Давлат мактабларига немис ва француз тиллари қайтарилади ва ўқув дастурлари ихтисослаштирилади. Бу ҳақда ҳукумат қарори лойиҳаси тайёрланган.

Бу тилларга ихтисослаштирилган мактабнинг асосий вазифаси умумий ўрта таълимнинг давлат стандартлари асосида замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда немис ва француз тилларини чуқур ўқитишдир.

«Охирги 2 йил давомида Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати янги босқичга кўтарилиб, Франция ва Германия давлатлари билан ҳар томонлама ҳамкорлик йўлга қўйилди. Хусусан, мамлакатимиз раҳбарининг Франция ва Германияга, шунингдек, Германия президентининг юртимизга ташрифи давомида имзоланган ўзаро ҳамкорлик алоқалари бўйича шартномалар бунинг яққол исботидир», – дейилади ХТВ ахборотида.

Бу икки тилда таълим қандай кучайтирилади?

  • Мактабга тажрибали маҳаллий ва хорижий ўқитувчилар жалб қилинади.
  • Таълим муассасаси ўқувчиларни республика ва халқаро фан олимпиадалари, танловлар, бошқа тадбирларга тайёрлайди.
  • 2019/2020-ўқув йилидан бошлаб сўнгги 10 йил давомида немис ва француз тили ўқитилиши тўхтатилган ёки бошқа хорижий тилларга алмаштирилган ихтисослаштирилган мактабларда немис ва француз тилларини ўқитиш қайта йўлга қўйилади.
  • Ҳар бир ҳудудда биттадан немис ва француз тилига ихтисослаштирилган мактаблар таянч мактаб сифатида белгиланади.
  • Немис ва француз тилларига ихтисослаштирилган мактаблар учун ўқув режаси ишлаб чиқилади.
  • 2019/2020-ўқув йилидан бошлаб немис ва француз тили ўқитувчилари учун малака ошириш курслари ташкил этилади.
  • Немис ва француз тиллари бўйича ўқитувчиларни қайта тайёрлаш истисно тариқасида бепул амалга оширилади.
  • 2019/2020-ўқув йилидан бошқа хорижий тиллар ўқитилаётган ихтисослашган мактабларда немис ва француз тиллари иккинчи тил сифатида жорий этилади.

Ихтисослашган мактабнинг 11-синф битирувчиларига Германиянинг TestdAF (Test deutsch als fremdsprache) ва Франциянинг TestDElF (Diplome d’etudes en langue Francaise) дипломлари берилади.

Ҳозир аҳвол қандай?

  • Ҳозир немис тили чуқурлаштириб ўқитиладиган мактаблар сони 4 тадан 9 та етган. Немис тили ўргатиладиган мактаблар сони 54 тага ортиб, жами 1677 тага, шунингдек, бу тилни ўрганаётган ўқувчилар сони 14,5 мингга ортиб, 355 мингга етган.
  • Француз тили ўргатиладиган мактаблар эса 44 тага ортиб, жами 1187 тага, француз тилини ўрганаётган ўқувчилар сони эса 7,8 мингга ортиб, 234,7 мингга етган.

Лекин сўнгги 10 йилда бу тилларни ўқитадиган мактаблар сони ҳам, ўқувчилар сони ҳам камайиб борган.