолашга, жаримага тортишга умуман йўл қўйилмасин. Аксинча, улар тадбиркорларга маслаҳатчи ва кўмакчи бўлиб, солиқларни аниқ ҳисоблаш ва тўлашда тўғри йўл кўрсатиши керак, – деган Шавкат Мирзиёев йиғилишда.

Тадбирда солиқ идоралари ходимларининг малакаси, касб масъулияти талаб даражасида эмаслиги, оқибатда жиддий камчилик ва хатоларга йўл қўйилаётгани қайд этилган. Масалан, Қашқадарё ва Жиззах вилоятларининг туманларида умумбелгиланган солиқ тўлаш тизимига ўтган тадбиркорлик субъектларига маслаҳат бериш учун солиқ инспекторлари номига бириктирилгани айтилган.

– Қанчалик мураккаб бўлмасин, бошлаган ислоҳотларимизни охиригача етказишимиз зарур. Лекин тарғибот-тушунтириш ишларини баҳона қилиб, ўрганишларни текширувга айлантиришга мутлақо йўл қўйилмайди. Ҳалол тадбиркор доимо давлат ҳимоясида, менинг ҳимоямда, – деган президент.

Ўзбекистонда 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб янги солиқ концепцияси кучга кирган:

  • фуқаролар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона ставкаси — 12 % миқдорида жорий этилган, ундан 0,1 фоизини шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига йўналтирилган;
  • Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ушлаб қолинадиган суғурта бадалларини бекор қилинган;
  • Ягона ижтимоий тўлов миқдори давлат корхоналари ва устав капиталининг 50 %дан ортиғи давлатга тегишли бўлган ташкилотлар учун 25 %, қолган юридик шахслар учун пасайтирилган 12-15 % ставка миқдорида белгиланган;
  • ялпи тушумдан олинадиган солиқлар бекор қилинган;
  • ялпи тушумдан ёки айланма капиталдан олинадиган солиқлар, хусусан, давлат мақсадли жамғармаларига юридик шахсларнинг айланмасидан ундириладиган мажбурий ажратмалар бекор қилинган;
  • юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкаси 12-14 %гача, тижорат банклари учун 20-22 % гача пасайтирилган;
  • мобиль алоқа компаниялари учун, қўшимча фойда солиғи бекор қилган ҳолда 14 — 20 % солиқ солинади;
  • дивидендлар ва фоизлар кўринишидаги даромадлардан олинадиган фойда солиғи 5-10 % миқдорида белгиланган (пасайтирилган);
  • ялпи тушуми 1 миллиард сўмдан ошган ёки йил давомида шунга етган корхоналар умумбелгиланган солиқ тўлаш тизимига ўтказилган;
  • барча тадбиркорлик субъектлари учун юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ жорий этилган;
  • йиллик айланмаси 1 миллиард сўмгача бўлган солиқ тўловчилар учун айланмадан солиқни 4 % миқдордаги базавий ставкадан келиб чиқиб ҳисоблаш ва тўлаш тартибини ҳамда ихтиёрий равишда қўшилган қиймат солиғини тўлаш имкониятини белгиланган;
  • ягона ер солиғи тўловчилари учун амалдаги солиқ солиш тартибини сақлаб қолинади;
  • қўшилган қиймат солиғининг 20 % ставкаси сақлаб қолинган ва уни тўлиқ ҳисобга олиш тизимини жорий қилинган;
  • асосий воситалар, қурилиши тугалланмаган объектлар ва номоддий активлар нархига киритиладиган қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олиш суммаларига киритиш ҳуқуқини берилган;