Президент фармони билан энг кам иш ҳақи (ЭКИҲ) миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (МҲТЭКМ) билан алмаштирилди.

Фармонга мувофиқ ушбу миқдор 577 170 сўм қилиб белгиланган.

Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи сўнгги бор 2018 йил 1 ноябрда 202 730 сўм қилиб белгиланганди.

"Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар ва бошқа тўловлар миқдорларини аниқлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида" 21 май куни Адлия вазирлигининг "Ҳуқуқий ахборот" каналида эълон қилинган президент фармонида 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб иш ҳақининг энг кам миқдори ўрнига қуйидаги миқдорлар белгилангани айтилган:

меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори – 577 170 сўм;

базавий ҳисоблаш – 202 730 сўм;

пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори – 202 730 сўм.

Янги тушунчалар

Фармонга расмий шарҳ эълон қилингани йўқ.

Бундан аввал ўтган йил октябрида президент Мирзиёев "меҳнатига кам ҳақ тўланадиган ходимлар"нинг иш ҳақи миқдорининг жадал равишда оширилишини кўзда тутган ҳолда меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткасини қайта кўриб чиқиш ҳақидаги фармонни имзолаганди.

Buxgalter.uz сайтида ўтган йилги фармонга берилган шарҳда "энди республикамизда МҲТЭКМ 577 172,31 сўмни (202 730 х 2,847) ташкил этади. Яъни ходим тўлиқ ой ишлаган ва меҳнат шартномасида назарда тутилган барча мажбуриятларни бажарган бўлса, иш берувчи унга ушбу миқдордан кам иш ҳақи белгилашга ҳақли эмас" деб ёзилган.

Ўзбекистон қонунчилигига 1992 йили аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш кафолатларини белгилаш мақсадида "энг кам иш ҳақи миқдори" деган тушунча киритилган ва унга расмий мақом берилган.

Иқтисодчиларга кўра ўша даврда Ўзбекистон мустақиллигини таъминлаш ва аҳоли қашшоқланишининг олдини олиш учун бу мисли кўрилмаган чора эди.

Вақт ўтиши билан турли ҳолларда фойдаланиш учун дастлабки ўлчов бирликларини ишлаб чиқиш зарурати туғилди.

Нафақат иш ҳақи, балки пенсиялар ва нафақаларни белгилашда дастлабки ўлчов бирлиги, ойликларни разрядлар бўйича ҳисоблашда дастлабки ўлчов бирлиги, турли иқтисодий ва маъмурий жарималарни белгилашда дастлабки ўлчов бирлиги каби тушунчаларга эҳтиёж пайдо бўлди.

Ҳозирга қадар бу масалаларни ҳал этишда «энг кам иш ҳақи миқдори» деган дастлабки ўлчов бирлигидан фойдаланиб келинарди.

Лекин иқтисодчиларнинг айтишича, бу ҳолат кўпинча жиддий муаммоларга олиб келган.

Энг кам иш ҳақи миқдорига деярли барча давлат хизматлари учун, турли маъмурий жавобгарлик учун тўловлар миқдори боғлаб қўйилган.

Хўш, бу тўловларнинг энг кам иш ҳақи миқдорига нима алоқаси бор? Нега бундай боғланиш бўлиши керак?

Бошқа, иккинчи ҳолатда, давлат томонидан бюджет ходимларига тўланадиган иш ҳақи миқдори, турли пенсиялар ва нафақалар миқдори ҳам энг кам иш ҳақи миқдорига боғлаб қўйилганди. Яъни давлат энг кам иш ҳақи миқдорини оширишни режаласа, ўз ўзидан бюджетнинг бошқа параметрлари ҳам ўзгариб кетиб, турли номутаносибликлар, диспропорцияларга олиб келган.

Бу эса ўз навбатида ижтимоий норозиликларга етаклаган.

"Нозик масала"

Ўзбекистон ҳукуматига яқин иқтисодчилардан бирининг Би-би-сига айтишича, давлат бюджетини тўғри режалаштириш ва ижросини таъминлаш мақсадида шундай бир ҳисоб бирлиги керак эдики, у энг кам иш ҳақи миқдори билан боғлиқ бўлмасин.

Унинг сўзларига кўра, юқоридаги барча омиллар 2000-йилларнинг бошидан кенг муҳокама қилинган.

Лекин масаланинг нозиклиги ва тўғридан-тўғри бюджетдан олинадиган ойликлар, тўланадиган нафақа ва пенсияларга боғлиқ бўлгани учун бу масала доим ортга суриб келинарди.

Ва ниҳоят 21 май кунги фармон билан янги тушунчалар амалга татбиқ қилинмоқда.

Таҳлилчиларга кўра, ҳукуматнинг бу борадаги сиёсати келаётган йилларда янада қатъийлашиб бориши кутилади.

Жумладан, ҳозир муомалага киритилган уч тушунчанинг (меҳнатга ҳақ тўлаш, базавий ҳисоблаш ва пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори) янада ойдинлашиб, улардан фақат биринчи иккитаси қолишини кутиш мумкин.