Газ тақсимлаш тармоқларини эксплуатация қилиш ва истеъмолчиларга табиий газни сотиш билан хусусий операторлар шуғулланиши мумкин. Шавкат Мирзиёев 9 июлда имзолаган қарорда бу соҳага давлат-хусусий шериклик тамойилларини киритишни Энергетика вазирлигига топширган.

Энергетика вазирлиги 1 сентябрга қадар газ таъминоти объектларини хусусий операторларга бериш тартибини ишлаб чиқиши керак. Бу тартибда:

  • инвесторларни танлаш, шартномани тузиш ва бекор қилиш,
  • воситачилик тўловлари миқдорини белгилаш ва тўлаш,
  • Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг бошқарувга бериладиган ҳудудда табиий газ учун тўловларни йиғиш бўйича вазифаларини хусусий операторларга бериш тартиби ва инвесторларга қўйиладиган бошқа талаблар кўзда тутилиши керак.

Minbar сўровига МИБ матбуот хизмати бу қарорни тўғри талқин қилиш лозимлигини ва бюро ваколатларида ҳозирча ҳеч қандай ўзгариш бўлмаганини билдирди.

"Бор-йўғи хориж давлатларидаги каби хусусий операторларга бериш учун низом лойиҳаси ишлаб чиқилади. Маъқул келса ва, асосийси, буни ўз зиммасига оладиган инвесторми, тадбиркорми топилса, балки бу ваколат кетиши мумкиндир. Бироқ МИБ ваколатларида ҳозирча ҳеч қандай ўзгариш йўқ".

Бу чора нефт-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштиришнинг бир қисмидир. Президентнинг айни қарори билан табиий монополия бўлмиш “Ўзбекнефтгаз” АЖ газни қазиб олиб қайта ишловчи, газни етказиб берувчи ва аҳолига сотувчи учта мустақил тузилмага бўлинди.