Ўзбек тили ягона давлат тилидир ва шундайлигича қолиши керак. “Миллий тикланиш” демократик партияси ижтимоий тармоқларда катта баҳс-мунозарага сабаб бўлаётган “Русский язык нам не чужой” мақоласига нисбатан ўз муносабатини билдирди.

"Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим қадамларидан бири бўлган эди", – дейилади зиёлилар партияси ҳисобланмиш МТ тарқатган баёнотда.

Ўтган йилларда “Давлат тили тўғрисида”ги қонун жамият ҳаётини тубдан ўзгартирди. Энг асосийси, миллат ўз тилидан уялмайдиган бўлди. Бироқ ҳалигача тил ва уни ишлатишда қатор муаммолар бор деб ҳисоблайди партия.

Лекин интернетда ўзбек тилининг қўлланиш доирасини кенгайтириш, унинг дунё глобал тармоғида муносиб ўрин эгаллаши учун саъй-ҳаракат қилинаётган бир пайтда рус тилига расмий мақом бериш таклифи билан чиқиш мавҳумликдан, одамларни чалғитишдан ўзга нарса эмас дейди МТ партияси.

Ўзбек зиёлиси бунинг тескариси учун курашиши, яъни ўзбек тилининг давлат тили сифатида барча соҳада қўлланишига эришиш, ўзбек тилида иш юритиш тизимини яратиш устида ўйлаши ва изланиши шарт ва зарур эмасми деб савол қўяди МТ партияси.

Бизнинг ўзбек зиёлилари бугунги кунда давлат тили ҳақидаги қонуннинг ижроси ҳақида чуқурроқ ўйласалар эди, балки тўғри йўл тутилган бўлар эди. Чунки унинг ижроси борасида ҳали талай муаммо ва камчиликлар мавжуд.

“Миллий тикланиш” демократик партиясининг ўрганишлари шуни кўрсатмоқдаки, жамоат жойларида ва “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг бажарилишида ўзбек адабий тили меъёр ва қоидаларига амал қилиниши юзасидан камчиликлар мавжуд.

  • 2018 йилда партия томонидан 5 та вилоят, 8 та туманда “Давлат тили тўғрисида”ги, “Реклама тўғрисида”ги қонунлар ижроси ўрганилган.
  • Давлат корхоналари, хусусий ташкилотларга тегишли ташқи ёзув ва рекламаларда ўзбек адабий тили меъёр ва қоидаларига риоя қилинмай, кўп хатоларга йўл қўйилгани аниқланган.
  • Раҳбарларга қонуний чора кўриш ва уларни маъмурий жавобгарликка тортиш, реклама матнини ўзбек тилида акс эттириш, зарур бўлганда ўзбек тилидаги матн остига чет тилидаги матнини ёзиш, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туман ва шаҳар ҳокимликлари таркибида “Тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекцияси” (Ягона дарча) бўлимига реклама ва ёзувларни тўғрилаш ва назорат қилиш учун масъул ходим ажратиш каби заруриятлар мавжудлиги аниқланди.

Партиянинг фикрича, биринчи навбатдаги вазифа давлат тили бўлган ўзбек тилидаги ана шундай ҳолатларни бартараф этиш ва ўзбек тили мавқеини оширишдир.

Шу нуқтаи назардан, партия бир гуруҳ ўзбек зиёлилари томонидан билдирилган таклифни ноўрин деб ҳисоблайди.

"Миллий тикланиш"нинг фикрича, рус тили бундан кейин ҳам ўзбек жамияти ҳаётида ўз ўрни ва ролига эга бўлади.

"Аммо давлат тили мавқеини ошириш ва “Давлат тили тўғрисида”ги қонуннинг амалда тўлиқ қўлланишига эришиш долзарброқ вазифа бўлиб қолмоқда", – деб хулоса қилади партия.

“Миллий тикланиш” демократик партияси 2008 йилда "Миллий тикланиш" демократик партияси ва "Фидокорлар" миллий демократик партияси негизида ташкил топган.

200 мингга яқин аъзога эга партия ҳуқуқий демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш, фан-техника тараққиётини ва Ўзбекистоннинг глобаллашиб бораётган жаҳонда муносиб ўрин эгаллашини таъминлашни ўзининг асосий мақсад-вазифаси деб билади. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 36 депутат билан иккинчи ўринда турган партия миллий зиёлилар партияси ҳисобланади.