Ўзбекистондаги "Вақф" хайрия жамоат жамғармаси раиси Искандар Халиловнинг Би-би-сига айтишича, фонд учун сотиб олинган "Малибу-2" автомобили ҳар кунлик эҳтиёж учун минилмайди, чекка вилоятларга сафар ва хорижлик меҳмонларга хизмат қилишга мўлжалланган.

Интернетда "Вақф" раҳбарининг фондга келиб тушган маблағларга ўзи фойдаланиб юриши учун "Малибу-2" русумли автомобилни сотиб олгани ҳақида хабар тарқалди ва у кенг баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.

"Малибу-2" Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган энг қиммат автомобиль ҳисобланади, унинг нархи қарийб 276 миллион сўм ёки 32600 АҚШ долларига тенг.

"Вақф" хайрия жамоат фонди раҳбарияти автомобиль хайрия-эҳсонга тушган маблағларга эмас, балки жамғарманинг ўзининг асосий ҳисоб рақамидаги пулга харид қилинганини билдирди.

Жамғарманинг асосий ҳисоб рақамига эса пул Ўзбекистон мусулмонлари идорасидан келиб тушади.

"Вақф" хайрия жамоат фонди раиси Искандар Халиловнинг Би-би-сига айтишича, жамғарма учун автомобиль харид қилишдан кўзланган мақсад Ўзбекистоннинг чекка жойларида яшаётган инсонларнинг ҳам "Вақф" хизматларидан фойдаланишларига имконият яратиш.

Ва "Малибу"нинг хориждан келган меҳмонларга хизмат кўрсатиши ҳам кўзда тутилган.

"Биз фонднинг садақа, эҳсон-закот ёки камбағал, бева-бечорага бериладиган пулга машина олиб минадиган даражада уқувсизмидик?", – дейди Искандар Халилов.

"Вақф" хайрия жамоат фонди раиси Искандар Халилов билан суҳбатни тингланг.