Чингизхонни “сермаҳсул аждод” дейиш мумкин. Нега деганда ер юзида яшаётган 16 миллионга яқин одам ўзини Чингизхон наслидан деб билади. Инглиз ва француз олимлари Осиёдаги 137 та ҳудудда яшайдиган эркакларнинг ДНК намуналарини ўрганиш натижасида шу тўхтамга келишган.

"Kaktakto" нашри Марказий Осиёдаги қайси халқлар Чингизхоннинг авлоди бўлиши мумкинлигини ўрганди.

2005 йилда олимлар Мўғулистонда генетик текширув ўтказишади. Текширув натижасига кўра Чингизхон авлоди деб билинадиган эркакларнинг 8 фоизининг геномида қадимги аждодига тегишли Y-хромосома борлиги аниқланган.

Қирғизлар

2003 йилда фалсафа фанлари доктори Татяна Зерджал бошчилигидаги олимлар гуруҳи Қирғизистондаги эркакларнинг ДНК материалларини таҳлил қилишди. Тадқиқотга кўра бир нечта гаплогуруҳ аниқланган, яъни ДНК таркибида гаплогуруҳ R1a ва гаплогуруҳ С2b жойлашгани маълум бўлган. Гаплогуруҳ умумий аждодга эга бўлган, лекин вақт ўтиши билан мутацияга учраган гаплотиплар гуруҳидир.

Олимлар С2b гаплогуруҳига алоҳида тўхталади. Тадқиқотларда ушбу гаплогуруҳ Чингизхон авлодлари, яъни чингизийларнинг ДНКсида борлиги аниқланган.

Бу гаплогуруҳ ниҳоятда қадимий бўлиб, унда юқори концентрация кузатилади. Худди шу гаплогуруҳ Авcтралия аборигенларининг ДНКсида ҳам учрайди.

С2b гаплогуруҳи тақсимоти.

Таҳлиллар натижасида юқори концентрация кузатиладиган ушбу гаплогуруҳлар ДНКсида сақланиб қолган одамлар фақат Мўғулистон ва Австралияда яшайди деган тўхтамга келинди.

Тадқиқот хулосасига кўра қирғизлардаги генларнинг 12,2 фоизини С2b гаплогуруҳи, 7,3 фоизини С2с гаплогуруҳи ташкил этган. Бу натижа қирғизлар ўзларини Чингизхоннинг авлоди деб аташлари мумкинлигини кўрсатади.

Қозоқлар

Қозоқларнинг ДНК материалларини генетик таҳлил қилиш натижасида улар ўзларини бемалол Чингизхон авлоди деб билишлари мумкинлиги маълум бўлди. Генетик таҳлилга кўра қозоқлардаги тўра уруғига мансуб 36 фоиз одамнинг ДНКсида С2b гаплогуруҳи борлиги аниқланган. Генетик таҳлил қозоқларнинг жуз классификацияси бўйича ўтказилган.

Тарихдан маълумки, қозоқлар жузларга бўлиниб бошқарилган. Жузларга бошчилик қилган чингизий ҳукмдорлар қонун билан ўзлари учун жуда кўп имтиёзларни жорий этиб олишган эди.

Қалмоқлар

Бу халқ Чингизхон авлоди сифатида ғурурланиши мумкин. Чунки улар Чингизхоннинг учинчи ўғли Ўқтойдан тарқалган. Этнографик ва генетик маълумотларга кўра қалмоқларнинг ДНКсида чингизийлар генини ташувчи с2б1б1 гени мавжуд.

Бугунги кунда Қалмоғистонда яшовчи 183 минг кишидан тахминан 200 нафари ушбу геннинг бевосита ташувчиси ҳисобланади.

Чингизхон генининг тақсимоти.

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, қирғизлар, қозоқларнинг тўра уруғи ва қалмоқлар ўзларини Чингизхон авлоди деб атайверса бўлади.