Миллий гвардия суриштирув олиб борувчи ҳамда терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлар қаторига қўшилди. Шавкат Мирзиёев Миллий гвардиянинг ваколатларини кенгайтирувчи қўшимчиларни Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритди.

Миллий гвардия қандай жиноятлар бўйича суриштирув олиб боради:

  • пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш (Жиноят кодексининг 2501-моддаси биринчи қисмида (божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш билан боғлиқ жиноятлардан ташқари) назарда тутилган жиноятлар);
  • ўта муҳим ва тоифаланган объектларнинг қўриқланишини таъминлашга доир мажбуриятларни корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг уларни бажаришга масъул бўлган мансабдор шахслари бажармаслиги (ЖКнинг 2591-моддасида назарда тутилган жиноятлар).

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда Миллий гвардиянинг мансабдор шахслари

  • 1851-моддада (пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи),
  • 2101-моддада (ўта муҳим ва тоифаланган объектларга кириш-чиқиш режимини бузиш ёки ушбу объектларнинг қўриқланишини таъминлашга доир мажбуриятларни бажармаслик)

назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиб, баённомани илова қилинадиган материаллар билан биргаликда кўриб чиқиш учун судга юборишини белгилашга оид янги нормалар мустаҳкамланмоқда.

Миллий гвардия қандай ташкилот: Миллий гвардия 1992 йилда Қуролли кучлар сафида тузилган, 2017 йилдан мустақил структурага айланган. Жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш учун салмоқли ваколатлар берилган бу орган ҳозиргача «ёпиқ» ҳужжат асосида ишлаяпти, лекин унинг фаолиятини тартибга соладиган қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилган.

МГ Ўзбекистон қуролли кучлари таркибига кирувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилиш функциясига эга бўлган махсус ваколатли давлат органидир.

Миллий гвардия нега керак: Миллий гвардия жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, аҳолини турли ички таҳдидлардан, жиноий ва бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатлардан ҳимоя қилиш, шунингдек давлат аҳамиятига эга махсус вазифаларни бажаради.