Ўтган бир йил ичида қўшни республикалар, жумладан, Ўзбекистонда доллар нархининг ошиши манзарасида Қирғизистон ички бозорида бу валюта қиймати деярли бирдек мувозанатда ушлаб турилгани кузатилади.

Аммо қандай қилиб?

Сўнгги расмий маълумотларга кўра, Қирғизистон Давлат миллий банки жорий йилнинг 31 май куни валюта бозорида 27 миллион доллар сотган.

"Бу жорий йилдаги учинчи интервенция. 16 январь куни 18,8 миллион доллар, 8 апрелда эса 22,8 миллион доллар сотуви амалга оширилган. Мазкур интервенция ўтган йилнинг декабрь ойи бошидан бери энг каттаси. Ўша пайтда у 35 миллион долларни ташкил этган", дейилади банк баёнотида.

Миллий банк анъанавий (мунтазам) равишда долларнинг ошишини олдини олиш мақсадида чет эл валютасини сотувга чиқаради. Ҳозирги кундаги, аниқроғи 29 август кунги 1 АҚШ долларининг қирғиз сўмига нисбатан қиймати 69 сўм 81 тийинга тенг. 31 май кунги доллар нархига таққослаганда, 0,04 тийинга қимматлаган. Бу сўнги уч ойда сақланиб қолаётган кўрсаткичдир.

Республикада фаолият олиб борувчи 25 тижорий банкларнинг кундалик валюта нархларини valuta.kg сайтида кузатиш мумкин.

"Биз ҳар куни миллий банк тақдим этган валюталар нархи асосида иш олиб борамиз. Ундан ҳаддан ортиқ ёки кам нарх қўя олмаймиз. Бўлгани тийин фарқ қилади. Сабаби, бошқа банклардаги нархлар ва рақобатни ҳам инобатга олишимиз керак. Баъзида валюталар нархи тез-тез алмашиб туриши натижасида зиёнга ҳам учраймиз, ёки аксинча... Мижозлар эҳтиёжини қондириш мақсадида ишлар эканмиз, турли хил хавфларга ҳам дуч келамиз", дейди Ўшдаги банкларнинг бирида ишловчи Ҳикматилло биз билан суҳбатда.

Унинг сўзларига кўра, тижорий банклар миллий банк талабларига риоя қилмаган тақдирда, қонунчиликда кўзда тутилган жазо чоралари қўлланилади.

"Сўнгги 3 йилда республикадаги валютани эркин алмаштириш шохобчаларидаги нархлар ҳам миллий банк тарафидан назорат остига олинган. Улардаги нархлар унча катта бўлмаган фарқ билан бир хилда ушлаб турилмоқда. Сабаби аксар ҳолларда валюта нархларининг сунъий равишда ошишига айнан шу қора бозор таъсир этиши айтилади".

Қирғизистонда 2015 йилнинг ноябрь ойи бошидан 2016 йилнинг март ойи охиригача 1 доллар нархи 70 қирғиз сўмидан ошгани кузатилади.

Энг юқори доллар қиймати эса январь ойида 75 сом 90 тийинни ташкил этган. Бу эса республикадаги нарх-навонинг кескин қимматлашишига сабаб бўлган.

Импортнинг таъсири

Мутахассислар фикрича, Россия ва Қозоғистондаги иқтисодий вазият минтақадаги давлатларга ўз таъсирини етказади.

Фото: COURTESY

Иқтисод бўйича таҳлилчи Илҳом Сайпидиновнинг сўзларига кўра, ушбу давлатларда доллар нархининг кўтарилиб ёки тушиши уларда мавжуд нефтнинг дунё бозоридаги қийматидан талаб этади.

"Агар нефть арзонласа, доллар қимматлайди ёки аскинча. Сўнгги йилларда бу икки давлат нефть эспорти ва доллар валютасидан мустақил бўлишни хоҳламоқдар, бироқ бўла олишмаяпти. Сабаби доллар дунё иқтисодий инқироз пайтидаги ҳимояланган, яъни захирадаги валюта бўлиб қолмоқда", дейди иқтисодчи.

Унинг фикрича, доллар нархининг ошишига сўнгги пайтларда Америка билан Хитой орасидаги иқтисодий уруш ҳам сабаб бўлмоқда.

Натижада, бундан нафақат Хитой, балки Европа ва Россия ҳам маълум даражада азият чекмоқда.

"Шу сабабдан, йирик капитал эгалари қимматбаҳо қоғозларга сармоя ётқизиш ўрнига, нақд пул, долларни сотиб олишмоқда. Натижада долларга бўлган талаб кучаймоқда ва ўз навбатида долларнинг қимматлашувига олиб келмоқда", дея таҳлил қилади Илҳом Сайпитдинов.

Марказий Осиё давлатлари орасида Қирғизистонда валюта савдосини эркин амалга ошириш учун кенг имкониятлар мавжуд.

Бироқ давлат миллий банки валюта бозоридаги нархларни назорат қилиб, мувозанатни сақлаб туради.

Агар доллар кўпайиб кетса, уни сотиб олади, озайиб кетса, сотувга чиқаради. Шу тариқа миллий валютани долларга нисбатан нархини ушлаб туради.

"Ўзбекистонда доллар нархининг ошиши давлатнинг валюталарни либерилизациялаш бўйича қонунчилигига боғлиқ деб ўйлайман. Авваллари одамлар банкка бориб долларини алмаштириши мумкин, бироқ уни сотиб ололмасди. Янги қонунга кўра, ҳозир хоҳлаган одам банкдан доллар сотиб олиши мумкин. Шу сабабдан бироз ваҳима бўлмоқда. Буларнинг барчаси вақтинчалик деб ўйлайман", дея умид билдиради суҳбатдошимиз.

Доллар қимматламайдими?

Суҳбатдошимиз Қирғизистонда яқин келажакда доллар нархининг ошмаслигини тахмин қилади. Сабаби, республикадаги савдонинг 70 фоизини импорт, 30 фоизини эса экспорт ташкил этади.

"Агар доллар қимматласа, импорт қилинаётган маҳсулотларга ҳам таъсир қилади ва бу ўз навбатида ички истеъмол инқирозини (инфляция) келтириб чиқариши мумкин. Шунинг учун миллий банк доллар нархини бир меъёрда ушлаб туришга ҳаракат қилади", дея фикр билдиради иқтисодчи Илхом Сайпитдинов.

Фото: COURTESY

У, агар, Россия ва Қозоғистонда доллар нархи кўтарилган тақдирда ҳам, уларнинг валютаси қирғиз сўмига нисбатан арзонлайди, деб ҳисоблайди. Бунга сўнгги йилларда Россия рублининг қирғиз сўмига деярли тенг бўлганини мисол келтириш мумкин. Авваллари бир рубль деярли 1,5 қирғиз сўм бўлган бўлса, ҳозирги кунда эса 1,05 қирғиз сўмига баробар.

Бундан бир неча йил аввал Россияда бошланган иқтисодий инқироздан сўнг, ушбу давлатда ишлаётган айрим муҳожирлар ўз юртларига қайтгани кузатилади. Авваллари ишлаб, топган пулларининг асосий қисмини ўз юртига юбориб, қолганини харажатларига тақсимлаган бўлса, энди эса топган пуллари харажатларидан ошмаётганини айтади.

Муҳожирлар пули

Марказий Осиё давлатларида иш ўринлари ва иш ҳаққининг озлиги сабаб, ишга яроқли аҳолининг аксарияти Россияга кетадилар.

Россия Федерал хавфсизлик хизматининг маълумотига кўра, жорий йилнинг биринчи ярим йилида давлатга 15 миллиондан ортиқ чет эл фуқаролари келган бўлса, улардан 2,4 миллиони ишлашни мақсад қилган.

Бу давлат чегарасини 918 минг Ўзбекистон, 524 минг Тожикистон, 265 минг Қирғизистон, 164,6 минг Украина ва 105,3 минг Қозоғистон фуқаролари кесиб ўтган.

Расмий маълумотга кўра, жорий йилнинг биринчи уч ойида Россиядан Ўзбекистонга 1 млярд 296 миллион доллар жўнатилган. Ўтган йили эса жами 4 миллиард доллар юборилган.

Тожикистонликлар биринчи уй ойликда 673 миллион доллар, ўтган йили эса 2,5 млрд доллар ўз ватанидаги яқинларига юборган.

Қирғизистон фуқаролари биринчи чоракда 649 миллион доллар юборган бўлса, ўтган йили йиллик кўрсаткич жаъми 2,4 млрд долларни ташкил этган.