Марказий Осиёнинг кўплаб ёшлари умрида фақат бир давлат раҳбарини кўрганлар.

Хусусан, Қозоғистоннинг ёшлари ҳам.

Мамлакатни 1989 йилдан буён бошқариб келган 79 ёшли Нурсултон Назарбоев 2019 йил мартида ўз истеъфоси ҳақида эълон қилди.

Мустақилликка эришганидан кейин Қозоғистонда илк бор Назарбоев номзодисиз президент сайлови бўлиб ўтди.

Хўш, Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида шу вақтгача раҳбарларнинг қудратга келиши ва кетиши қандай бўлган?

Нурсултон Назарбоев бошқаруви – 1989-2019

Фото: AFP/GETTY IMAGES

Нурсултон Назарбоев 1989 йил 22 июнда Қозоғистон коммунистик партияси бош котиби сифатида фаолият бошлаган.

1990 йилнинг апрелида Қозоғистон парламенти аъзолари орасида овоз беришга қўйилган муқобилсиз сайловда Қозоғистон президенти этиб сайланган.

1991 йил 1 декабрда Қозоғистондаги илк умумхалқ президент сайловида Назарбоев аксар овозларни тўплаб ғалаба қозонгани эълон қилинган.

1991 йил 16 декабрда Қозоғистоннинг мустақиллиги эълон қилинди.

1995 йили мамлакатда референдум ўтказилди, унинг асосида Нурсултон Назарбоевнинг президентлик муддати 2000 йилгача узайтирилди.

1999 йилнинг 10 январида ўтказилган президент сайловида Назарбоевнинг 79 фоиз овоз билан ғалаба қозонгани эълон қилинади.

Халқаро ташкилотлар Қозоғистондаги сайловнинг демократик талабларга жавоб бермаслигини эътироф этадилар.

2005 йил 4 декабрдаги сайловда Нурсултон Назарбоев 91 фоиз овоз олгани эълон қилинди.

2010 йили унга "Элбоши" расмий мақоми берилди.

2011 йили Қозоғистонда муддатидан олдин президент сайловини ўтказишга қарор қилинади.

3 апрелдаги муддатидан олдинги сайловда Назарбоев 95 фоиз овоз билан тўртинчи марта президентликка сайланди.

2015 йил 26 апрелда ҳам фурсатидан олдин президент сайлови ўтказилиб, жаноб Назарбоев 97,75 фоиз овоз олгани ҳақида хабар берилди.

2019 йил 20 мартда 79 ёшли Нурсултон Назарбоев президентлик ваколатини ўз ихтиёрига кўра топшириши ҳақида фармон имзолади.

Президентлик ваколатлари Қозоғистон Сенати раиси Қосимжўмарт Тўқаевга топширилди.

2019 йил 9 июндаги президент сайловида Қосимжўмарт Тўқаев 70 фоиздан зиёд овоз тўплаб ғалаба қозонгани эълон қилинди.

Ислом Каримов бошқаруви – 1989-2016

Фото: AFP/GETTY IMGAES

Ўзбекистон компартияси раҳбари Рафиқ Нишонов 1989 йил ёзида СССР Олий совети миллатлар кенгаши раиси этиб сайланганидан кейин Ислом Каримов Ўзбекистон компартияси марказқўми бош котиби этиб тайинланди.

1990 йилнинг мартида Ўзбекистон Олий кенгаши уни президент этиб сайлади.

1991 йил 1 сентябрда Ўзбекистон мустақиллиги эълон қилинди.

1991 йил 29 декабрда Ўзбекистонда илк президент сайлови бўлиб ўтган.

Халқ демократик партиясидан Ислом Каримов, "Эрк" демократик партиясидан Муҳаммад Солиҳ номзодлари қўйилди. Сайловда Каримов 86 фоиз, Муҳаммад Солиҳ 12 фоиз овоз тўплагани эълон қилинди.

1995 йили референдум орқали президент ваколати 2000 йилгача узайтирилди.

2000 йил 9 январдаги сайловда Ислом Каримовнинг 91 фоиз овоз тўплаб, иккинчи муддатга президентликка сайлангани хабар қилинди.

2002 йилги референдум асосида президентлик ваколати муддати 5 йилдан 7 йилга узайтирилди.

2007 йил 23 декабрдаги сайловда Ислом Каримов 90 фоиз овоз тўплаб ғалаба қозонгани айтилди.

2015 йил 29 мартда Ўзбекистонда президент сайлови ўтказилди.

Ислом Каримовнинг 90,39 фоиз овоз тўплагани эълон қилинди.

2016 йил 2 сентябрда 78 ёшли Ислом Каримов инсулт туфайли вафот этгани хабар қилинди.

Ўзбекистон конституциясида президент ўзининг ваколатларини бажара олмай қолганида ваколатлар Олий Мажлис Сенатининг раисига ўтиши белгиланган.

Сенатнинг 2016 йил 8 сентябрдаги мажлисида Ниғматулла Йўлдошев президент вазифасини бажаришдан ўз ихтиёри билан воз кечди.

Бош вазир Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг муваққат президенти этиб тайинланди.

Президент сайлови 2016 йил 4 декабрда бўлиб ўтди.

Шавкат Мирзиёев 88,61 фоиз овоз тўплаб ғалаба қозонгани эълон қилинди.

Шавкат Мирзиёев 2016 йил 14 декабрда Ўзбекистон президенти сифатида қасамёд қилди.

Қирғизистон президентлари

Фото: GETTY IMAGES

1990 йили академик Асқар Акаевни Қирғизистон Олий кенгаши президент этиб сайлади.

Акаев 1991 йилги ва 1995 йилги президент сайловлари натижаларига биноан Қирғизистон президенти этиб сайланди.

2000 йили учинчи муддатга сайланган.

2005 йил мартдаги норозилик намойишлари ортидан Асқар Акаев Қирғизистондан қочишга мажбур бўлди, президентлик ваколатларини топширишга қарор қилди.

2005 йил 11 апрелдан Қирғизистон президенти вазифасини бажаришга Қурманбек Бакиев киришди.

2005 йил 10 июлдаги президент сайловида Бакиев ғалаба қозонди.

2009 йилги сайловда Қурманбек Бакиевнинг қарийб 90 фоизи овоз олгани эълон қилинди. Кўпчилик ушбу сайлов натижасига шубҳа билан қарайди.

2010 йилнинг апрелида президент Бакиев истеъфоси талаби билан норозилик намойишлари бошланди.

Қонли тўқнашувлар ортидан Қирғизистондан қочиб чиқишга мажбур бўлган Қурманбек Бакиев май ойида истеъфо аризасини ёзди.

Қирғизистонда бошқарув муваққат ҳукуматга ўтди, 2010 йил июнида Ўш ва Жалолобод вилоятларида қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида тўқнашувлар рўй берди.

2010 йил майидан 2011 йилнинг 1 декабригача Роза Отунбаева Қирғизистон президенти вазифасини бажарди.

2011 йил 1 декабрдан 2017 йил 24 ноябргача Алмазбек Атамбаев Қирғизистон президенти бўлди.

2017 йил 24 ноябрдан то шу кунгача Сооронбай Жээнбеков Қирғизистон президенти лавозимини эгаллаб турибди.

Туркманистон президентлари

Фото: GETTY IMAGES

Сапармурод Ниёзов 1985 йили Туркманистон компартияси марказқўми бош котиби этиб тайинланади.

СССР парчаланиши арафасида Туркманистон президенти лавозими жорий этилди, мамлакат мустақиллиги эълон қилинди.

1992 йилдаги сайловда Сапармурод Ниёзовнинг ғалаба қозонгани эълон қилинди.

1994 йилги референдум асосида Ниёзовнинг президентлик муддати 2002 йилгача узайтирилади.

1999 йили Туркманистон парламенти Сапармурод Ниёзовни умрбод президент этишни ёқлаб овоз берди.

2006 йил 21 декабрда президент Ниёзов 66 ёшида юрак хуружидан вафот этгани эълон қилинди.

Туркманистон президенти вазифасини бажаришга бош вазир ўринбосари Гурбангули Бердимуҳамедов киришади.

2007 йил 14 февралда Гурбангули Бердимуҳамедов президент сифатида қасамёд қилди.

2012 ва 2017 йилдаги президент сайловларида ғалаба қозонгани эълон қилинди.

Имомали Раҳмон бошқаруви – 1992 йилдан шу пайтгача

Фото: GETTY IMAGES

Имомали Раҳмон 1992 йили Тожикистон Олий кенгаши раиси этиб сайланди.

1994 йилги президент сайловида Имомали Раҳмон 58 фоиз овоз билан ғалаба қозонади.

Бу пайтда Тожикистонда фуқаролар уруши борар эди, 1997 йили сулҳга эришилади.

1999 йилдаги сайловда Имомали Раҳмон 98 фоиз овоз билан 7 йилга президент этиб сайлангани эълон қилинди.

2006 йилги сайлов жаноб Раҳмоннинг учинчи президентлик муддати бўлди, бу сайловни кузатувчилар эркин ва адолатли деб тан олишдан бош тортганлар.

2013 йилги сайловда Имомали Раҳмон 84 фоиз овоз билан ғалаба қозонгани хабар қилинди.

2015 йили Имомали Раҳмонга "Миллат пешвоси" расмий мақоми берилди.