Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни Хитойнинг ислоҳотчи раҳбари Дэн Сяопинга қиёслашлар тобора кўпроқ учрамоқда. Аввалроқ АҚШда чоп этиладиган Forbes журнали, кейин "Российский совет по международным делам", ана энди Хитой парламенти раҳбари Шавкат Мирзиёевни Дэн Сяопинга таққослади. Бу ўхшатишлар нақадар асосли?

Дэн Сяопин ўзи ким?

1997 йилда вафот этган Дэн Сяопин Хитойнинг "буюк йўлбошчиси" Мао Цзедундан кейин мамлакатни бошқарган де-факто иккинчи раҳбар. "Де-факто" дейилишининг сабаби Мао Цзедун тўсатдан вафот этганидан кейин қисқа вақт Хитойни Хуа Гофэн бошқарган. Сяопин билан Мирзиёев ўртасидаги ўхшашликлардан бири шу бўлса керак. Ислом Каримовнинг ўлимидан ҳам кейин Ўзбекистонни қисқа вақт Сенат раиси Ниғматулла Йўлдошев (расман) бошқарган эди.

Дэн Сяопин Хитойни оч ва қашшоқ мамлакатдан бир неча ўн йил ичида дунёнинг иқтисодий етакчисига айлантирган инсондир. Хитой тарихидаги аҳамияти бўйича балки ўзидан аввал келган Мао Цзэдунга тенг келмаса ҳам, лекин Дэн Сяопинни ХХ асрдаги "Хитой мўъжизасининг архитектори" дейишади.

...биринчи ўхшашлик: Шавкат Мирзиёевга ҳам, Дэн Сяопинга ҳам ўтмишдошидан оғир мерос қолган

Дэн Сяопинга Мао Цзедундан ўта оғир аҳволга келиб қолган Хитой мерос қолган эди. Мао бошлаб берган 1960-йиллардаги "катта сакраш" иқтисодий сиёсати Хитойнинг саноат базасини кучайтириш ва иқтисодини кўтариш ўрнига хитойликлар учун фожиага айланди. Коллективлаштириш, профессионалликни шижоат билан алмаштириш ва қишлоқ хўжалигидаги янглиш қарорлар натижасида 20 млн.дан 40 млн.гача хитойлик ўлиб кетди.

Устига устак 1970-йиллардаги ғоявий "маданий инқилоб" нафақат Маонинг сиёсий мухолифатини йўқ қилди, балки зиёлилар ва жамоат ташкилотлари қатағонига ҳам олиб келди, маданият ва таълимга улкан путур етказди, ташқи сиёсатга таъсир қилди. Дэн Сяопиннинг ўзи ҳам "қайта тарбияланиш" учун қишлоққа оддий ишчи қилиб юборилган.

Ислом Каримов даврида нафақат минтақада, балки жаҳонда энг ёпиқ ва шўро услубида бошқарилган давлатга айланган Ўзбекистондаги аҳвол Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганда унчалик яхши бўлган деб бўлмайди.

Иқтисодий хатолар хусусий тадбиркорлик ва хорижий сармояларни бўғиб қўйди ва Ўзбекистоннинг қўшнилари олдидаги рақобатбардошлигига салбий таъсир қилди. Диний сиёсат ҳам жамиятда тарангликни келтириб чиқараётган эди. Дунёни борича англаш ўрнига қандайдир мавҳум "маънавият ва маърифат" мафкуралари авжга чиққан эди.

...иккинчи ўхшашлик: иккиси ҳам иқтисодга асосий урғуни берадиган прагматик

Ҳокимиятга келгач Дэн Сяопин "Хитойга хос социализм" қуришни таклиф этди ва мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий янгиланишини бошлаб берди. Коммунистик партия мафкурасига содиқ қолган ҳолда у иқтисодиётда давлатнинг аҳамиятини камайтирди, чет эл инвестицияларига йўл очди ва замонавий инфратузилмага катта маблағ тикди. Буюк юртбоши Мао ишчи ва деҳқонларни баландпарвоз сиёсий шиорлар билан илҳомлантиришни хуш кўрган бўлса, Сяопин моддий рағбатлантиришни афзал билган. Мамлакатда деҳқон коммуналари тарқатилди. Хитой бозор муносабатларига ўтди. Сяопин тез-тез қайтариб турадиган "Мушукнинг ранги қора ёки оқ бўлиши аҳамиятсиз, сичқонни яхши тутса бас" матали янги сиёсатнинг шиорига айланди.

Шавкат Мирзиёевга яқин ҳисобланган Ўзбекистон Сенати раисининг ўринбосари Содиқ Сафоев интервьюларидан бирида юқори иқтисодий ўсиш ва ўзбек иқтисодининг рақобатбардошлигини ошириш "Ўзбекистон раҳбариятининг устувор вазифаси" этиб белгиланганини айтган эди. Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келишидан 5 ой ўтиб, 5 йилда Ўзбекистонда сиёсий рақобатни, либераллашган иқтисодни ва адолатли суд тизимини шакллантиришга қаратилган ҳаракатлар стратегиясини эълон қилди, иқтисодий либерализациянинг муқаддимаси сифатида ўзбек сўмининг (ярим)эркин конвертациясини жорий этди. Стратегиянинг иқтисодни либераллаштириш қисмида “принципиал жиҳатдан янги маҳсулот ва технология турларини ўзлаштириш”, “иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва унинг устувор мавқеини янада кучайтириш” белгиланган.

...учинчи ўхшашлик: иккиси ҳам мамлакатини дунёга очди

Мао барчага Хитойни ёпиб, мамлакатнинг ўз кучига суяниб ривожланиш сиёсатини юритган бўлса, Сяопин, аксинча, очиқлик сиёсатини эълон қилган. Сяопин шахсан давлатма-давлат юриб, эҳтимолий инвесторларни Хитойга инвестиция киритишга кўндирган.

Худди шундай фарқ Ислом Каримовнинг ва Шавкат Мирзиёевнинг бу борадаги ёндашувида мавжуд. Каримов давридаги "қамалдаги қалъа" фалсафаси тарк этилиб, Мирзиёев қўшни ва дунёнинг бошқа йирик мамлакатлари билан алоқаларни сезиларли даражада яхшилади.

Ўзбекистон қўшнилари билан, айниқса Қирғизистон ва Тожикистон каби аввалги ярим дўст-душманлар билан алоқаларини анча яхшилади. Минтақа мамлакатлари ўртасидаги энг йирик муаммолар – чегараларни демаркация ва делимитация қилиш ҳамда сув манбаларидан фойдаланиш тартибга солинмоқда.

Дэн Сяопин каби Шавкат Мирзиёев нафақат ўзи ҳар бир хорижий сафарида нуфузли бизнесменлар билан учрашади, ҳозир ҳокимлардан ҳам инвестицияларни "ов" қилишни топширган.

...тўртинчи ўхшашлик: иккиси ҳам ўтмишдошидан қолган меросни танқид қилди, лекин охиригача эмас

Ҳокимиятга келгач, Дэн Сяопин биринчи бўлиб "Пекин баҳори"ни – Мао Цзедун бошлаган ва мамлакатни ҳалокат ёқасига олиб келган "маданий инқилоб"ни фош этиш кампаниясини бошлади. "Маданий инқилоб"нинг ваҳшийлиги ва ҳаддан ошишларини танқид қилишга расман рухсат этилди. Мао шахсига муносабат қандай бўлиши кераклиги масаласи кўтарилди. Баъзи гуруҳлар Маони фош этишни, баъзилар унинг "қудсийлигини" сақлаб қолишни хоҳлаган. Сяопин икки томонга маъқул келадиган ечим топди. Мао "миллат отаси" сифатида қолдирилди, лекин у йўл қўйган қўпол хатоларга кўз юмилмади, маоизм бекор қилинди, Мао давридаги ҳаддан ошиш ва репрессиялар унинг беваси, куёви ва икки сафдошидан иборат "тўртлар тўдаси"нинг бўйнига қўйилди. Мао даврини эслаганда энди "70 фоиз ғалаба ва 30 фоиз хато" формулировкасидан фойдаланилди.

Шавкат Мирзиёев ҳам Ўзбекистон президенти вазифасини бажараётганда марҳум президент Ислом Каримов яратиб берган “нурли йўлдан” қайтмаслигини билдирган бўлса-да, лекин охирги 2,5 йилда “керак бўлса столба ҳам қамалиб кетадиган” даврларнинг кўп жиҳатларини танқид қилган.

"Президент Шавкат Мирзиёев биринчи президент Ислом Каримов даврида ноҳақ қамалган, бурни қонаган, ноқонуний ишларнинг қурбони бўлган, диний эътиқоди учун ҳибсга олинган неча минглаб инсонлар кутган адолатни қайтарди, шу боис ҳам беқиёс сиёсатчи сифатида халқаро ҳамжамиятнинг эътирофига муносиб кўрилмоқда", – деб айтилади "Xabar.uz"да чоп этилган, муаллифи номаълум, лекин ҳукумат мулозимига тегишли деб гумон қилинаётган мақолада.

"Forbes"нинг қайд этишича, "қайта қуриш"ни бошлаб берган Мирзиёев Ўзбекистонни совет услубида бошқарган Каримовнинг меросини танқидларга очган, лекин бу меросни тубдан қайта кўриб чиқишдан йироқ. Ўзбекистонда ҳам Ислом Каримов даврига нисбатан "70 фоиз ғалаба ва 30 фоиз хато" норасмий фалсафаси қўлланмоқда деб айтса бўлади.

...хулоса қилиб айтганда: ўхшатишда жон бор, лекин кейинги қадамлар муҳим

Хорижий кузатувчилар Шавкат Мирзиёевни Дэн Сяопинга ўхшатишида жон бор. Дэн Сяопин Хитой иқтисодини Мао Цзедун меросидан тозалаган ва пировардида мамлакатни иқтисодий қудратга айлантирган ислоҳотларни бошлаган. Худди шундай ният ва илк ҳаракатларни Шавкат Мирзиёев ҳам намойиш қилмоқда. Бу ният тўлақонли ва тизимли амалий дастурга айланадими, йўқми, вақт кўрсатади. Ҳокимият бир-бирига зид мессежлар бераётган бир пайтда, ислоҳотлар ҳам давомий бўлиши ҳақида аниқ бир нарса дейиш қийин.

Лекин Ўзбекистон конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирда Мирзиёевнинг ўзи раҳбарларга айтганидек, ҳамма кўприклар ёнгани ва ҳаёт энди олдингидек бўлмаслиги аниқ.