Нишонлик Малика Майянинг шеъри интернет оламида машҳур бўлди. Халқдан чиққан шоир биргина ижтимоий шеър орқали одамлар кўнглидаги гапни барчага бирдек етказиш мумкинлигини исботлади.

Миллат шоирлари ҳамма замонларда ўз жамиятига ташхис қўяди, халқнинг кайфиятини шеърларида акс эттиради.

"Тор кўнгулли беклар, ман-ман деманг, кенглик қилинг,
Тўқсон икки бовли ўзбак юртидур, тенглик қилинг", – деб ёзган эди Турди Фароғий Субҳонқулихон даврини танқид қила туриб.

20-асрда жадидлар ижодида миллат тақдирига жавобгарлик ва халқ дарди акс этди. "Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир", – деган эди Чўлпон.

Қайта қуриш даврида ўзбек шеърияти ижтимоий кайфиятга берилган эди, одамлар наздида шоир халқнинг юрагидаги дардини айта оларди.

Бугунги шеърият эса одамлар наздида маддоҳликка урғу беради: одамлар дардини айтишга эмас, уларни шукроналик руҳи билан тўйинтиришга уринади.

Ижодидан намуналар тақдим этилаётган, ватанни улуғлаш ва шукроналик кайфиятига йўғрилган шеърлар ёзиб юрган баъзи шоирлар умрининг охирида халқ дардини ҳам айта олган бўлса, яна баъзилари халқ дардини айтишда доимо собит бўлган.

1Абдулла Орипов

ВАТАНИМ

Ҳар бир уйда айғоқчи, ҳар қадамда искович,

Одамни кўрса қочар бедовларинг ҳуркович.

Ошингга заҳар солди ғанимларинг бир ҳовуч,

Ёвузларнинг қўлида гулдай ватаним қолди,

Бошида паноҳи йўқ тулдай ватаним қолди.

Нон бермайди ва лекин нон еганни ўлдирар,

Ўсиб турган ниҳолни аёз каби сўлдирар.

Бозор бормай қўйнингни пуч ёнғоққа тўлдирар,

Ёвузларнинг қўлида гулдай ватаним қолди,

Бошида паноҳи йўқ тулдай ватаним қолди.

Ҳар кўчада минг миршаб, ҳар гўшада авахта,

Ҳақ деганнинг оғзи берк, қон ютар лахта-лахта.

Ўзи-ку пахта эккан, ёстиғи бўлди тахта,

Ёвузларнинг қўлида гулдай ватаним қолди,

Бошида паноҳи йўқ тулдай ватаним қолди.

Илму ирфон жаҳолат ғорига кириб кетди,

Ўлик тирикдан ўтди, тирик ўликдан ўтди.

Адолат истаб борсанг ёлғон тиршайиб кутди,

Ёвузларнинг қўлида гулдай ватаним қолди,

Бошида паноҳи йўқ тулдай ватаним қолди.

Қайларгадир йўқолди меҳр билан муҳаббат,

Қўлида ханжар ушлаб адоват қолди фақат.

Ёмон гап арзон-гаров, яхши гап бўлди қаҳат,

Ёвузларнинг қўлида гулдай ватаним қолди,

Бошида паноҳи йўқ тулдай ватаним қолди.

Тўғригўйлар бир четда, эъзоздадир иғвогар,

Қайтдик ўрта асрга, одам пуллар савдогар.

Минг йиллик хазинангни талаб ётар ўғри, ғар,

Ёвузларнинг қўлида гулдай ватаним қолди,

Бошида паноҳи йўқ тулдай ватаним қолди.

Ўлиб ҳам бўлмай қолди, ювғич урар кафандан,

Кимлардандир юққан кир кетмас сира бадандан.

Қуруқ хашаклар қолди гуллаб турган чамандан,

Ёвузларнинг қўлида гулдай ватаним қолди,

Бошида паноҳи йўқ тулдай ватаним қолди.

Қувган ҳам халқим дейди, халқим дейди қочган ҳам,

Лекин халқнинг аҳволин ўйламас бирор одам.

Жаллод ҳам халқ номидан ўқир фармонни у дам,

Ёвузларнинг қўлида гулдай ватаним қолди,

Бошида паноҳи йўқ тулдай ватаним қолди.

Турфа хил замонларни кўрган битта инсонман,

Гоҳ фахр этсам, гоҳо баридан пушаймонман.

Нетайки мен на Хорун, на ёки Сулаймонман,

Ёвузларнинг қўлида гулдай ватаним қолди,

Бошида паноҳи йўқ тулдай ватаним қолди.

Барчасига сабабдир асли нафснинг балоси,

Меҳнаткаш халқнинг эса ечилмас муддаоси,

Иншооллоҳ, бандага боққай бир кун худоси,

Ёвузларнинг қўлида гулдай ватаним қолди,

Бошида паноҳи йўқ тулдай ватаним қолди.

2Эркин Воҳидов

ЭГИЛ, ЎЗНИ ПАНА ҚИЛ

Эгил, ўзни пана қил,

Борлигингни билдирма.

Йўталганга ўн беш йил,

Аксирганга йигирма.

Кар бўл, кўр бўл, тишла тил,

Бошга бало келтирма.

Гапирганга ўн беш йил,

Эшитганга йигирма.

Қаламингни душман бил,

Қоғоз узра жилдирма,

Роман ёзсанг – ўн беш йил,

Достон ёзсанг – йигирма...

3Муҳаммад Юсуф

ЧЎЧҚАЛАР

Чўчқа босиб кетди менинг боғимни,

Бири-биридан оқ, семиз чўчқалар.

Нон сўраб ялайди ҳаммаёғимни,

Ҳеч тўйдим демайди бу гўрсўхталар.

Ерларга юмалаб чинқирар хуррам,

Пайҳон қилиб чаман гулзорларимни.

Бузади, тер тўкиб мен неки қурсам,

Кезади муқаддас мозорларимни.

Қандай олишайин чўчқалар билан,

Уларнинг аждарлар билан эти бир.

Уларнинг туси бир бочкалар билан,

Уларнинг калласи билан кети бир!..

Чўчқа босиб кетди менинг боғимни,

Бири-биридан оқ, семиз чўчқалар.

Кўппаклардай талаб ҳаммаёғимни,

Ҳеч тўйдим демайди бу гўрсўхталар.

Бечора махлуқ деб раҳмим келганди,

Ёмонлик йўқ эди асло дилимда.

Боғимни-ку вайрон қилганди, аммо

Хўриллаб гапир дер менинг тилимда.

Эвоҳ, чўчқалардан безорман бу кун,

Алам гулханида ёнмоқда ичим.

Оллоҳ, Оллоҳ, ўзинг бир чора қилгин,

Менинг чўчқаларга етмайди кучим.

4Аъзам Ўктам

САРОЙ

Қўриқласа арзир бу жойни итлар,

Итдан-да жонсарак соқчилар керак.

Мудом анқиб турар ғалати ҳидлар,

Сал узоқ қарашга дов бермас юрак.

Ҳаттоки қарға ҳам қурмайди ватан,

Уни обод этар турфа солиқлар.

Фаришта қочгандай наҳс босган ердан,

Яқин йўламайди мўмин, солиҳлар.

Пора олиб келса – кирар тўра ҳам,

Юқтириб чиқар сўнг бундаги кирдан.

Гар фуқаро кирса, қайтари мубҳам,

Чиқса, жазо олиб чиқар бу ердан.

Сепилар адоват, кин уруғлари,

Хиёнат урчийди бу ерда фақат.

Кўз бўяб кун кўрар эл улуғлари,

Ҳаромнинг устида турар салтанат.

Юпун халқ жимгина яшайди, ҳайҳот,

Ёки ич-этини, ё бир-бирин ер.

Асл душманидан кутар-да нажот,

Ўзи киролмаган жойни қутлуғ дер.

Бутун умр миллат руҳини тарбиялашга хизмат қилган шоирнинг ушбу санъаткорона шеърини ҳам тақдим этамиз.

5Рауф Парфи

Эй жафокаш инсон, ожизсан бунча,

Йўқ, сен мавжудотнинг қисмисан ахир,

Инсонсан, Аллоҳнинг исмисан ахир,

Сенсан, токи маҳшар қаъри ютгунча.

Замин ўйинчоқдир зулм дастинда,

Қўрчоқбоз ҳукминда муслиму тарсо,

Сағирлар сингари санқирмиз сарсон,

Меҳрсиз, мурувватсиз оғриқ даштинда.

Зулм оч офатдир, зулм ғар, ғариб,

Нон сўрайдир, жон сўрайдир, сўрар қон.

Ҳамон интизордир тафаккур, тарих,

Тантана қилурми хўрланган инсон?!

Сабр ила сайёра сўнди сарғариб

Ёраб! Қачон келур ул айём. Қачон?!