Маънавият ва маърифат маркази Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонованинг қизғин баҳсларга сабаб бўлган чиқишига муносабат билдирди.

11 июл куни Тошкентда «Оиладаги зўравонлик масалалари, турли вазиятлар таҳлили ва бу борада олиб борилаётган чора-тадбирлар» деб номланган брифинг ўтказилган.

Ушбу брифингда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова «бозорчи хотинлар»ни танқид қилган.

Боситхонова хонимнинг «ҳақиқий бозорчи аёлларда на маънавият, на маърифат бор» деб айтган сўзлари интернетдаги ижтимоий тармоқларда кескин норозиликларга сабаб бўлди.

  • Хотин-қизлар қўмитаси ушбу мавзуда баёнот билан чиқди, қўмита раисининг «бозорчи хотинлар» ҳақидаги сўзлари «умумий фикрдан узиб олингани»ни айтди.
  • Қўмита маҳаллий блогерларга «фикр билдириш қоидалари»ни эслатди.
  • 15 июл куни «Халқ сўзи» газетаси республика Маънавият ва маърифат маркази бўлими бошлиғи Феруза Азимованинг мақоласини эълон қилди.
  • Мақола «Маънавият ва маърифат маркази Элмира Боситхонованинг фикрлари ўринли ва асосли эканини таъкидлади» деб номланган.

«Маънавият ўзи нима ва нима учун керак? Ким учун керак? Қачон ва қаерда керак? У нечоғлик тушунча ёки мавжудликки, бугун жамиятнинг унга зарурати қолмабди? Айниқса ижтимоий тармоқ обуначиларининг шу қадар меъдасига тегиб кетибдики, бу сўзни ким ва қаерда айтмасин, дарҳол акс таъсирларга, турли истеҳзога қоришган танқидларга учрамоқда, узундан-узоқ баҳсу мунозараларга сабаб бўлмоқда...», – деб бошланган мақола.

«Элмира Боситхонованинг озгина силлиқланмасдан ошкор этилган фикрида айнан "маънавият" сўзи иштирок этгани учун ҳам турлича талқин этилмоқда, мунозарага учрамоқда. Жиддийроқ қаралса, мамлакат хотин-қизларининг ҳимоячиси бўлган бу раҳбар аёл аслида "Бозорчи аёлларда маърифат йўқ, маънавият йўқ. У бозорчи. Шу сўзга мос бўлмаслиги учун Хотин-қизлар қўмитаси нима қилди? Мен топшириқ бердим, бозорда Хотин-қизлар қўмитасининг бошланғич ташкилотини тузасизлар, бозорда алоҳида хона қилиб беради. Бозорда ишлайдиган аёлларни ўша ташкилот хонасига олиб кириб, маърифий суҳбатлар ўтказилади", – дея ўзига хос ва мос ташаббус билан чиққанининг нимаси ёмон, қўрқинчли ва ваҳимали... Ушбу фикрлар билан худдики мамлакат бозорларини сел босди... Жиддийроқ, таҳлилий қаралса, бундай ёндашувга эҳтиёж ва зарурат юқори ҳам ҳатто».

Қачонгача бундай беандишаларга нисбатан эътиборсиз ва лоқайд бўламиз? Уларга дашном бериш, хатосини англатишдан тортинамиз.

«Аммо ижтимоий тармоқда фаол бўлиб, ўзини халқ дарди, ташвиши, тақдирига ҳамоҳанг кўрсатиб, фикрлари оммалашишини хушлайдиганлар узоқ ҳаётий ва касбий тажрибага эга бу раҳбар опанинг юқоридаги фикрларидан айнан "Бозорчи аёлларда маърифат йўқ, маънавият йўқ" жумласини юлволиб, қўлма-қўл қилиб, турли қарши чиқишлар қилишни бошлаб юборишди. Бунинг замирида эса "маънавият" ва "маърифат" тушунчаларига, ҳаттоки ушбу соҳа ходимларига нисбатан ҳам кескин ва ошкора танқидий муносабат кўрсатишмоқда».

«Аччиқ бўлса ҳам тан олиш керакки, бозорларда аёл шаънига номуносиб ҳақоратли сўзлар ишлатадиган, жамоат жойи эканлигига қарамай, ҳаттоки бегона эркаклардан шарм қилмай, ёқа бўғиб, уришиб-талашиб кетадиган аёллар ҳам талайгина. Уларни ким ёки нима бундай жирканч ҳолатга олиб келди? Аввало ўзлари. Ўзларининг тарбиясизлиги, одобсизлиги, андишасизлиги, орсизлиги, яъни маънавиятсизлиги, маърифатсизлиги! Бундай вазиятларга ҳаммамиз кўп бора дучор келганмиз. Барчамиз ҳали кийим, ҳали озиқ-овқату бошқа эҳтиёж заруратидан тез-тез бозорга тушиб турамиз. Кези келганда, бундай нохуш вазиятларни жамоат транспортларида ҳам кузатишимиз мумкин. Шундай экан, қачонгача бундай беандишаларга нисбатан эътиборсиз бўламиз? Уларга дакки бериш, хатосини англатишдан тортинамиз. Ахир бозор турли ёш ва қарашдаги аҳоли гавжум маскан, ўзига хос муносабат майдони. Бу ердаги тартиб-интизом харидорларнинг ҳам, савдогарларнинг ҳам руҳиятига таъсир ўтказади. Даҳанаки уриш-жанжаллар, соч юлиб, ёқа бўғиб "кураш тушишлар" атрофдагиларга салбий таъсир этади, ҳатто баъзиларга намуна бўлади. Сирасини айтганда, бундай нохуш ҳолатларни бартаф этиш вақти ўтиб ҳам кетмоқда-ку», – дейилади «Халқ сўзи»да эълон қилинган мақолада.

Repost.uz веб-сайти бош вазир ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова билан интервюни эълон қилган.

Repost.uz мухбири бозордаги аёллар жамиятдаги энг ўткир муаммо эмаслигини эслатган, ундан кўра аёллар мардикор бозорини бартараф этишга эътибор қаратиш керак эмасми деб сўраган.

Хотин-қизлар қўмитаси раиси «наҳотки улар бизни фақат бозорлар билан шуғулланаяпти деб ўйлашади?» дейди.

Элмира Боситхонованинг айтишича, Хотин-қизлар қўмитаси мардикор аёллар муаммолари билан ҳам, маиший зўравонлик қурбонига айланган аёллар билан ҳам шуғулланмоқда.

«Мен Хотин-қизлар қўмитасининг бирламчи идорасини нафақат бозорда, маҳаллаларда ҳам ташкил этиш зарурлиги ҳақида гапирган эдим», – деган Боситхонова хоним.

Шунингдек, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Ўзбекистонда тўйлар дабдабали бўлиб кетаётганига аёллар сабабчи бўлаётгани, қизларнинг эрта ҳомиладор бўлиб қолаётганлари, хорижий мамлакатларда ўзбекистонлик фоҳишалар сони кўпайгани ҳақидаги саволларга ҳам жавоб қайтарган.