Kun.uz ўзининг журналистлари Тошкентда мансабдор шахс томонидан тажовузга учрагани ҳақида видео эълон қилди.

Видео лавҳада Kun.uz мухбири воқеа қандай рўй берганини ҳикоя қилиб берган.

Kun.uzга кўра, тадбиркор 1,5 млрд сўм сарфлаб, муҳтож оилалар учун уй қурган, аммо Тошкентнинг Олмазор туман ҳокимлиги 800 миллион сўмни 10 ойдан буён тўламай юрибди.

Нега деган саволни берган тадбиркор ва Kun.uz веб-сайти таҳририяти ходимлари Олмазор тумани ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳобовнинг тажовузига учрагани тасвирланган видеода.

Мансабдор шахсга мурожаат қилинган вақт ва бундан кейин рўй берган ҳодисанинг видеоси Kun.uz веб-сайти ва сайтнинг Youtubeдаги каналида эълон қилинди.

Видеода ҳоким ўринбосарининг журналистларга зўравонлиги акс этган.

Kun.uz хабар қилишича, мансабдор шахс таҳририятга тегишли штативни синдирган.

"Қайд этиш керакки, бу Абдурасул Ваҳобовнинг Kun.uz ижодий гуруҳига биринчи марта тажовуз қилиши эмас. Шу йилнинг январида ҳам айнан ушбу амалдор кўпчилик олдида огоҳлантириб ўтирмай, сайт видеокамераларига ёпишиб, операторларга ташланган эди. Ўшанда бу ҳолатга кўз юмилган эди. Бироқ, бу масъул шахснинг бу сафарги ҳаракати ҳеч қандай ахлоқ меъёрларига тўғри келмайди", деб ёзади Kun.uz

Таҳририят масъул идоралардан Олмазор тумани ҳокими ўринбосарининг зўравонлигига ҳуқуқий баҳо беришни сўраган.