Миллий гвардия суриштирув олиб борувчи ҳамда терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлар қаторига қўшилмоқда. Бу ҳақида 13 майда Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалари қўмитасининг мажлисида айтилган.

"...ўтган қисқа давр ичида Миллий гвардия мамлакатимизда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, аҳолини турли хатарлардан, жиноий ва бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатлардан муҳофаза қилишга қодир муҳим органга айланди. Бу борадаги вазифаларни самарали амалга ошириш, жамоат тартибини сақлаш учун масъул бўлиш Миллий гвардияга ҳам қўшимча ҳуқуқий таъсир чорасини берувчи ваколат механизмлари жорий этилишини тақозо этади", – дейилади қўмитанинг ахборотида.

Миллий гвардияни суриштирув олиб бориш ваколатига эга бўлган, шунингдек терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлар қаторига қўшиш ҳақидаги қонун лойиҳасини Олий Мажлисга Бош прокуратура киритган.

Миллий гвардия қандай жиноятлар бўйича суриштирув олиб боради:

  • пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш (Жиноят кодексининг 2501-моддаси биринчи қисмида (божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш билан боғлиқ жиноятлардан ташқари) назарда тутилган жиноятлар);
  • ўта муҳим ва тоифаланган объектларнинг қўриқланишини таъминлашга доир мажбуриятларни корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг уларни бажаришга масъул бўлган мансабдор шахслари бажармаслиги (ЖКнинг 2591-моддасида назарда тутилган жиноятлар).

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда Миллий гвардиянинг мансабдор шахслари

  • 1851-моддада (пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи),
  • 2101-моддада (ўта муҳим ва тоифаланган объектларга кириш-чиқиш режимини бузиш ёки ушбу объектларнинг қўриқланишини таъминлашга доир мажбуриятларни бажармаслик)

назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиб, баённомани илова қилинадиган материаллар билан биргаликда кўриб чиқиш учун судга юборишини белгилашга оид янги нормалар мустаҳкамланмоқда.

Қонун лойиҳаси депутатлар муҳокамасига иккинчи ўқишда киритилади.